Ўш, Бухоро, Хоразм… Қирғизистон – Ўзбекистон транспорт қатнови кенгаяди

Икки давлат ўртасида эски йўналишлар тикланиб, янгиларини ташкил қилиш кўзда тутилмоқда.

Сўнгги йилларда икки азалий қон-қардош қўшни давлатлар бўлган Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги турли жабҳалардаги алоқалар кенгайиб бормоқда. Бунга яқинда Иссиқкўлда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви яна бир туртки бўлди дейиш мумкин.

Куни кеча Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Муса Жаманбаев ушбу давлатнинг  транспорт вазири Илҳом Маҳкамов билан учрашгани маълум бўлди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати берган хабарга кўра, учрашув чоғида икки давлат ўртасидаги транспорт-логистика ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари, жумладан, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳаси муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда бу халқаро транспорт лойиҳаси қуруқ гаплардан аниқ иш-ҳаракатларга ўтиб, қурилиши ишларининг жорий йилнинг охирига бориб бошланиши мумкинлиги айтила бошлади. Бу иншоотнинг қурилиши икки давлат учун денгиз йўлларига чиқишга имкон бериб, ўз товарларини жаҳон бозорига қулайроқ ва арзонроқ йўллар билан етказиб беришни таъминлайди. Шу вақтнинг ўзида жаҳон бозоридаги маҳсулотларни ҳам арзонроқ ва яқинроқ йўллар билан олиб келишга имкон яратилади.

Шунингдек, элчи ва вазир «Уч-Қўрғон – Дароот-Қўрғон» автомобиль йўлини қуриш ва Қирғизистон туризмининг асосий йўналишларидан бўлган Иссиқкўлга элтувчи Қорақўл – Тошкент – Қорақўл халқаро автобус йўналишини очиш лойиҳасини ҳам кўриб чиқдилар. Томонлар икки давлат ўртасида азалдан ишлаб келган транспорт йўналишларини қайта тиклаш масаласини ҳам муҳокама қилдилар. Бу борада “Тошкент – Балиқчи” йўловчи поездлари ҳаракатини қайта йўлга қўйиш, “Ўш – Андижон” ва “Қизил-Қия – Фарғона” йўналишларида мунтазам автобус қатновларини қайта тиклаш таклиф этилди.

Икки давлат ўртасида ҳаво қатновини фаоллаштириш масаласи ҳам ижобий нуқда муҳокама қилинди. Жумладан, ёзги сайёҳлик мавсумида ўзбекистонлик сайёҳларнинг Иссиқкўлга келиб кетишини енгиллаштириш мақсадида “Тошкент – Томчи” йўналиши бўйича чартер самолётлар қатновини ташкил этиш масаласи ҳам кўтарилди.

Суҳбат давомида Муса Жаманбоев “Ўш – Тошкент – Ўш” йўналишида ҳаво қатновини очиш ва “Самарқанд – Томчи – Самарқанд” янги транспорт йўналишини ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди. Таклиф қилинган йўналишларнинг барчаси икки давлат сайёҳлари учун жуда фойдали ва қулай имкониятлар яратиши эътироф этилди.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси тарқатган маълумотга кўра, 2022 йилнинг биринчи олти ойи давомида, яъни 1 июлга қарата ўзбекистонликлар саёҳат мақсади билан энг кўп ташриф буюрган мамлакат Қирғизистон экани маълум бўлди. Кўрсатилган даврда бу ерга 1 миллион 30 минг одам келиб-кетган.

Анъанага кўра, Ўзбекистоннинг Фарғона водийсидаги вилоятлари аҳолиси Қирғизистон жанубидаги машхур Арслонбоб қишлоғини, Ўш ва Ўзган шаҳри ва бошқа соя-салқин тоғли ҳудудларни яхши кўришади. Мамлакатнинг бошқа вилоятлари вакиллари эса охирги пайтда иссиқдан қочиб Иссиқкўлга келиб ҳордиқ чиқармоқдалар.

Қирғизистондаги бозорлар ҳам товарларнинг хилма-хиллиги ҳамда нархларнинг нисбатан пастлиги билан ўзбекистонликларни ўзига тортадиган масканлардан ҳисобланади.

Ўз навбатида қирғизистонлик сайёҳлар Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент каби шаҳарларига боришни афзал кўришади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг