Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг тақдири Самарқандда ҳал бўлади

Ушбу лойиҳанинг амалга ошиши минатақани Европага янада яқинлаштиради.

Сўнгги йилларда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳаси ҳақида турли даражаларда ва анжуманларда такрор ва такрор гапирилмоқда. Амалда бу – қадимий “Буюк ипак йўли”ни қисман қайта тиклашни англатади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг фикрича, 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида ушбу йирик халқаро лойиҳа бўйича уч томонлама ҳужжат имзоланиши режалаштирилган.

Бу ҳақда вазир 2 август куни Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистон-Озарбайжон-Туркия” мулоқот форматининг биринчи йиғилишида айтди. Вазирликнинг расмий сайтига кўра, ҳозирда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича фаол иш олиб борилаётганини таъкидланади.

Владимир Норовнинг айтишича, “келажакда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўл коридори Транскавказ йўлаги билан боғланади ва Хитойдан Европагача бўлган савдо географиясини кенгайтиради”. Яъни, бу лойиҳа Туркия ва Озарбайжон учун манфаатли ҳисобланади.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси бўйича тегишли ҳужжатни Самарқандда имзолаш ташаббуси Қирғизистон президенти Садир Жапаровга тааллуқли. Бу ҳақда у яқинда Қирғизистонга расмий ташриф билан келган Хитой ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашувда айтган. Ўз навбатида Ван И Хитойнинг “уч томонлама ҳужжат тузиш имкониятини ўрганишга” тайёр эканини айтди.

Аввалроқ Садир Жапаров ушбу темир йўли қурилишининг 2023 йилда бошланиб, 3-4 йилда қуриб битказилишини таҳмин қилган эди. Унгача эса, Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раҳбари Ақилбек Жапаров қурилишни 2022 йил кузида бошлаш режалаштирилганини айтган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27-май куни онлайн шароитда ўтган Евроосиё олий иқтисодий кенгаши йиғилишида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши тез орада бошланишини маълум қилган эди.

Шубҳасиз, “аср қурилиши” номига даъво қилаётган ушбу темир йўлни қуриш ташаббуси 2000-йиллар бошида эълон қилинган, аммо ўшандан бери амалга ошмай келмоқда эди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қўшни давлатлар билан алоқаларни кучайтиришни ўз сиёсатининг пешқадам йўналиши қатори олға сургач, 2017-йилда ушбу лойиҳа бўйича уч томонлама ишчи гуруҳи тузилиб, уни амалга оширишнинг турли вариантлари кўриб чиқила бошлади.

Президент Жапаровнинг яқинда берган расмий маълумотига кўра, Россия президенти Владимир Путин ушбу қурилишга рухсат берган. Бундан келиб чиқадики, қурилишнинг чўзилиб келаётганига айнан Путиннинг “фатво” бермагани ҳам жиддий сабаб бўлиб келган.

Мутахассисларнинг фикрича, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши Қозоғистон ва Россия учун фойдасиз. Фойдасизгина эмас, бу икки давлатнинг ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий манфаатларига зид келади.

Бу ҳақда фикрини Қирғизистон юк ташувчилари уюшмаси раҳбари Темирбек Шабданалиев ошкор қилган. Унинг фикрича, лойиҳанинг 20 йилдан ортиқроқ вақт ичида “бир қадам ҳам олға силжимаганига” сабаб, у Қозоғистон ва Россия манфаатларига зид. Чунки ушбу темир йўл қурилса, бу давлатлар қўшни давлатларга сиёсий таъсир ўтказишдек имкониятларидан маҳрум бўладилар.

“…Қозоғистон ва Россия Хитойдан юк ташишда темирйўл монополистлари. Россияда Хитойнинг жуда узун темир йўли мажуд. Қозоғистон Хитой билан чегара яқинида аллақачон иккита темирйўлга эга. Бу борада Қозоғистон ва Россия ўз монополиясини, таъсирини ва нуфузини йўқотмоқчи эмас. Бундан ташқари, сиёсий таъсир бор, темир йўл қурмоқчи бўлсак, Қозоғистон ва Россиядан рухсат олишимиз керак”, – дейди эксперт.

Шабданлиевнинг фикрича, Россиянинг Қирғизистонга таъсир ўтказиш учун бошқа имкониятлари ҳам кўп. Шу сабабли Путин бу лойиҳага ортиқча қаршилик билдирмаган бўлиши мумкин. Қозоғистон ўз позициясини ҳозирча расман маълум қилгани йўқ.

Бу темирйўл магистрали Буюк ипак йўлининг замонавий моделларидан бири бўлиб, Қирғизистон ва Ўзбекистонга Хитойнинг Қашғар ҳудуди орқали энг арзон ҳисобланган денгиз йўлларига чиқиш имконини беради. Бу эса Ғарб давлатлари билан савдо-сотиқни ривожлантиришга кенг йўл очади.

Ҳозирча Қирғизистон ўз юкларини Россияга ва ундан нарига Европа давлатларига ташиш учун, ҳатто мамлакат ичида юк ташиш учун ҳам Қозоғистоннинг автомобиль ва темир йўлларидан фойдаланишга мажбур. Бу эса Қозоғистонга ўз қўшнисига сиёсий таъсир ўтказишда жуда қўл келади. Бугунги кунгача Қирғизистон ва Қозоғистон чегарасида юк машиналарининг навбат кутиб бир неча чақиримгача чўзилиб кутишлари бунга ёрқин далил.

Хитой ва Ўзбекистон темирйўлни Эргаштом довони орқали ўтказишдан манфаатдор. Чунки бунда темирйўлнинг узунлиги, демак, унга кетадиган ҳаражат ҳам анча қисқаради. Ҳаражатнинг асосий қисмини эса Хитой, қисман Ўзбекистон кўтариши кутилмоқда. Қирғизистон лойиҳа учун ўз ҳудудидан йўл беради холос.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон Транспорт ва йўллар вазирлиги таклиф қилган вариантга кўра, аталган темирйўлнинг умумий узунлиги 433 километрни ташкил қилиб, унинг 280 километри Қирғизистон ҳудудидан ўтишини мумкин. Йўлнинг тоғли туманлардаги 57 километри туннеллардан иборат бўлиши режалаштирилган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг