Қирғизистон: Маҳбуслар пойтахтдан четга чиқарилади

Ҳукумати бошлиғи беш йил ичида Бишкекдаги қамоқхоналар шаҳардан чиқарилишини айтди.

Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров собиқ 47-колонияни демонтаж қилиш жараёни билан танишиш чоғида яқин 5 йил ичида Бишкекда аҳлоқ тузатиш колониялари қолмаслигини маълум қилди.

Жорий йилнинг июнь ойида Вазирлар маҳкамаси Бишкекдаги 47-сонли колонияни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган. Нисбатан янги анжомлар билан жиҳозланган касалхонаси бўлгани боис, колония маҳбуслар орасида “касалхона” номи билан машҳур эди. Унинг тиббий, маиший ва бошқа хизматлари Новопокровка қишлоғидаги 8-колония ва Молдовановка қишлоғидаги 27, 31 махсус муассасалар ҳудудига ўтказилди.

Собиқ 47-сонли ахлоқ тузатиш колонияси ўрнида кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган. Бу колонияда 2020 йилнинг июль ойида машҳур ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров вафот этган. То бузиш ҳақида қарор қабул қилингунига қадар бу ерда Қирғизистоннинг собиқ презденти Алмазбек Атамбаев ҳам қамалиб ётган эди.

Бу колониянинг кўчирилишига асосий сабаб унинг ҳаддан ташқари эскириб, кўча деворлари нураганлиги ва кўп жойларда қулаб тушаётгани сабаб бўлган. Қолаверса колония атрофи бора-бора шаҳарнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудида айланиб қолган эдики, бу ҳолат Жапаровнинг сўзларига кўра, “ҳам колонияга, ҳам жамоат хавфсизлигига хавф туғдираётган эди”.

Айрим маълумотларга кўра, Қирғизистондаги колония ва тергов изоляторларининг “ёши” 60 йилдан 120 йилгача етади. Яъни уларнинг бир қисми собиқ совет даврида ва ҳатто Чор Россияси даврида қурилган ертўла бинолардан иборат.

Айни пайтда Қирғизистонда 11 та ахлоқ тузатиш колонияси мавжуд бўлиб, улардан 4 таси умумий режим, 3 таси қаттиқ режим. Қолган махсус режимдаги колонияларда жазо ўтаётган эркак ва аёллар, ўсмирлар ва сил касаллигига чалинганлар жойлашган.

Бишкекда иккита ахлоқ тузатиш муассасаси: 1-СИЗО (тергов изолятори) ва 32-сонли очиқ колония (поселение) қолган. Жой етишмаслиги сабабли 1-СИЗОда умрбод қамоққа ҳукм қилинган ва узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинганлар ҳам сақланади. У ерда умумий ҳисобда 2000 атрофида маҳбуслар бор.

Жазони ижро этиш хизматининг 2020 йил декабрида берган маълумотларига кўра, мамлакат колонияларида 9 мингдан ортиқроқ маҳбус сақланади. Улардан 36 фоизи оғир жиноятлар учун қамалган бўлса, 38 фоизи ўта оғир жиноятлар содир этишган.

Жамоатчилик ва халқаро ташкилотлар Қирғизистон турмаларидаги шароит оғир эканини қайд этиб, расмийларни бу вазиятни ўнглашга даъват қилиб келишади. Охирги йилларда маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббуси ва халқаро ташкилотларнинг молиявий ёрдамида мамлакатдаги бир қанча тергов изоляторлари ва турмаларида шароит ўнгланган ва умрбод қамалганлар учун алоҳида камералар қуриб берилган.

Расмийлар бу оғир вазиятни яширмайдилар ва қамоқхоналардаги аҳволни кузатиб бориш учун маҳаллий фаоллар ва чет эл ташкилотлари вакилларининг турмаларга махсус талаблар асосида кириб чиқишларига тўсқинлик қилмайдилар.

Оқбура, Бишкек

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг