Ўш бозори: Асрлар оша “шопинг терапиясини” амалда синаган гўша

Барча шарқ шаҳарлари каби Ўшда ҳам бозор – шаҳар қиёфасининг ажралмас қисмидир.

Ўш Фарғона водийсидаги энг қадимий шаҳар. Ўш Ҳиндистон тарафдан савдо йўлидаги карвансаройлар шаҳри бўлган деб ҳам айтилади. Асрлар, замонлар, шаҳар ўзгаряптию фақат Ўшдаги биргина жой – бозор ўз ўрнида қолаяпти, тирик нафас олаётган вужуддай ўрнини ҳеч нарсага бўшатмай кенгайиб, ривожланиб фаолият юритяпти.

Шарқ халқларида азалдан бозор – ҳар бир юртнинг баракасини, маданиятини, ўзига хослигини кўрсатадиган жой бўлиб келган. “Отанг бозор – онанг бозор”, деб бекорга айтишмайди, келишимлар, келишувлар, кўришишлар ҳам бозорда бўларди.

Бозорбошида яшаганлар бошқача эди, атрофдаги аҳолидан кўпроқ маълумот билгани учунми, келиб кетаётганларни кўриб тургани учунми, қайноқ ҳаётда яшаётгани учунми, қисқаси бозор – ҳозирги интернет эди!

Биз бозорбошида туғилганмиз, яшаганмиз. 80-йилларда бувим бизга қўзичоқ олиб берганди. Уларни ҳар куни шомга яқин бозордан ташлаб юборилган олма, тарвуз, қовун пўчоғи кабиларни олиб чиқиб боқар эдик. Ўш бозори, чайқовбозор ва озиқ-овқат бозорига бўлинар эди. Чайқовбозори ҳозирги тилла бозорнинг ўрнидагина, кичкинагина эди, озиқ-овқат бозори унча ҳам катта жойни эгалламасди, асосан ўзбеклар савдо қилар эди. Бозорда кийим, уй-рўзғор буюмлари, зираворлар, озиқ овқат савдосидан ташқари ҳунармандлар, дўппидўзу косиб, темирчи, чевар, ошпаз ҳаммаси тирикчилик қиларди. Ҳозир ҳам бозор минглаб одамларнинг тирикчилик манбаи.

“Ривожланган дунё “шопингтерапия” деган терминни энди топган ва амалда қўллаётган бўлса, шарқ дунёси учун бу аллақачон аён бўлган нарса, – дейди суҳбатдошим Дилфузахон Соибжонова, – мана 30 йилдирки, чеварчилик қиламан, шу бозорбошида кичиккина ателъе очганман, авваллари сеп кўйлак, кастюм шимгача буюртма асосида тикиб битказиб берардик”.

Унинг айтишича, аввалгидек бўлмаса-да, ҳозир ҳам иш етарли, кийимларни реставрация қилишади, буюртма тикишади.

“Келиб кетаётган юзлаб буюртмачи аёлларимизнинг суҳбатини оламиз, тақдирини эшитамиз, психолог ҳизматини ҳам бажарамиз, – деб жилмаяди у. – Бояги гапимни давом эттирсам, бозор нафақат тирикчилик манбаи, балки ривожланиш, ахборот, дунё ташвишларидан чалғиш воситаси ҳамдир. Ишонмасангиз, жуда сиқилган пайтингиз бозорни бир айланиб чиқинг, ҳамма нарсани унутасиз”.

Ателъе ишлатишдаги тўламлари, божи қандай эканлиги ҳақидаги сўровларимга эса унча ҳам хоҳламай жавоб берди: “Ҳамма ишнинг ҳам чиқимлари бўладику, бизда ҳам ойига 8 минг сўмдан кўпроқ тўловларимиз бор”.

Бозорнинг архив суратларидан бирини тамоша қилиб ўтириб суҳбатлашдик, суратда аёллар 100 йил аввал ҳам ўз қўл меҳнатлари билан тайёрлаган чорси, дўппи, халта, кийимларини сотиб қатор ўтиришар эди. Аёлларимиз доим бозорга яқин бўлишган, оилани моддий таянчи ҳам бозордан, аёлдан бўлган.

Бозоримиз аҳоли ҳаёт тарзининг ажралмас қисми бўлса, меҳмонлар учун ҳам энг қизиқарли жой. Бозордаги тартибсизлик ҳам ўзига хос қизиқарли кўринишни хосил қилади. Масалан, оломон, савдогорлар, аравалар, кийим билан бир қаторда емаклар сотилиши.

Шу кунларда ёзги арзон мева-сабзавотлар, қовун-тарвузлар иштаҳангизни очади, бозорга нимага борганингизни унутиб, таклиф қилинган нарсани қандай ҳарид қилганингизни билмай қоласиз. Бозоримиз фақат душанба кунлари салгина дам бермаса, қолган кунлари қайнайди.

Бозорга бориш ўшликлар тилида “бозорга тушиш” дейилади.

Қисқаси, миллий калорит дейсизми, шарқона экзотика ёки турфа ранг оламни кўргингиз келса, Ўш бозорига тушинг.

Хосият Бекмирзаева, Оқбура, Ўш.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг