Олти ойда Қирғизистонга миллиондан ортиқ ўзбекистонлик меҳмонга келган

Бу чет элга сафар қилган Ўзбекистон фуқароларининг деярли ярмини ташкил қилади.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси тарқатган маълумотга кўра, 2022 йилнинг дастлабки олти ойи мобайнида 2,1 миллион нафар ўзбекистонлик дам олиш мақсадида ҳорижга сафар қилган.

Маълумотга кўра, жорий йилнинг биринчи олти ойи давомида, яъни 1 июль ҳолатига қарата ўзбекистонликлар саёҳат мақсади билан энг кўп ташриф буюрган мамлакат Қирғизистон экани маълум бўлди. Бу ерга 1 миллион 30 минг одам келиб дам олиб кетган.

Қўмита сайёҳларнинг кўпроқ қаерларда дам олишаётгани ҳақида маълумот бермаган. Анъанага кўра эса, Ўзбекистоннинг Фарғона водийсидаги вилоятлари аҳолиси Қирғизистон жанубидаги машхур Арслонбоб қишлоғини, Ўш ва Ўзган шаҳри ва бошқа соя-салқин тоғли ҳудудларни яхши кўришади. Мамлакатнинг бошқа вилоятлари вакиллари эса охирги пайтда иссиқдан қочиб Иссиқкўлга келиб ҳордиқ чиқармоқдалар.

Қирғизистондаги бозорлар ҳам товарларнинг хилма-хиллиги ҳамда нархларнинг нисбатан пастлиги билан ўзбекистонликларни ўзига тортадиган масканлардан ҳисобланади.

Ўз навбатида қирғизистонлик сайёҳлар Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент каби шаҳарларига боришни афзал кўришади. Икки давлат ўртасида ҳаво, темирйўл ва автомобиль транспорти қатновининг кенг йўлга қўйилгани икки давлат халқлари ўртасидаги борди-келдиларнинг фаоллашувини таъминламоқда.

Ўзбек сайёҳларини қабул қилиш бўйича иккинчи ва учинчи ўринларни ҳам қўшни давлатлар – Қозоғистон ва Тожикистон эгаллагани маълум бўлди. Хусусан, биринчи ярим йилликда туризм мақсадида Қозоғистонга 336 минг нафар, Тожикистонга эса 284 минг нафар ўзбекистонлик борган. Тожикистоннинг шимоли ҳамда Қозоғистон ва Қирғизистоннинг жанубида қарийб бир миллиондан ўзбек миллати вакиллари яшаши ва уларнинг Ўзбекистондаги қариндош-уруғлари билан қиладиган борди-келдилари ҳам тилга олинган кўрсаткичларга ўзининг ижобий таъсирини бермоқда.

Статистика қўмитаси тарқатган маълумотда айтилишича, кўрсатилган муддатда Россияга 105 минг нафар, Бирлашган Араб Амирликларига 58 минг, Саудия Арабистонига 50 минг, Мисрга 21 минг, Жанубий Корея ва АҚШга 6 мингдан, Қувайт ва Ҳиндистонга эса 5 минг нафардан ўзбекистонлик сафар қилган.

Ўз навбатида 2022 йилнинг биргина июнь ойида Ўзбекистонга салкам ярим миллион нафар чет эллик туристлар келган. Бунга Ўзбекистон ва қисман Тошкентдаги нархларнинг дунё шаҳарларидаги бошқа машхур шаҳарларга нисбатан пастроқ экани ҳам таъсир қилмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг