Боткен можароси: Йигирма миллионлик қарз кечилди, байрамларга чек қўйилди

Қирғизистоннинг Боткен вилоятида қирғиз-тожик урушида жабр кўрганларга қўллов давом этмоқда. 

Бугун, 29 ноябрь куни Қирғизистон Миллий банки Боткен ва Ўш вилоятларида жорий йилнинг сентябрь ойида Тожикистон билан чегарада содир бўлган қуролли можародан жабр кўрган аҳолининг банк ва молия-кредит ташкилотларидан олган қарзларининг бир қисми кечилишини маълум қилди.

Жумладан, 24 ноябрь ҳолатига кўра, 474 нафар қарз олган фуқаро қарзини кечиб беришларини сўраб ариза ёзган бўлса, уларнинг бир қисмига нисбатан 19 миллион 538 минг сомлик 300га яқин қарзлар ҳисобдан чиқарилди, яъни кечиладиган бўлди.

Айрим фуқароларга нисбатан 36 миллион сўмдан кўпроқ 155 қарз битимининг таркибий тузилиши ўзгартирилади. Яъни, уларнинг тўлаш муддатлари узайтирилади, ёки тўлов фоизлари камайтирилади.

Шунингдек Миллий банк республикадаги барча молия-кредит ташкилотлари ўзларига келиб тушган аризаларни кўриб чиқмоқда ва бунинг натижасида тегишли чораларни кўрадилар.

Шу вақтнинг ўзида Боткен вилояти раҳбарияти ҳам турли чора-тадбирларни кўрмоқда. Жумладан вилоят маркази бўлган Боткен шаҳар ҳокимияти маҳаллий аҳолига бир йил давомида, яъни 2023 йилнинг 31 декабригач турли байрам тадбирларини ўтказишга чекловлар қўйганини маълум қилди.

Боткен шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати берган хабарга кўра, байрамларни вақтинча тақиқлаш тўғрисидаги қарор қирғиз-тожик чегарасида 63 нафар қирғизистонлик ҳалок бўлган сўнгги қуролли можаро билан боғлиқ.

Бу чекловлар Мамалакатда нишонланадиган барча миллий байрамлар, яъни Янги йил, 8 март Халқаро хотин-қизлар куни, Наврўз, Ғалаба куни, Мустақиллик куни, сўнгги қўнғироқ, Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ва бошқаларга тегишли. Тақиқлов шу йилнинг 22 ноябридан тортиб кучга киради.

“Тез орада маҳаллий ҳокимликлар аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб боришни бошлайди”, – дейилади ҳокимлик тарқатган хабарда. Бу чекловнинг давлат конституцияси ва қонунларига қанчалик мос келиши ҳақида ҳали бирор ташкилот ўз фикрини айтмаган. Аҳоли орасида ҳам бу ташаббусга муносабат қандайлиги ҳозирча ноъмалум.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14-17 сентябрь кунлари Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида икки давлат ҳарбийлари ўртасида қуролли тўқнашув содир бўлди. Бунинг натижасида 63 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлиб, 200 дан ортиғи жиддий жароҳатланди. Чегарадаги қишлоқлардан 130 мингдан ортиқ аҳоли хавфсиз жойларга кўчирилди.

Тожикистон тараф можарода 41 киши қурбон бўлгани ҳақида хабар берса, Озодлик радиосининг тожик хизмати ўз манбаларига таянган ҳолда 81 киши ҳалок бўлганини маълум қилди ва уларнинг рўйхатини ҳам эълон қилди.

Қирғизистонда тузилган махсус комиссия хулосасига кўра, қуролли тўқнашув натижасида давлатга ва аҳолига 3 миллиард 130 миллион сўмлик зарар етказилган. Вазирлар маҳкамаси зарар кўрган ҳудудларни тиклаш учун 6-8 миллиард сўм атрофида маблағ ажратилишини маълум қилган. Лекин бузилган уйларни тиклаш ва бошқа ваъдаларнинг бажарилиши хусусида аҳолидан шикоятлар тушмоқда.

Қирғизистон раҳбарияти Тожикистонни қуролли босқинчиликда айблади, бунга жавобан Тожикистон ҳам Қирғизистонга худди шундай айблов қўйди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг