Миллатимизнинг, ватанимизнинг чинакам жонкуярларидан эди
Қирғизистонлик таниқли ишбилармон, халқпарвар ва камтарин инсон Шухрат Камолов орамиздан кетди.
Қирғизистондаги ўзбек жамоатчилиги, умуман миллатимиз оғир жудоликка учради. Оғир хасталик узоқ йиллар давомида ўзбек жамоатчилиги фаоллари қаторида муносиб ўринга эга бўлиб келган таниқли ишбилармон, халқимиз қайғусини ўзиникидек қабул қилиб, ҳамиша эл хизматига камарбаста бўлиб келган дўстимиз, Боткен вилояти Ўзбек маърифат ва маданият маркази раҳбари Шухрат Камоловни 58 ёшида орамиздан олиб кетди.
Шухрат Камолов 1964 йилнинг 2 августида Қирғизистоннинг ҳозирги Боткен вилоятида туғилган. Узоқ йиллар давомида ишбилармонлик билан шуғулланиб келган миллатпарвар бу инсон ўз фаолиятини Ўзбек миллий-маданий марказининг иши билан уйғунлаштириб келди. Ўзбек жамоатчилиги йиғилишларида фаол иштирок этиб, мавжуд муаммолар ҳақида дадил, очиқ-ойдин гапириб, уларни ҳал қилишда баҳоли-қудрат хизмат қилиб келди. Миллат манфаатлари йўлида на маблағи ва на вақтини аямас эди.
Машъум 2010 йилги июнь воқеаларидан кейин, Қирғизистондаги ўзбек тилида чиқувчи мустақил газета ва телеканаллар иши бутунлай тўхтатилди, айримлари рейдерлик йўли билан бошқалар қўлига ўтди. Ана шундай шароитда мамлакатдаги ўзбек миллати вакилларига она тилида маълумот етказиб беришни йўлга қўйиш мақсадида Бишкек шаҳрида ўзбек тилида “Олам” газетаси чиқа бошлади.
Бу ғоянинг ташаббускори, табиатан интернационалист бўлган Шухрат Камолов ўзининг ҳамфикр қирғиз биродарлари билан шу ишга қўл урди. Бир неча йил давомида унга бевосита бош-қош бўлди, шахсан ҳомийлик қилиб, газетанинг асосий ҳаражатларини ўзига олди. Ўрни келганда бош муҳаррир сифатида фаолият кўрсатди.
Кўп йиллар давомида нафақат Боткен вилоятида, балки республика миқёсида ҳам ўтказилган турли маданий-сиёсий тадбирларда фаол иштирок этди, уларга бевосита раҳбарлик қилди. Ўзининг жонкуярлиги, меҳнатсеварлиги ва халқига, ватанига, миллатига бўлган чексиз муҳаббати туфайли эл орасида қадр топди, ҳурмат қозонди.
Шухрат Камолов жуда очиқкўнгил, қалби дарё, оддий ва камтарин инсон эди. Ўзи ҳақида маълумот тарқалишига кўп ҳам қизиқмас, бу ҳақда журналистларнинг таклифларига мулойимлик билан рад жавобини берарди. Жумладан, сайтимизда интервью қилиш таклифини ҳам рад қилмасада, кейинга суриб келаётган эди.
Шухрат Камоловнинг мардлиги, фидокорлигига доимо гувоҳ бўлиб келган дўстлари ва сафдошлари унинг оила-аъзоларига, яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради. Дўстимизнинг ёрқин хотираси қалбларимизда узоқ йиллар давомида сақланиб қолади.
Аллоҳ бу инсонни раҳматига олиб, охиратини обод қилсин!
Бир гуруҳ дўстлари номидан “Оқбура” сайти жамоаси.