Ўшлик дорбозлар Россия шаҳарларида ҳам ўз шайдоларини топмоқдалар

Раҳмоновлар сулоласининг бетакрор ва хатарли санъати татар халқининг олқишига сазовор бўлди.

Дилмурод  Раҳмонов бошчилигидаги “Ҳазрат Али” дорбозлар гуруҳи одатга кўра дор ўйинларини ўзбек миллий мусиқа чолғу асбоблари, карнай ва сурнай сдолари остида халқни томошага чорлаш билан бошлайди.

Мана 20 йилдирки, дорбоз  Раҳмоновлар сулоласи Россиянинг турли ҳудудларида ўз ҳунарларини намойиш қилиб келмоқда. Бу сафар улар Татаристонда сафарда бўлдилар.

Дор ўйинларини кўрмаган, маҳоратли дорбознинг бетакрор ҳаракатларидан завқ олмаган инсон бўлмаса керак. Зеро, қарийб икки ярим минг йиллик тарихга эга бўлган бу санъат эгаларининг томошалари халқимизнинг байрам сайилларини ҳамон безаб келади.

Ўшлик Раҳматилло дорбознинг ота-боболари ҳам машҳур дор усталари бўлган. Раҳматилло ҳам бугунги кунда аждодлари ҳунарини халққа намойиш қилиб, байрам тадбирларида элга хушнудликни тақдим этиб келмоқда.

“Томошаларимиз очиқ осмон остида бўлади. Энг асосийси, томоша учун ҳеч қандай чипта сотилмайди. Ҳалол меҳнат билан ишлаймиз. Баландлиги 12 метр бўлган дор устида ўйнаймиз”, – дейди Раҳматилло дорбоз.

Ҳақиқатданам, кам халқларда учрайдиган кўча санъатлари каби дорбозларда ҳам чипта сотилмайди. Томоша давомида санъаткорлар томошабинлар орасини айланиб чиқадилар в ҳар ким кўнгилдан чиқарганини тўнкарилган қалпоқ ёки ёзилган чорсига ташлайдилар.

Ҳозирда дорбозлик, дор ўйини баланд дор устида томоша кўрсатиш санъати – цирк ўйинларидан бири ҳисобланади. Унда дор устида ҳар қандай нотурғун ҳолатда ҳам гавда мувозанатини сақлаб туриш маҳорати намойиш этилади.

Дор ўйинларининг пайдо бўлиши тарихи ҳақида турли маълумотлар мавжуд. Ўшдаги уста дорбозлардан Алишер Ҳожиматовнинг сўзларига кўра, қадимдан қалъаларга ҳужум қилишда, шаҳарларни ишғол қилишда дор устида юриш санъатидан фойдаланилган.

“Шу орқали дор устида юришни ўрганиш бошланган. Дор ўйинларига назар солсангиз, унда жанг вақтида қўлланган айрим унсурлар ҳалигача сақланиб қолганини кўриш мумкин”, – дейди Алишер Ҳожиматов.

Устазода дорбозлар сулоласининг яна бир вакили Лочинбек Ҳожиматов 3 ёшидан дор устида юради. Унинг сўзларига кўра, 15 метрлик баландликдаги дор устида оёқ боғланмайди, ҳеч қандай ҳимоя воситаси бўлмайди.

“Дор устида турли ўйинларни намойиш қилиш керак. Ана шундай кўринишлардан бири қуёшга ўхшаб айланиш усули дейилади. Шу усулни қўллаганимда дордан йиқилиб ҳам тушганман. Лекин чекинмадим. Ҳозирги кунгача санъатимни давом этдириб келяпман”, –  дейди Лочинбек Ҳожиматов.

Хусусан, қадимдан юртимизда тўй-томошалар, байрамлар халқ ўйинлари билан янада файзли кўтаринки руҳда ўтган. Энг оммавий бўлган миллий ўйинлар, улоқ, кўпкари ва кураш сингари дорбозлик ҳам тўй ва байрамларнинг севимли томошасига айланган.

Дорбоз Алишер Ҳожиматовнинг таъкидлашича, Ўшда ҳам 100-150 йил илгари кучли дорбозлар бўлган. Ўтган асрнинг етмишинчи йилларидан бошлаб Равшанбек Комилов исмли дорбоз Ўш дорбозчилигининг ривожланишига катта хисса қўшган.

Аслида дорбозлик санъат даражасига кўтарилган спорт ҳисобланади. Зеро, дорбознинг ҳаракатларини кузатсангиз, унда гимнастика, оғир тошлар билан ўйнаш, акробатика ва яна шунга ўхшаш кўплаб спорт турлари элементларини кўриш мумкин.

Қолаверса, дорбозлик сирлари билан ўртоқлашган Алишер Ҳожиматовнинг эътироф этишича, дор устида юришни ўрганиш учун тинимсиз шуғулланиш лозим. Саҳар туриб югуриш, ўз вақтида овқатланиш зарур. Қийинчиликларга чидамли бўлиш керак.

“У спорт каби инсонни соғлом, баркамол бўлиб вояга етишига хизмат қилади. Шунингдек, халқ маданий мероси сифатида миллий қадриятларни қадрлашга ундайди. Кишига ўзгача хушнудлик улашади. Инсоннинг кайфиятига ижобий таъсир кўрсатади. Дорбозлик ёшларнинг жисмоний, ақлий, аҳлоқий ривожланишида, кучли, чаққон, эпчил, фаросатли, иродали, мард инсонлар бўлиб камол топишида катта аҳамият касб этади”, – дейди уста дорбоз.

Халқ ўйинлари азалдан аждодларимиз маданий ўйинларининг ажралмас қисми сифатида эъзозланади. Аксарият ўйинларнинг илдизлари жуда қадимий бўлиб, улар асрлар давомида халқимиз маънавиятини бойитишга, онг ва тафаккури, эзгу ҳис-туйғуларини теранлаштиришга хизмат қилган. Ўйинларда халқнинг турмуш тарзи, меҳнати, ютуқлари ўз аксини топади.

Умида Мирзабоева, Оқбура, Ўш.

Расмлар интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг