Азимжон Асқаровнинг иши: Отангга бор, онангга бор…

Икки йилдирки, ҳуқуқ ҳимоячисининг ўлими сабаблари жиддий тергов қилинмаяпти.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист, 69 ёшида қамоқхонада ҳалок бўлган таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, журналист Азимжон Асқаровнинг иши бўйича тарқалган сўнгги маълумот шу бўлдики, унинг адвокатлари ишни тергов қилган махсус хизмат ходими устидан судга шикоят аризасини йўлладилар. Адвокатлар терговчини ҳаракатсизликда айбламоқдалар.

Маълум бўлишича, 2021 йилнинг декабрида Асқаровнинг ўлими билан шуғулланаётган Миллий давлат хавфсизлиги қўмитаси Жазоларни ўташ хизмати тергов бошқармасига иш юзасидан асосий гувоҳларни тергов қилишни топширган. Лекин шу кунгача бу топшириқ бажарилмаган. Адвокатларнинг бу ҳақдаги шикоят аризалари ҳам жиддий текширилмай келяпти.

Эслатиб ўтамиз, икки йил аввал, 25 июлда туҳмат ва уйдирмаларга асосланган айбловлар билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ ҳимоячиси, журналист Азимжон Асқаров Бишкекдаги 47-колонияда кутилмаганда вафот этган. Ўлим сабаби сифатида ўпканинг икки томонлама яллиғланиши (пневмония) ва нафас олишнинг еишмаслиги кўрсатилган. Лекин унинг яқинлари, ҳамкасблари ва адвокатлари ўлим сабаби сифтида 10 йилдан ортиқ қамоқда ўтирган маҳбусга вақтида ва зарур тиббий ёрдам кўрсатилмаганини айтиб келишади.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг вафотидан ўн кунча аввал у билан қамоқхонада учрашган адвокат Валерьян Вахитов Асқаровнинг соғлиги ночорлашгани ҳақида бонг уриб, унга жиддий тиббий ёрдам кўрсатилиши зарурлигини айтган. Бироқ бу мудхиш ўлимдан бир-икки кун аввал ҳам Жазоларни ўташ хизмати расман ваҳимага ўрин йўқлигини айтиб, ҳуқуқ ҳимоячиларини “ўз баҳоларини оширишга ҳаракат қилишда” айблаган эди.

Маҳаллий фаоллар ва бутун дунё ҳамжамияти вакилларининг талаби билан Асқаровнинг ўлими бўйича тергов ўтказилган, лекин бу терговнинг Жазоларни ўташ хизмати ўзи олиб боргани ақлга сиқмаган иш бўлди. Яъни, қўйнинг иши бўрига топширилиб қолган эди. Табиийки, терговчилар бу ўлимда ҳеч кимнинг айби йўқ деган хулосага келишган. Шу вақтнинг ўзида терговчи бу ишга алоқаси бўлган асосий одамларни тергов қилмаган. Улар – марҳумнинг камерадошлари, у билан доимо алоқада бўлиб турган турмуш ўртоғи Хадича Асқарова, ва ниҳоят, Жазоларни ўташ хизмати матбуот котиби Самат Қалиқов бўлиб, у охирги кунларгача “Асқаровнинг соғлиги яхши” деб, таъкидлаб келган эди.

Жасур ҳуқуқ ҳимоячиси, журналист Азимжон Асқаров 2010 йилнинг июнь ойида Қирғизистон жанубида қирғиз ва ўзбек миллати вакиллари ўртасида юз берган миллий тўқнашувлар чоғида қўлга олинган. Унга миллий низони ва оммавий тартибсизликларни уюштириш, милиция ходимини ўлдиришда иштирок этиш каби айбловлар қўйилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Азимжон Асқаровнинг кутилмаганда вафот этиши сайёрамиздаги бутун инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳамжамиятини ларзага солди. Унинг ўлими сабабларини холис текшириб, айбдорларни жазолаш талаблари билан чиқишди. Лекин мана икки йилдирки, бу ишда бирор олға силжиш кўринмаяпти.

Энди адвокатлар бу ишни прокуратура органларига ўтказиб беришларини талаб қилишмоқда. Шу билан бирга улар Молия вазирлиги ва Миллий хавфсизлик қўмитасидан терговдаги ҳаракатсизлик учун марҳумнинг яқинларига товон пули ундириб беришга ҳаракат қилишларини маълум қилишган.

Бунгача бўлиб ўтган суд жараёнлари, марҳумнинг яқинлари ва ҳамкасблари, айрим масъул одамларнинг кўрсатмаларидан аниқ бўлганки, Асқаровга қўйилган айбловлар туҳматдан бошқа нарса эмас. Камига тергов ва суд жараёнида Азимжон Асқаровга ва бу иш юзасидан бошқа айбланувчиларга нисбатан қийноқлар қўлланиб, уларга судда ўзларини ҳимоя қилиши учун зарур шароит тузиб берилмаган. Суд ва тергов давомида уларнинг ўзлари, гувоҳлари, ҳатто адвокатлари ҳам ур-тўқмоққа олинган. Лекин на суд, на прокуратура органлари, на расмийлар, жумладан давлат раҳбарлари бу ҳақиқатни тан олишга иродалари етмай келяпти.

Азимжон Асқаров қўлга олиниб, тергов олиб борилган ва суд ҳукми чиққан пайда Қирғизистон бош прокурори лавозимида ишлаган Қубатбек Байболов Азимжон Асқаровга умрбод қамоқ жазоси берилишини ўша пайтда давлат раҳбари бўлиб турган Роза Отунбаева талаб қилганини расмий равишда айтган. Бу гапни шу кунгача Отунбаева инкор қилгани йўқ.

Байболов шуни ҳам таъкидлаб айтган эдики, агар Асқаровга қўйилган айбловлар қонуний йўллар билан исботланган тақдирда ҳам унга умрбод эмас, кўпи билан 15 йил қамоқ жазосини беришлари керак эди.

Бирлашган миллатлар ташкилотининг махсус қўмитаси 2016 йилнинг мартида Азимжон Асқаровнинг 2010 йилнинг июнида ноқонуний равишда қўлга олингани, ғайриинсоний шароитларда ушлаб турилгани, қийноқларга олингани ва унга нисбатан бешафқат муносабатда бўлинганини қайд этган эди. Шунга кўра БМТ қўмитаси Қирғизистон расмийларидан Асқаровни тез орада озодликка чиқаришни, унга қарши чиқарилган ҳукмни бекор қилиб, унга тегишли товон тўлаб беришни талаб қилган эди.

Шундан сўнг Асқаровнинг иши Чуй вилояти судида қайта қаралиб, жаҳон ҳамжамияти ва Асқаровнинг адвокатлари келтирган далиллар, гувоҳлар берган кўрсатма ва бошқа исботларга қарамай, умрбод қамоқ жазосини ўз кучида қолдирилди.

“Бир Дуйно – Қирғизистон” ташкилоти ва адвокат Айдар Сидиқов Азимжон Асқаровнинг ишида адолат тантана қилиши учун лозим бўлган ишлар тўхтатилмаслигини билдирдилар.

Энг олий даражадаги халқаро ҳамжамият вакиллари Азимжон Асқаров оқланиб, унинг оиласига товон тўлаб берилмас экан, бу иш юзасидан чиқарилган ҳукм, фаолнинг ўлими давлат юзига тортилган қора доғ сифатида қолаверишини таъкидлаб келадилар.

Азимжон Асқаровнинг сўнгги манзили…

Азимжон Асқаров ўзининг васиятига биноан Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятида, фарзандлари яшаган шаҳар четидаги қабристонга дафн этилган.

Оқбура, Бишкек.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг