Ҳали иш кўп. Тожикистон ва Қирғизистон чегарасини аниқлаш суст боряпти

Боткенда деярли бир ҳафта давом этган учрашувда бўлгани 17 чақирим участкага аниқлик киритилди.

Қирғизистон олис Боткен шаҳрида кеча ниҳоясига етган учрашувда икки давлат ҳукуматлари делегацияларининг топографик ишчи гуруҳлари қисқа ҳудуд бўйича ажримга келишди. Лекин бу масала ҳал бўлди дегани эмас, бу ажримларнинг ҳаммаси ҳукуматлараро келишув асосида ва икки давлат раҳбарлари қўл қўйгандан кейингина расман тан олинади.

Қирғизистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг матбуот хизмати берган хабарга кўра, Боткендаги учрашувда томонлар “умумий узунлиги 17,66 км бўлган Қирғизистон-Тожикистон давлат чегараси чизиғи ўтадиган йўлнинг лойиҳа тавсифини ниҳоясига етказган”.

Шунингдек, томонлар чегара бўйича 2023 йилда икки томонлама ўтказиш мўлжалланган учрашувлар жадвали ҳақида ҳам келишиб олинди. Ушбу топографик гуруҳларнинг навбатдаги йиғилиши энди Тожикистон ҳудудида бўлиб ўтади.

Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг чегара масалалари бўйича махсус вакили Назирбек Бўрубоевнинг “Азаттиқ” нашрига берган маълумотига кўра, келишилган чегара участкалари асосан Лейлек вилоятитумани ҳудудида жойлашган. Бу ҳудуд икки давлат чегарасида доимий равишда бўлиб келаётган можаролар, жумладан қуролли тўқнашувлардан нисбатан ҳоли бўлган жой ҳисобланади.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаранинг узунлиги 970 километрдан иборат бўлиб, ҳозиргача унинг 519 километрлик участкаси ўзаро аниқланиб, бу бўйича томонлар бир қарорга келишган. Чегаранинг қолган қисми баҳслилигича қолиб келмоқда.

Шу йилнинг ноябрь ойида Қирғизистон президенти Садир Жапаров келаётган янги йилгача мамлакат раҳбарияти Тожикистон билан чегара муаммоларини ҳал қилишни режалаштираётганини айтган.

Бу гапларни президент қўшни Ўзбекистон билан чегаралар масаласи тўла ҳал бўлиши муносабати билан айтган. Ноябрь ойининг охирида икки давлат раҳбарлари чегара масаласига доир икки ҳужжатни имзолашган ва шу билан кўп йиллардан бери чўзилиб келаётган масалага нуқта қўйилган.

Энди шу кунларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара постларининг бир нечтаси очилиши ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Бу масалаларнинг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 10 декабрда Бишкекка қиладиган расмий ташрифи чоғида ҳал қилиниши кутилмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг