Рақобат эмас, ҳамкорлик: Марказий Осиё бирдамликда, ҳар томонлама ривожланади

Иссиқкўл учрашувида минтақа давлатлари раҳбарлари ўзаро жуда муҳим қарорлар қабул қилишди.

Марказий Осиё марвариди ҳисобланган Иссиқкўл бўйида 20-21 июль кунлари ўтган учрашув чоғида Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадида дўстлик, яқин қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзоладилар. Бу Чўлпонота шаҳрида ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашувининг асосий натижаси бўлди.

Минтақа давлатлари президентларининг IV маслаҳат кенгаши Иссиқкўл бўйидаги Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ушбу ҳужжатни ўз мамлакатларидаги ички тартиб-қоидалар тугагандан сўнг имзолашларини маълум қилдилар. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Бундан ташқари, минтақа давлатлари президентлари Имомали Раҳмоннинг Оролни сақлаш халқаро жамғармаси президенти сифатидаги ваколатларини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилдилар. Улар шунингдек Марказий Осиё давлатларининг ўзаро ҳамкорлиги концепциясини, Марказий Осиё бўйича “Яшил кун тартиби” минтақавий дастурини ва 2022-2024-йилларда кўп томонлама форматлар доирасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш тўғрисида қарорга қўл қўйдилар.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров эркин савдога сармоя киритиш, транспорт ва транзит инфратузилмасини ривожлантириш, рақамлаштириш ҳисобига чегара  муаммоларини ҳал қилиш мумкинлигини айтди. Бу соҳадаги фойдали мисол сифатида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида ташкил этилган савдо ва логистика ярмаркаси ташкил этилишини айтар экан, эркин савдо, тариф ва тарифсиз божхона, божхона расмийлаштирувидаги асоссиз кечикишларни бартараф қилиш учун рақамли тўлов тизимига ўтиш жуда муҳимлигини таъкидлади.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров

“Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, жаҳон иқтисодий “тортиш маркази” босқичма-босқич Осиё томон ҳаракатланмоқда, бу бизнинг минтақамиз учун янги имкониятлар, жумладан, иқтисодиётнинг “яшил”, рақамли ва креатив секторларини ривожлантириш учун кенг имкониятлар очмоқда”, – деди президент Садир Жапаров.

Учрашувда Марказий Осиё давлатлари президентлари куннинг долзарб муаммоларига тўхталиб, уларни ҳал қилиш борасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар. Садир Жапаров ўзбек-қирғиз ва қирғиз-тожик чегараларига эътибор қаратар экан, айни пайтда Қирғизистон билан қўшни Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегарасини делимитация қилиш ишлари олиб борилаётганини эътироф этди.

“Бу чегараларни тинчлик, дўстлик ва ишонч кўпригига, Фарғона водийсини эса Марказий Осиёнинг чинакам водийсига айлантириш мақсадида музокаралар жараёнини ўзаро манфаатли якунлаш бўйича сиёсий иродамиз борлигини тасдиқламоқчиман”, – деди у.

Унга ҳамоҳанг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу кунгача Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасидаги олиб борилган ҳамкорлик ишлари, эришилган ютуқлари ҳақида тўхталди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

“Ана шундай форматда йўлга қўйилган мулоқот туфайли биз дўстона ва яқин қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга, минтақада мутлақо янги конструктив ҳамкорлик муҳитини яратишга муваффақ бўлдик”, – дея таъкидлади.

Ўзбекистон Президенти шунингдек, терроризм, экстремизм, наркотрафик ва уюшган жиноят хавфи мавжудлигини қайд этди ва Марказий Осиё давлатларининг хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигини стратегик йўналиш деб атади. У қисман бузғунчи кучлар интернет тармоғидан устомонлик билан фойдаланаётганларини қайд этар экан, хавфсизликни таъминлаш масалаларини муҳокама қилиш ва ечимини биргаликда ишлаб чиқиш учун давлатларнинг Хавфсизлик кенгашлари ва махсус хизматлари раҳбарларининг мунтазам йиғилишларини ташкил этишни таклиф қилди.

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов учрашув иштирокчилари биргаликда Марказий Осиёнинг тинчлик ва тараққиётга таҳдидларсиз, барқарорлик ва ишонч минтақаси бўлиб қолишини таъминлашимиз кераклигини эътироф этди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Афғонистон масаласи доимо минтақа давлатларининг диққат марказида бўлиши кераклигини айтди. Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам Афғонистонда узоқ муддатли тинчликни таъминлашга ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалаларида яқиндан ҳамкорликни давом эттириш минтақа давлатлари учун энг муҳим устувор йўналиш бўлиб қолиши кераклиги таъкидлади.

Қозоғистон раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаев эса ушбу учрашувнинг Марказий Осиё давлатлари бирдамлигини кўрсатишини таъкидлади ва кейинги учрашувларга қўшни давлатлар, жумладан, Россия ва Хитой раҳбарларини ҳам таклиф этишни таклиф қилди.

Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев

«Менимча, биз ўзимизни қатъий географик чегараларга қулфлаб қўймаслигимиз керак. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари ишида бошқа қўшни давлатларнинг, масалан, Россия ва Хитойнинг олий вакиллари таклиф этилган меҳмон сифатида иштирок этишлари мумкин. Ишончим комилки, бу, айниқса, аниқ масалаларни кўриб чиқишда Марказий Осиё мамлакатлари учун фойдали бўлади», – деди Тўқаев.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учрашув якунлари бўйича қўшма баёнот ҳам қабул қилдилар. Баёнот матни ҳали очиқ эълон қилингани йўқ.

Учрашув доирасида Садир Жапаров ҳамкасблари билан икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказиб, давлатлараро муносабатларнинг муҳим йўналишлари бўйича музокаралар олиб борди.

Аввалроқ, 20 июль куни Қирғизистон Республикаси президенти Садир Жапаров учрашув доирасида минтақа давлатларининг ташқи ишлар вазирларини қабул қилди. Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик ва минтақавий муносабатларни кенгайтиришнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди. Давлат раҳбари энг яқин қўшнилар Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон билан ўзаро манфаатли муносабатларни чуқурлаштириш Қирғизистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.

Садир Жапаров таъкидлаганидек, икки томонлама муносабатлардан ташқари, минтақа кун тартибидан жой олган мамлакатлар ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни жонлантириш ва кенгайтириш ҳам бутун минтақа, ҳам Марказий Осиёнинг ҳар бир давлати ривожланишининг асосий омили ҳисобланишини айтиб ўтди.

Давлат раҳбари минтақавий интеграция масалаларига тўхталар экан, Қирғизистон томони ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, тўғридан-тўғри хорижий сармояларни жалб этиш, рақобатлашиш эмас, балки ҳамкорлик қилиш ва бир-бирини тўлдиришни муҳим деб билишини қўшимча қилди.

Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мазкур учрашуви уч давлатда (Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда) инсон ҳаётига зомин бўлган қонли воқеалардан кейин, Туркманистонда ҳокимият алмашинуви ва минтақа давлатларининг стратегик ҳамкори ҳисобланган Россиянинг Украинага қарши бошлаган уруши шароитида бўлиб ўтди.

Аввалги учрашув 2021 йилнинг августида Туркманистонда бўлиб ўтган. Кейинги учрашувнинг 2023 йил ёзида Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб ўтиши ҳақида келишиб олинди.

Умида Мирзабаева, Оқбура, Бишкек.

Расмларни Қирғизистон президенти маъмурияти ва Ўзбекистон президенти матбуот хизмати тақдим этган

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг