Қирғизистон: сўз эркинлигига босим ўтказиш давом этмоқда

Мамлакат парламенти “Азаттиқ” радиоси журналистларини аккредитациядан маҳрум қилди.

Қирғизистон парламенти “Озодлик” радиоси қирғиз хизмати бўлган “Азаттиқ Медиа” журналистларининг аккредитациясини тўхтатгани ҳақида маълум қилди. Яъни, энди “Азаттиқ” журналистлари парламент йиғилишларида ва парламент матбуот хизмати ўтказган расмий маълумот тадбирларида иштирок эта олмайдилар.

Бу қадам Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлигининг “Азаттиқ Медиа” сайтларини икки ой муддатга блокировка қилиш ҳақидаги фармони асосида қабул қилингани айтилди.

“Азаттиқ” радиоси Қирғизистон мустақилликка эришгунига қадар ва айниқса, ундан кейин мамлакатда асосий мустақил ва энг таъсирли оммавий ахборот воситаси сифатида ишлаб келяпти. Қирғизистондаги асосий сиёсий ва иқтисодий воқеаларни кенг ёритиш билан мамлакатдаги сиёсий-иқтисодий, ижтимоий-маданий вазиятга бевосита таъсир кўрсатиб келади.

Мамлакатда 2005, 2010 ва 2020 йилларда юз берган ва расман “инқилоб” деб аталган уччала ҳокимият алмашинувида ҳам жуда муҳим муҳим рол ўйнаган. Чунки ҳокимиятга қарши кучлар “Азаттиқ”дан асосий, аксари ҳолларда ягона мустақил ва кенг қамровли минбар сифатида фойдаланиб келишган.

Тақдирнинг тақозоси билан ҳар сафар ҳам мустақил журналистлар кўмагида ҳокимиятга етишиб олган собиқ мухолифатчилар эркин оммавий ахборот воситаларига, жумладан “Азаттиқ” радиосига босим ўтказа бошлайдилар. Бугунги ҳокимият ҳам айнан шу йўлдан бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, вазирлик 26 октябрда «Азаттиқ»ни блоклашга қарор қилди. Бундан олдинроқ эса Миллий телерадиокомпания ва НТС хусусий телеканали «Азаттиқ Медиа»нинг теле ва радио дастурларини эфирга узатишни тўхтатган эди. НТС канали раҳбари Айдай Исақова бунга нима сабаб бўлганини маълум қилмасада, «Азаттиқ»нинг кўрсатувлари ҳокимият органлари билан муаммолар ҳал этилмагунча эфирга узатилмаслигини айтди.

Афтидан бу сафар ҳокимият сўз эркинлигига қарши астойдил бел боғлаган кўринади. Жумладан, 31 октябрь куни Қирғизистонда ишлайдиган Туркия ишбилармонларига қарашли “Демир Банк” “Азаттиқ Медиа”нинг ҳисоб рақамлари блоклангани ҳақида оғзаки хабар берган. Икки кун ўтиб эса “Демир Банк” ҳисоб рақамларининг ёпилиши “Террорчилик фаолиятини молиялаштириш ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун асосида амалга оширилганини маълум қилди.

“Озодлик” радиоси раҳбарияти бу қадамларни Қирғизистонда эркин оммавий ахборот воситаларига нисбатан таъқиб сифатида баҳолади ва Қирғизистон расмийларини бу амалиётдан воз кечишга чақирган баёнот тарқатди. “Азаттиқ”қа нисбатан кўрилаётган бу босим ўтказиш чоралари мамлакатда умуман журналистлар ва эркин фикрловчи фаолларга қарши кучайиб келаётган қувғин қилиш сиёсати фонида юз бермоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг