Ўшдаги куч тизимлари ҳаддидан ошган таксичиларга қурби етадими?

 

Масалани доимий равишда кўтариб чиқаётган журналист Шохруҳ Соипов милицияга сўроқ берди.

Сайтимиз билан ҳамкорлик қилаётган ўшлик журналист Шохруҳ Соипов бугун, 4-август куни Ўш вилоят Ички ишлар бошқармасига (ИИБ) чақирилди. Саипов Ўш аэропортидаги таксичиларнинг масаласи бўйича сўроқ бериб чиққанини билдирди.

«Ҳаммаси яхши бўлди. Аэропортдаги таксичилар билан боғлиқ воқеа бўйича айтиб бердим», – деди у милициядан чиққач.

Эслатиб ўтамиз, Ўш халқаро аэропорти ва Ўзбекистон билан чегарадаги “Достук” (Дўстлик) чегара постидаги маҳаллий таксичиларнинг йўловчиларга, хусусан қўшни Ўзбекистон фуқароларига қўпол муомала қилиб, уларни мажбуран ўз машиналарига ўтирғизиб, камида йўлкирани бир неча баробар қиммат олишаётгани ҳақида кўп айтилиб келади. Бу хусусда маҳаллий ҳокимият ва куч тизимлари раҳбарлари раддиялар бериб келишмоқда. Лекин бу ҳақда шикоятлар ҳам тўхтамаяпти.

Жумладан, журналист Шохруҳ Соипов жорий йилнинг 21-июлида ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида ана шундай ҳолат ҳақида ёзган. Ўша куни у Россиядан қайтиб келаётган ўзбекистонлик танишларини кутиб олгани бориб, Ўш аэропортидаги таксичиларнинг зулмига учраганини айтган.

&;

видео: Шохрух Саипов фейсбук саҳифасидан

Журналистнинг сўзларига кўра, таксичилар унинг 4 нафар танишига босим ўтказиб, уларни машиналарига ўтиришга мажбурлашган. Соипов уларни кутиб олгани келганини айтганда, ҳайдовчилар унга таҳдид қила бошлашган. Журналист буни видеога тортиб, интернетга жойлаштирган.

«Уларнинг мен билан эканини айтсам, умуман эътибор қаратишмади, “биттаси сен билан кетсин, учтаси қолади” дейишди. Милициядан ёрдам сўрашга тўғри келди. Бахтга кўра улар менга ёрдам беришди. Шундан сўнг таксичилар норози бўлиб, мени қўрқитиб, чақимчиликда айблашди», – деб ёзган эди у.

Шу муносабат билан Соипов бу муаммога эътибор қаратиш лозимлигини айтиб, ўзбекистонлик фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш зарурлигини қўшимча қилган.

Куни кеча, ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик фуқаролардан бирининг TikTok платформаси орқали мурожаат қилиб, Ўш аэропортидаги таксичилардан норози бўлгани тарқалди.

У Россиядан Ўш аэропортига учиб келиб, ундан Ўзбекистонга ўтаётган фуқароларни таксичилар мажбурлаб ўз машиналарига солиб, “Достук” чегара бекатигача бўлган 6 чақиримлик масофага ҳар бир кишидан 500 рублдан (деярли 700 қирғиз сўми) олаётганини айтган. Аслида бу масофага бутун такси учун 150 қирғиз сўми атрофида тўланади.

Видео муаллифи худди Соипов айтгандай воқеага гирифтор бўлганини, лекин бу сабабли қирғиз халқидан ҳафа эмаслигини, шундай бўлсада, бундай ҳолатлар қардош ўзбек ва қирғиз халқлари дўстлигига раҳна солиши мумкинлигини айтади. Бундай ҳолат кўпдан бери кузатилаётганини эътироф этар экан, у маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари бунга эътибор қаратмаётганини айтиб, «давлат қарамайдими?» деб савол берган.

 

@rashidov_tv Аллохдан куркинглар ифлослар #rek #uzbekistan #киргизия?? ♬ оригинальный звук – Ilyos Rashidov

Тиктокдаги видео

Ўш вилоят ИИБида Соиповга 2-август куни унинг аризаси бўйича тергов бошланганини билдиришган. Шунингдек Ўш аэропортидаги ва «Достук» чегара бекатидаги такси ҳайдовчилари ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилаётганини ҳам маълум қилишган.

Ҳайдовчиларнинг чет элликларга қўпол муомаласи бўйича 14 мурожаат тушганини айтиб, унинг 7 ҳолати бўйича текширув ишлари бошланганини қўшимча қилишган.

Бу муаммони Қирғизистон парламенти депутати Жанар Ақаев ҳам кўтарган. Депутат бу кўринишга нуқта қўйилмаса «уятга қолдик» деб, эътироф этишича, ҳокимият бу масалага етарли эътибор қаратмаяпти.

“Достук” ўтказиш бекатидаги тартибсизликни нима қилиш керак, деган масалани икки марта парламент йиғилишида кўтаргандим, “жуда аҳамиятли масалани кўтардингиз, ҳурматли депутат”, деган доимий жавобдан бошқа ҳеч нарса ўзгармабди», деди Ақаев Қирғизистон вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаровга мурожаат қилиб.

Акаев, « Ўзбекистон фуқароларига қўшни ва инсон сифатида муомала қилиш лозим», деб таъкидлади. Унинг айтишича, қўшни давлат фуқаролари «яйраб кетганидан Ўш орқали учишаётгани йўқ».

«[Ўш орқали учганда] чипта 150 доллар атрофида арзон тушади. Мусофирнинг оиласи учун бу сезиларли маблағ. Иш қидириб кетаётган одамнинг “озгина пулини ҳам қоқиб олайлик, ҳатто зўравонлик билан олайлик” дейиш умуман нотўғри. Ўша одам Қирғизистонни бутун умр ёмон кўриб қолади. У ёқ-бу ёққа чегарадан ўтганда икки давлат бир-биримизни қийнасак, президентларимизнинг қучоқлашиб кўришиб, шартномалар имзолашлари, “яқин дўстмиз” деганлари қаёқда қолади?» – деб савол беради депутат.

Шунингдек Ақаев халқаро йўналиш билан учгани учун ўзбекистонликларнинг ҳар биридан Ўш аэропортига $15 пул қолишини айтди. Депутат бу маблағларга йўл, мактаблар қурилиб, ойлик кўтарилишини эслатиб, аксинча ҳорижликларга юртимизда яхши шароитлар яратиб бериш зарурлигини таъкидлади.

Депутат ҳукуматга чегарадан ўтаётган чет элликларни аэропортга махсус автобуслар билан олиб боришни таклиф қилди.

“Тайёр маблағни ғазнага жалб қилмайсизларми, аэровокзални кенгайтириб? Ҳукумат даражасида дўппи, қалпоқ кийиб олиб юртимизга сайёҳ чақиргандан кейин, ишни ҳам шунга яраша қилайлик», – деди у.

Депутат вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаровга мурожаат этиб, бу масала юзасидан етарли талаб қўйишини таклиф қилди.

Умида Мирзабоева, Оқбура, Ўш.

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг