Ўзбекистон телеканаллари: Кўзингни юм, қулоғингни беркит…
Ўзбекистоннинг айрим телеканалларидаги кўрсатувларга жузъий фикрларимиз (иболи аёллар ўқимасин).
Биз Ўзбекистон телеканалларини кўриш учун „Смарт-ТВ” компаниясига ҳар ойда 400 қирғиз сўми (5 АҚШ доллари атрофида) тўлаймиз. Афсуски, каналлар 50-60 фоиз вақтни кока-кола, пепси-кола, ва чўнтакни вайрон қилувчи беҳуда дорилар рекламасига сарфламоқда. Наҳотки бу салобатли каналлар шу қадар қашшоқлашиб, ана шу меъдага теккан рекламалар маблағига қарам бўлиб қолишган бўлса?
Устига устак, бу дорилар ва ёки аёллар гигиенасига ҳамда эркаклар соғлигига оид воситалар кўрсатилиб, номлари жаранглатиб айтилаётганда биз уялиб, болаларга “кўзингни юм, қулоғингни беркит”, деб турамиз, қизлар, келинлар эса ерга қараб, шартта чиқиб кетишади.
Масалан, амизон, амизончик, амбро, олвейс, памперс, қистон, витарич, простамол уно, эркаклар жинсий қувватини оширувчи, ҳомиладорликни тезлатувчи, сийдик йўлини очувчи ва хоказо каби нарсалар.
Қорнини қаппайтирган аёл қўлида витарич билан бир оёғини баланд кўтариб, борлигини намойиш қилганига нима дейсиз?
Аёллар памперси – олвейс кўрсатилади, унга суюклик томади, бир беҳаё аёл уни тақиб, чаққонлигини ибосиз рақс билан намойиш этади. Цистит бўлган аёллар қорнидан пастроғини чанглаб, дорини – цистонни реклама қилишади. Ё алҳазар!
Овқатга энди қўл узатганингизда қип-ялонғоч бола, болалар памперси ва… боланинг икки жойидан чиққан бовул кўрсатилади. Ана сизга ёқимли иштаҳа!
Бу манзаралар суткасига 4-5 марта кўрсатилсаям майли, ҳар соатда 10-15-20 мартадан такрорланавериб, асабингизни бузади. Футбол чемпионатига чипта, 0580 рақамига кўнғироқ, кока-кола қопқоғи остидаги ютуқ рекламаси, уни эълон қилган суҳандоннинг қулоқни пармаловчи овози ҳар 5 дақиқада 50 мартадан тўхтовсиз такрорланаверса қандай „мазза”-а?!
Ёки “Тромбопол инсульт ва инфарктнинг олдини олади”, дея қулоғингизга ўрнаб қолган рекламанинг ортидан ижтимоий тармоқларда „Тромбопол ичманг, у ажалдан 5 кун аввал ўлдиради”, деган фикрлар айтилаётганига нима дейсиз? Яъни, реклама қилинаётган дориларнинг ҳаммаси ҳам фойдалими, уларнинг қандай зарарли томонлари бор? Афсуски, рекламада бу нарсалар ҳақида айтилмайди.
Рекламаям майли дейлик, туппа-тузук эл севган санъаткорларимизга нима бўляпти?
Шу йилнинг октябрь ойида („ZOR-TV”да бўлса керак) бир машҳур қизиқчимиз саҳнада беҳаё латифа айтиб берганида ёнимизда аёллар бор эди, ер ёрилмади, унга кириб кетмадик. Яъни чол ва кампир ётоғи. Чол „Қимирлаяпти” депти. Кампир, “Э, қўйинг”, дебди. Чол: “Сен нима деяпсан, ер кимирлаяпти”, дебди. Ана сизга уят, ана сизга маданият ва саҳна одоби!
„Севимли” телеканалининг „Эслаб, эслаб…” дастурида бир нарсанинг такрорланавериши жоизмикин? 2022 йилнинг октябри ва ноябрида такрорланавериб, сийқаси чиққан анонсида бир актёр баралла „у катта эмас, кичкина экан” деганида коса остида қандай ҳаёсиз нимкоса кўзда тутилганида, қатнашувчилар ўзлари қотиб-қотиб кулишини кўриб, биз ҳайратдан ёқа ушладик.
Ёки бўлмаса, кўрсатувнинг 15-19 ноябрларда берилган анонсларида машҳур санъаткоримиз бўйнини кўрсатиб „бу энангникими” деганида лол бўлиб қотиб қолдик.
Гап келганда, агар жоиз бўлса, севимли бошловчимиз Фарҳод Абдуллаевга бир таклифимиз бор. “Эслаб, эслаб…” деганда биз Ўзбекистон учун хизмат қилиб ўтган фидоий инсонларни –турли касб эгалари бўлган марҳумлар эсланар экан, деб кузатар эдик. Зеро, уларнинг ҳозиргача авлодларига ибрат бўла оладиган ишлари ва фазилатларини ёдга олиш катта савоб-ку?!
Масалан, юрт севган санъаткорларимиз Ҳалима Носирова, Саодат Қобулова, Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, Шукур Бурхонов, Олим Хўжаевлар, ўнлаб режиссёрлар, бастакорлар, Юсуфжон қизиқ каби аскиячилар, Жўрахон Султонов, Мамиржон Узоқов, Ҳабиб Абдуллаев, Иззат Султонов каби ўнлаб олимлар, ёзувчи ва шоирлар, арбоблар, эҳ-эҳ…
Номи тилга олинган инсонларимизни кўрганлар, билганлар кундан-кунга озайиб бораётгани бу ишни тезлаштиришни тақозо этади. Чунки бу инсонларнинг хотиралари биз учун жуда қизиқ ва фойдалидир. Тирик арбобларнинг эса умрлари узоқ бўлсин, уларни кўрсатишга улгурасиз, инша Аллоҳ!
Агар охирги таклифимиз ноўрин бўлса, узр сўраймиз. Лекин реклама ва беҳаё чиқишлар ҳақидаги фикрларимизни шикоят қатори қабул қилиб, уларга йшл қўймаслик учун телеканаллар раҳбарларигина эмас, тегилши вазирликлар ва давлатнинг мутасадди ташкилотлари чора кўрадилар деб умид қиламиз.
Абдуғани ҳожи Ўший, Оқбура, Ўш.
Расм интернетдан олинди