Қирғизистон парламенти чегара бўйича мунозарали битимни қабул қилди

Шу билан кўпдан бери мамлакатни ари уясидай ғувиллатиб келаётган масалага нуқта қўйилди.

Бугун, 17 ноябрь куни Қирғизистон Жўғўрқу Кенеши (парламенти) Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасида имзоланган икки ҳужжатни, Кампиробод сув омборини биргаликда бошқариш ва давлат чегараларининг айрим участкалари бўйича келишувни кўпчилик овоз билан қабул қилди.

Депутатлар бу ҳужжатларни биратўла уч ўқишда қабул қилишди. Охир оқибатда овоз бериш учун рўйхатдан ўтган 83 депутатнинг 65 нафари бу ҳужжатларни ёқлаб овоз беришса, 18 депутат қарши овоз берган. Етти депутат овоз беришда иштирок этмади.

Қарши овоз берган депутатлар орасида мамлакат президенти Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевларнинг сиёсий сафдоши ва дўсти, собиқ парламент раиси Талантбек Мамитов ҳам бор. Мамитов бугунги кунгача Қирғизистонни бошқариб келаётган сиёсий учликнинг бири бўлиб, Жапаров ва Ташиевлар билан ҳокимиятга бирга келишган эди. Бир ярим ой аввал у ўз ихтиёри билан спикерлик лавозимидан воз кечган ва бу қарорни кўпчилик айнан Кампиробод масаласи билан боғлаб, Мамитовнинг бу қарорга қарши эканини тахмин қилишган эди.  

Юрт тақдири билан ўйнашманг

Парламент йиғилишида президент Садир Жапаров иштирок этиб, нутқ сўзлади, муҳокамаларда иштирок этди ва депутатларни ушбу битимларни қабул қилишга даъват қилди. Унинг фикрича, кун тартибидаги битимларга қарши овоз бераётган депутатлар буни “ўз шахсий манфаатларидан келиб чиқиб қилмоқдалар”.

“Бугун қаралаётган масала давлатнинг бутунлиги ва хавфсизлиги билан боғлиқ, – деди Жапаров депутатларга мурожаат қилар экан. – Унга шахсий ҳафагарчиликларга таяниб муносабатда бўлмаслик керак. Айримлар, бошингни қотирмай бу масалани кейинга қолдириб қўяқол, дейишмоқда. Бунақада бўлмайди. Агар бу масалани бугун қарамасак, кейин яна шундай фойдали битимга келишимиз қийин бўлади”.

Ўзбекистонда аҳоли сони тобора ортиб бораётганини айтар экан, бу мамлакатда ерга бўлган талаб янада кучайишини таҳмин қилди. Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси 35 миллиондан ошган бўлса, Қирғизистон аҳолиси яқинда 7 миллионга етди.

“Шунинг учун бу масалани ҳал қилишни кейинга қолдирсак, 19 минг гектар эмас (имзоланган битимлар асосида Қирғизистон айнан шунча майдондаги ерни қўлга киритяпти. – Таҳр.), 1 сотих ер учун қон тўкилиши мумкин. 30 йил ичида чегара масалалари туфайли қанча одам ўлганини ўзинглар биласизлар”, – деди президент.

Чегара масаласини ҳал қилишдаги қийинчиликларга мисол тариқасида ва депутат Адахан Мадумаровнинг танқидий сўзларига жавоб берар экан, Садир Жапаров бугунги кунда Тожикистон билан чегара бўйича музокаралар ҳақида ҳам айтиб ўтди.

“Биз айнан сиз ва сизга ўхшаган раҳбарлар авваллари бериб юборган ерларимизни қайтариш билан оворамиз, – деди Жапаров айнан Адахан Мадумаровнинг Тожикистон билан чегарадаги Қирғизистонга тегишли ерни қўшниларга ўтиб кетишига сабаб бўлган протоколга имзо чекканига шама қилиб.

Президентнинг айтишича, энди ўша энг мунозарали ҳисобланиб, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида қатор қуролли жанжалларга сабаб бўлаётган “Тўрткўча” участкасига нейтрал мақом бериш хусусида келишиб олинганини маълум қилди. 

«Биз унга нейтрал, статус-кво мақомини берамиз. На бизники, на уларники бўлмасин, деб уларни кўндирдик. Агар улар кейинроқ ўз фикрини ўзгартирмасалар. Ҳудуд нейтрал бўлади – [бу участка орқали] биз Лайлак туманига ўтяпмиз, улар Хўжа-Аълога қишлоғига ўтишяпти”, – деди президент.

Жапаров тожикистонликларнинг ушбу нейтрал ҳудудда жойлашган 20 хонадони ва қирғизистонликларнинг 3-4 уйи бошқа жойга кўчирилиши ҳам амаълум қилди.

Парламент йиғилишида икки давлат ўртасидаги чегара масалалари бўйича комиссия раиси, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раҳбари Қамчибек Ташиев Ўзбекистон Республикаси билан имзоланган шартнома лойиҳаси юзасидан тушунтириш берди. Ташиев кўплаган мунозараларга сабаб бўлган Кампиробод сув омбори остидаги ерлардан ташқари, “Ўзбекистонга бирор қарич ҳам ортиқча ер ўтказилмаганини” айтди.

“Бундан ташқари, бир сотих ҳам ер қўшни давлатга ўтказилмаган. Бунинг учун мен жавобгарман. Биз сув остида жойлашган 4485 гектар ерни бердик, тамом. Бошқа қишлоқларда, участкаларда, ҳеч нарса берилмаган”, – деди Ташиев ва фақат Ўзган тумани ҳудудидаги 19,5 гектар ернинг ана шундай ўлчамдаги бошқа ерга алмаштирилганини маълум қилди.

Сийқаси чиққан даъво

Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара ва бошқа масалалар муҳокама қилинганда қирғизистонлик сиёсатчиларнинг айримлари кўпдан бери қўшниларга берилаётган сув учун пул олиш ва ёки сувни Ўзбекистонда чиқаётган газга алмаштиришни таклиф қилиб келишган. Айниқса, сайловлар пайтида бу гаплар сиёсат ва иқтисодиётдан хабари бўлмаган сайловчиларнинг овозини олишда кўп қўлланилган. Бу сафар ҳам бу мавзу четда қолмади.

Яқин бир ой ичида бугунги ҳокимиятга очиқча қарши чиқа бошлаган депутат Тазабек Икрамов Қирғизистондаги дарёлардан оқиб ўтаётган сув эвазига Ўзбекистондан газ олишни таклиф қилди.

“Қўшнилар бизнинг сувдан [бепул] фойдаланиб, бундан фойда олишади. Биз Кампиробод сувини ҳеч бўлмаса Россия орқали ўзбек газига алмаштиришимиз мумкин эди”, – деди депутат.

Қамчибек Ташиев бунга қаттиқ эътироз билдирар экан, бундай қилиш учун ҳозир зарур шароитлар йўқ эканини айтди. Шунингдек у депутатни бу гапларни одамларга ёқиш мақсадида айтаётганини таъкидлади.

“Бугунги вазият биз туғилмасимиздан олдин юзага келган, – деди Ташиев. – Ўзбекистон 70 йил давомида бизнинг сувимиздан фойдаланиб келади. Бу шароитни биз тузганимиз йўқ… Сувни сотишни истаганимизда ҳам, буни қилолмаймиз. Сув омбори бор, сув у ерда тўпланиб, Ўзбекистонга оқиб ўтади. [Масалани ҳал қилиш учун] бошқа битим керак”.

Бунгача Ташиев бошқа депутатларнинг саволларига жавоб бериш давомида Кампиробод сув омборининг собиқ Совет Иттифоқи даврида ва тўлалигича Ўзбекистон томонидан қурилганини айтиб ўтган эди.

Тинчлик барқарор бўлади

Ҳар икки битим қабул қилингач, президент Садир Жапаров депутатларга миннатдорчилик билдириб, улар масъулиятни ўзларига олиб, жиддий масалага нуқта қўйганларини таъкидлади. Унинг айтишича, агар тўсиқлар бўлмаса, янги йилга қадар Тожикистон билан ўртадаги чегара масалалари ҳам тўла ҳал бўлади.

“Биз тўрттала чегарадош мамлакатлар билан тинч-тотув ва дўстликда яшашимиз керак. Чегарада бирорта фуқаро, бирорта солдат ҳалок бўлмаслиги керак. Биринчи галда биз шу ҳақда ўйлашимиз лозим”, – деди президент.

Жапаров Ўзбекистон билан битим имзолангач, мамлакат ҳудуди аввалги 199 минг квадрат километр ўрнига 210 минг квадрат километр бўлишини эслатди.

“Тожикистон билан масалани ҳал қиламиз. Биз бутун ва хавфсиз Қирғизистон бўлишимиз керак. Ҳозир биз бутун эмасмиз. Биз ҳозир ҳамма нарсани қайтадан тиклаяпмиз. Буни сизлар кўрдинглар, буни биз ҳужжатлар асосида кўрсатдик. Чегара масалалари ҳал бўлгач… нафақат бизнинг мамлакатимизда, балки бутун Марказий Осиёда тинчлик ўрнатилади”, – деди Садир Жапаров.

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон парламенти тилга олинган битимларни бир неча кун аввал ратификация қилган. Хуллас, икки давлат ўртасида 30 йилдан бери ҳал бўлмай келаётган чегара масаласига бугун нуқта қўйилди. Буни шубҳасиз икки биродар туркий давлатлар ўртасида тобора яхшиланиб бораётган ўзаро иқтисодий-сиёсий, маданий ва бошқа соҳалардаги муносабатлар ривожининг янги бир босқичи сифатида баҳолаш мумкин.

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг