Ислом бирдамлиги ўйинлари: Қирғизистон иккита олтин медални қўлга киритди

Мусобақаларда Қирғизистон спортчилари 54 давлат ичида ўнинчи ўринни эгаллаб туришибди.

Қирғизистонлик таниқли курашчи қиз Айсулуу Тинибеқова ва яна бир курашчи йигит Эрназар Ақматалиев Туркияда ўтаётган Ислом бирдамлиги ўйинларида бирин-кетин олтин медалларни қўлга киритишди. Бунгача республика терма жамоаси спортчилари биттадан кумуш ва бронза медалларини енгиб олгандилар.

Айсулуу Тинибеқова финалда гвинеялик рақибасини 11:0 ҳисобида маҳлубиятга учратса, Эрназар Ақматалиев эронлик курашчини 6:0 ҳисобида енгиб олди. Токио-2021 Олимпиада ўйинларининг кумуш медали соҳибаси Айсулуу Тинибекова 2017 йили Озарбайжонда ўтган мусобақаларда ҳам олтин медални қўлга киритган эди. У қизлар орасида эркин кураш бўйича тўрт марта Осиё чемпиони, икки марта жаҳон чемпиони бўлган, жаҳон кубоги эгаси сифатида ном қозонган.

Ёш курашчи Эрназар эса шу йилнинг апрелида эркин кураш бўйича Осиё биринчилигида кумуш медални ютиб олган.

Икки олтин медални қўлга киритгач, Қирғизистон терма жамоаси Ислом бирдамлиги ўйинларининг турнир жадвалида 19 ўриндан 10 ўринга кўтарилишди.

Туркиянинг Кўня шаҳрида ўтаётган бу мусобақаларда 54 давлатдан 4000 нафарга яқин спортчи иштирок этмоқда. Ўйинлар 9 августда бошланиб, 18 августгача давом этади.

Қирғизистон спортчилари 2017 йилда Бокуда ўтган ўйинлар натижаларига кўра 4 олтин, 5 кумуш ва 8 бронза медали билан турнир жадвалида 10 ўринни эгаллашган эди.

Ислом бирдамлиги ўйинларини ўтказиб туриш ҳақидаги қарор 1979 йили Покистонда 42 мусулмон давлатларининг ташқи ишлар вазирларининг учрашувида қабул қилинган. Битимга кўра, ислом давлатлари спортчиларини Олимпиада ўйинларига яхшироқ тайёрлаш мақсадида Ислом бирдамлиги ўйинлари 4 йилда бир, Олимпиада ўйинларидан бир йил аввал ўтказилиб туриши керак эди. Лекин турли сабабларга кўра бу мақсад тўла амалга ошмай келди.

Биринчи ўйинлар 1980 йили Туркиянинг Измир шаҳрида ўтказилган. Мусобақаларга 42 давлат спортчилари таклиф қилинган бўлсада, уларга бор-йўғи 10 давлатдан спортчилар келишган, холос. Қолган давлатлар бошқа масалада бирдамлик кўрсатдилар. Улар 1979 йили СССР Қуролли кучларининг Афғонистонга киритилишига норозилик билдиришиб, ўйинларга бойкот эълон қилишган.

Кейинги ўйинлар 1983 йили Саудия Арабистонида ўтказилиши керак эди. Лекин турли сабабларга кўра ўша йили мусобақалар ўтказилмади. Турли йилларда яна 3 ўйин ўтказилгач, бешинчи ўйинлар коронавирус пандемияси сабабли 2021 йилдан 2022 йилга кўчирилган эди.

Ҳозирча Туркиядаги ўйинларда Марказий Осий давлатларидан Ўзбекистон турнир жадвалида 3 ўринни эгаллаб турибди (39 медал). Қозоғистон 6 ўринда (16 медал), Тожикистон ва Туркманистон ўйинчилари ҳали ўзларининг борлиги ҳақида нишона беришгани йўқ.

Турнир жадвалида мезбонлар – Туркия спортчилари 79 медал билан пешқадамлик қилишмоқда. Иккинчи ўринни эронликлар эгаллаб туришибди.

Оқбура, Бишкек.

Расмда: Кўнядаги ўйинларнинг очилиши. (Интернетдан олинди)

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг