Барибир судлашди. Журналист суд ҳукмига шикоят келтирмоқчи

Прокурор мустақил Next TV директори Таалай Дуйшенбиевни 7 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган эди.

Бишкекнинг Биринчи май (Первомайский) тумани суди 21 сентябрь куни  мустақил Next TV телеканали директори Таалай Дуйшенбиевни 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Суд Дуйшенбиевни миллатлараро низони қўзғаш ва бошқаларда айбдор деб топди ва умумий ҳисобда журналистни 5 йилга озодликдан маҳрум этишга, лекин қамоқ жазоси ўрнига 3 йиллик муддатга пробация назоратига ўтказиб беришга қарор қилганини эълон қилди.

Дуйшенбиевнинг адвокати Тимур Султанов журналистларга бундай “шартли синов”га рози эмаслигини ва суд қарори устидан Бишкек шаҳар судига шикоят қилишини айтди.

Бунгача судда давлат айбловчиси суддан Таалай Дуйшенбиевни миллатлараро адоват қўзғашда айбдор деб топиб, 7 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган эди. Бу мамлакатдаги медиа жамоатчилигининг чуқур норозилигига сабаб бўлган. Дуйшенбиевнинг ҳамкасблари ва қатор халқаро ташкилотлар журналистга қўйилган айблар асоссиз эканини айтишиб, унинг озод қилинишини талаб қилмоқдалар.

Жорий йилнинг 3 мартида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Next TVга нисбатан миллий адоват қўзғатиш айби билан жиноий иш қўзғаган. Тергов маълумотларига кўра, телеканал “Қозоғистон разведка хизматининг собиқ раҳбарига ишора қилиб, гўёки Россиянинг Украина ҳудудида олиб бораётган махсус операцияси давомида Қирғизистоннинг  Россияга ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича келишувга эришилгани ҳақида ёлғон маълумот тарқатган».

Журналист эса, бўлгани ўз манбасининг фикрини баён қилиб, бу гапларнинг ростлигини тасдиқлайдиган бирор гап айтмаганини таъкидлаб келади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг