Ўйнаб гапирсанг ҳам… Ғарб Россияни “ядровий” риторикадан воз кечишга чақирди

Россиянинг Украинага қарши уруш жаҳонни ядровий уруш хавфига жуда яқинлаштириб қўйди.

Американинг Нью-Йорк шаҳрида Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани имзолаган давлатларнинг 10-конференцияси ўтмоқда. Конференциянинг очилишида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш нутқ сўзлаб, дунё “совуқ уруш авж олган пайтдан бери кузатилмаган ядровий хавф”га дуч келганини айтди.

Конференциянинг асосий иштирокчилари бўлган Франция, АҚШ ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари Ядро қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага (ЯҚТТШ) содиқ эканликларини билдиришиб, Россияни “хавфли ядровий риторика”ни ишлатишни тўхтатишга ва ядро урушининг олдини олишга чақирдилар.

Жумладан, АҚШ президенти Жо Байден сўзга чиқиб, Россия ва Хитойни ядро қуролини чеклаш тарафдори эканликларини намойиш этишга чақирди.

Шундан сўнг Россия президенти Владимир Путин конференция иштирокчиларига мурожаат қилиб, Россиянинг номи аталган шартноманинг матни ва руҳига риоя қилиб келаётганини, ядро урушида ғолиблар бўлмаслигини айтди. Ўз навбатида Байден ядро қуролини чеклаш борасида Россия билан музокаралар олиб боришга тайёр эканини маълум қилар экан, бунинг учун зарур шарт сифатида “соф виждонли” шерик зарурлигини айтди. Бошқача айтганда, Америка президенти Россия раҳбарининг гапларига ишонавермаслигига шама қилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 февралида Украина билан уруш бошлаганидан кейин Владимир Путин стратегик ракета кучларига “алоҳида режимда хизмат ўташни” буюрди. Унгача эса Украинада махсус ҳарбий операция бошлаганини эълон қилар экан, Путин бу йўлда унга ҳалақит беришни истаганларга зудлик билан жиддий жавоб берилиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Шундан сўнг бутун уруш ҳаракатлари давомида Россия расмийлари, жумладан Ташқи ишлар вазири ва давлат оммавий ахборот воситалари Россиянинг Украинага қарши урушда ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимоли йўқ эмаслигига бир неча бор ишора қилишган.

Жаҳонда ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги Шартномани кўриб чиқиш учун махсус конференция ҳар беш йилда бир марта ўтказилади. Ўнинчи йиғилиш 2020 йилнинг май ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтиши керак эди, бироқ коронавирус пандемияси туфайли кейинга қолдирилган эди.

ЯҚТТ шартномаси 1968 йилда имзоланган. У Буюк Британия, Хитой, Россия, АҚШ ва Франциянинг ядро арсеналларини қонунийлаштирган, ҳужжатни имзолаган бошқа давлатлар эса оммавий қирғин қуролини яратиш ёки сотиб олиш ҳуқуқидан воз кечишган. Улар орасида собиқ Совет давлатларидан Украина ва Қозоғистон ҳам бор эди. Собиқ СССР даврида яратилган ядро қуролларининг барчаси Россия қарамоғига ўтган.

Ҳозирда шартномада 190 дан ортиқ давлат иштирок этмоқда. Исроил, Ҳиндистон ва Покистон шартномадан ташқарида қолмоқда. 2003 йилнинг январида Шимолий Корея бу шартномадан чиққанини эълон қилди.

Бир-икки ҳафта ичида тугатилиши эҳтимол қилинган Россия-Украина уруши 24 февралдан буён давом этмоқда. Уруш ва Россияга қарши ғарб давлатлари киритаётган санкциялар туфайли жаҳонда мисли кўрилмаган сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий муаммолар юзага келди. Жумладан, дунёнинг кўплаб давлатлари очарчилик бошланиши хавфи осида қолди. Чунки асосий озиқ-овқат маҳсулотлари бўлган дон ва ўсимлик ёғининг каттагина қисми Украина ва Россияда етиштириларди. Уруш бошланганч, Украина портлари ёпилиб, миллионлаб тонна дон ва мойни зарур мамлакатларга етказиб бериш имкони бўлмай қолди. Бир неча ойга чўзилган музокаралардан сўнг Россия бу портларни очишга рози бўлди.

Масалан, шу кунгача, Украинанинг Одесса вилоятидаги учта денгиз портида уруш бошланишидан олдин Украина ғалласи юкланган 16 та кема қолиб келмоқда эди. 1 август куни Одесса портидан Украина дони бўлган биринчи юк кемаси жўнаб кетди.Бу ҳақда Украина инфратузилма вазири ўринбосари Юрий Васьков 1 август, душанба куни DW’га берган интервьюсида маълум қилди. У бу кемалар яқин икки ҳафта ичида жўнатилиши ва тез орада яна учтаси товар учун етиб келишига умид билдирди.

Васьков сентябр ойига қадар экспорт ҳажмини ойига 6 миллион тоннага етказиш мумкинлиги айтган.

Истанбул дон экспортини назорат қилиш маркази маълумотига кўра, биринчи бўлиб денгизга чиққан юк кемасида 26 минг тоннадан ортиқ маккажўхори олиб кетилмоқда. Унинг 2 август куни Туркия ҳудудий сувларига етиб келиши кутилаётганини билдирди. Текширувдан сўнг кема Триполига йўл олади.

Украина Ҳарбий-денгиз кучлари матбуот маркази таъкидлашича, юк кемасининг ўтиши синов тарзида амалга оширилаётган бўлиб, у Қора денгиздаги «дон йўлаги» фаолиятини текширишга мўлжалланган. «Ушбу натижаларга кўра, тегишли қарорлар қабул қилинади», — дейилади баёнотда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг