Ўз оғзидан: Чегарадаги аҳвол ҳақида бутун олам билди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров БМТ минбаридан бу ҳақда батафсил айтиб берди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров БМТ Бош ассамблеясининг 77-сессиясида нутқ сўзлаб, Тожикистон билан чегарада юзага келган муаммо ҳақида батафсил айтиб берди.

“Тожикистон томоннинг ўтган йилларда ва яқинда қонунга хилоф равишда Қирғизистон ҳудудига ҳужум қилгани ҳақида бизда ҳужжатлаштирилган далиллар бор, – деди Садир Жапаров. – Биз ҳеч қачон биринчи бўлиб ҳужум қилмаганмиз ва қилмаймиз ҳам. Биз қурол ишлатмасликка ҳаракат қиламиз ва қуролсиз, тинч аҳолига ўқ отмаймиз. Биз Тожикистон томоннинг тажовузига яраша жавоб бериш билан чекланяпмиз, холос”.

Жапаров Қирғизистоннинг Тожикистон билан “исталган шаклда, халқаро меъёрлар асосида, юридик ва маданий йўл билан” музокаралар юритиш жараёнини давом эттиришга тайёр эканини ҳам қўшимча қилди.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон касаллигини важ қилиб, БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишига бормаган. Бугунги кунда экспертлар унинг ҳокимияти жиддий инқирозга юз тутгани, Қирғизистонга қилган ҳужуми ҳам ўзининг тушиб кетган обрўсини тиклаш ва ҳокимиятини сақлаб қолишга интилиш бўлгани ҳақида айтишмоқда.

Ассамблея йиғилишидан сўнг, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ўз ваъдасига кўра Садир Жапаровни қабул қилди.

Қирғизистон президенти Бош котибга ҳам Тожикистон томонидан амалга оширилган тажовуз ва қирғиз-тожик чегарасининг бутун периметри бўйлаб турли, жумладан оғир техникадан ўққа тутилгани ҳақида гапириб берди.

Ўз навбатида Антониу Гутерриш Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли тўқнашувда одамларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан Қирғизистон халқига ҳамдардлик билдирди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14-17 сентябрида Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари ўртасида қуролли тўқнашув содир бўлди. Бунда ҳар икки томон бири бирини айбламоқда. Тўқнашув натижасида 59 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлди, уларнинг 40 нафари ҳарбийлар. 200 дан ортиқ қирғизистонлик яраланди. Ўнлаб объектлар – уйлар, мактаб, боғча ва бошқа ижтимоий муассасалар, ҳарбий объектлар қисман ёки тўлиқ вайрон қилинди. Тожикистон билан чегарадош қишлоқлардан 140 мингдан ортиқ аҳоли хавфсиз жойларга кўчирилди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги чегарадаги можарода 41 киши қурбон бўлгани ҳақида хабар берди. Озодлик радиоси эса ўз манбаларига таянган ҳолда олтмишга яқин тожикистонликнинг ҳалок бўлганини ёзиб чиқди.

Икки томондан ўқ отишни тўхтатиш ҳақида ва тинчлик протоколи имзоланганига қарамай, чегарадаги вазият хавотирли ва таранг ҳолда қолишда давом этмоқда. Бунгача ҳам икки давлат ўртасида бир неча бор ўқ отмаслик ёки ўқ отишни тўхтатиш ҳақида ҳужжатлар имзоланган, лекин уларни Тожикистон тараф мунтазам бузиб келган. Шу вақтнинг ўзида тожик расмийлари битимларни бузишда Қирғизистон томонни айблаб келади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг