Мумтоз илҳомлардан яралган китоб Ўшда тайёрланиб, Фарғонага чоп этилди

Муаллифлар – мумтоз ўзбек шеърияти анъаналарини давом эттириб келаётган ижодкорлар.

Қирғизистонда 60 йилдан зиёд фаолият кўрсатиб келаётган адабий “Илҳом” клуби ташаббуси билан Ўш вилоятининг Новқат туманидаги сўлим гўшалардан бири – “Саҳоба”да “Ишқ баёзи” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирни клубнинг пайдо бўлишига бевосита ҳисса қўшган, 62 йилдирки, гоҳ фаоллашиб, гоҳида сустлашса-да, ишлаб келаётган клуб билан бирга нафас олиб келаётган таниқли драматург, устоз санъаткор, публицист, таржимон Абдуғани ака Абдуғофуров очиб берди.

У клуб тарихи ва бу уюшмада новқатлик ғазалнавис шоир Қосимжон Раҳмиевнинг ўрни ҳақида тўхталди. Унинг илк шеърларини таниқли шоир, клуб аъзоси, марҳум Шавкат Раҳмон кўриб берганлигини эътироф қилди. Турсунбой Адашбоев, Қўлдош Мирзо, Мирзоҳид Мирзараҳимов каби адабиётимизнинг устунлари шу ерда камол топганини, уларга елкадош бўлиб, бир сафда ижод қилганини мамнуният билан эслади.

Ўшлик ғазалнавис шоир Қосимжон Раҳмиев (Шодмон) ва фарғоналик шоирамиз Худойберганова Наргиза  (Мумтоз Маҳбуб) биргаликда мумтоз шеъриятимиз намуналаридан ғазаллар, мухаммас, мусаддас, мустаҳзод, маснавий, тазмин, туюқ, фард ва мушоираларни ўз ичига олган девонларини жамлаб, “Ишқ баёзи” китобини  Фарғона шаҳридаги “Доно” нашриётида чоп этдилар.

Китобга масъул муҳаррирлик қилган филология фанлари номзоди, доцент Саидакбар Махсумхоновнинг айтишича, Навоий давридан кейин Муқимийгача ўзбек шеъриятида ғазал жанри етакчилик қилган.

“Бир асрдан зиёд вақтдан буён бармоқ вазни биринчи ўринни эгаллаб олганки, шоирларимиздан 90 фоизи айнан бармоқ вазнига мурожаат қилишади. Ўзбекистонда Эркин Воҳидов ва ўшлик Муғанний ғазаллари  ўша қолган 10 фоизга мисол бўла олади, холос”, – деди Махсумхонов. – Бизни қувонтирган бугунги катта воқеа Қосимжон ва Наргизахоннинг мумтоз шеъриятимиз анъаналарини давом эттириб келаётганидир”.

Китоб муҳаррири ва сўзбоши муаллифи, адабиётшунос Барно Исоқованинг айтишича, китоб Ўшдаги “Ахборот” масъулияти чекланган жамият таҳририятида нашрга тайёрланиб, Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳрида босмадан чиқди.

“…Ижодкорнинг услубини, унинг шахси, шахсий фазилат ва хусусиятларидан ажратиб бўлмаганидек, ҳаётга муносабати, воқеликка яқин ёки йироқ туриши, давр ва замон муаммоларини мушоҳада этиш малакасидан ҳам ажратиб бўлмайди.

Ҳар иккала адибимизда ҳам ижтимоий мавзулар акс этган асарлар мавжудки, уларнинг шакли, ғояси, фалсафалари ҳам ўзига хос”, – дейди Исоқова.

Тошкент шаҳридан ташриф буюрган меҳмонлар орасида, болалар шоираси ва ёзувчиси, болалар шифокори Муаззам Иброҳимова ҳам бўлиб, у “Тошкентдан довон ошиб келишимизга арзийдиган тадбир бўлди”, деб ўз ҳаяжонини билдирди.

“Илҳом” клуби аъзоси, ўзбек ва қирғиз тиллари ўқитувчиси, таржимон Фарида Абдураимованинг она тили – қирғиз тили. Тошкентда ўзбек тили ва адабиёти мутахиссислиги бўйича ўқиган, олий маълумотга эга зуллисонайн шоира. У тадбир жуда кўнгилли ўтганини эътироф этиб, ҳаяжонларини адабий мисраларда баён қилди:

“…Юрак Саҳобанинг кечпишар ӯриги каби шохида турганча дарз кетиб, қурий бошлаётгандек. Минг йиллик қадрдонларни кӯриб, суҳбатлашиб яна қувватлангандек. Бир ота-онанинг фарзандлари, балки, бир жойга жамлана олмас, лекин, шеър деб, адабиёт деб аталган буюк неъмат кӯнгилларни, жисмларни бир жойга жамлади. Бир туғишганим йӯқ, деб ӯксиганлар, кӯпдир, балки, агар бир хил нарсани ӯйласангиз, ӯша одамлар туғишгандек яқиндир!” – дейди икки халқ фарзанди.  

Тақдимот иштирокчилари – Қирғизистон ва Ўзбекистон ижодкорлари Саҳобада дийдорлашдилар

“Илҳом” клубининг бугунги раиси шоир Абдул Ҳақ барча адабиёт ихлосмандларини табриклар экан, Ўзбекистондан ташриф буюрган ўндан ортиқ ижодкорларни ҳам клубнинг кейинги учрашувларига лутфан таклиф қилди. Ўзбекистонлик шоира Ҳавасхон Олима, Феруза Аъзам, шоирлар Дилшод Даврон, Муқимжон Нурбоев ва бошқалар ҳам ўз навбатида китоб муаллифларига табрик сўзларини айтишди.

Сокина, Оқбура, Ўш.

Расмларни муаллиф тақдим этган

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг