Қирғизистон: Йўл ҳаракати қоидасини бузганларга жазо кучайтирилади

Автоҳалокатда жароҳат олиб, ўлганлар сони бўйича мамлакат ҳамиша олдинги ўринларда туради.

Қирғизистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларга нисбатан жазони кучайтирувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, парламент қаровига жўнатилди. Депутатлар бу масалани таътилдан қайтгач, кузда қараб чиқишади.

ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги асосий таъминоти бошқармасининг раҳбари Азамат Исраиловнинг матбуот анжуманида маълум қилишича, лойиҳада маст ҳолатда автомобиль бошқарган ҳайдовчилар жарима тўлашдан ташқари уч йил муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилади. Агар бу биринчи марта содир этилса. Бордию, спиртли ичимлик ичган ҳайдовчининг айби билан йўл транспорт ҳодисаси содир бўлиб, бошқа фуқарога моддий зарар етказилса, у 10 йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Агар унинг айби билан инсон жароҳат олса ёки ўлса, унда айбдор бир умрлик ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Бундан ташқари, йўл ҳаракати қоидаларига «қоидабузарликларнинг такрорланиши» деган тушунча ҳам киритилмоқда.

«Агар ҳайдовчи ярим йил давомида йўл ҳаракати қоидаларини уч марта қўпол равишда бузган бўлса, у қайтадан имтиҳонга юборилади. Рецидивистга (такрор қоида бузган шахс) билимини тасдиқлаш учун бор-йўғи икки ой вақт берилади, акс ҳолда гувоҳномаси бекор қилинади ва ҳайдовчи яна бошидан ўқиши керак бўлади», – дея қўшимча қилди у.

Неча йилдирки, мамлакат йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида тан жароҳати олиб, ўлганлар сони бўйича дунё миқёсида олдинги ўринларни эгаллаб келади. Бир пайтлар чет эллик туристларнинг бири қирғизистонлик ҳайдовчилар ҳақида “улар автомобилдан одам ўлдирувчи автомат сифатида фойдаланишади”, деб ёзган эди.

Расмий маълумотларга кўра, 2019 йилда Қирғизистонда содир этилган 6600 дан ортиқ автоҳалокатда 760 фуқаро ҳалок бўлган. 2020 йилда эса 6100 дан ортиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 754 киши ҳалок бўлган. Уларнинг 93 нафари – болалар.

2021 йилда фақат пойтахт Бишкек шаҳрида 2660 дан кўпроқ йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилиб, уларда қарийб 3400 киши тан жароҳати олган, 64 киши ҳалок бўлган.

Бу ҳалокатларга асосан тезликни ҳаддан ташқари ошириб юбориш, хавфли жойларда автомашинани қувиб ўтиш натижасида бошқа автомобил билан тўқнашиб кетиш, ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини билмаслиги ва уларга риоя қилмаслиги, маст ҳолда рулга ўтириш кабилар сабаб бўлмоқда.

Жорий йилнинг олти ойида 3000дан ортиқ йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Бу ўтган йилга нисбатан 11 фоизга кам. Йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлганлар сони ҳам 20 фоизга камайган. Бунга сўнгги йилларда янги технологияларнинг, жумладан кўчаларда видео камералардан фойдаланиш туфайли эришилган, лекин умумий вазият ҳамон оғир бўлиб турибди.

Ишчи ишлар вазири Улан Ниязбековнинг журналистларга маълум қилишича, йил  бошидан буён 10 мингга яқин рейд ва профилактика тадбирлари ўтказилган. Уч ой аввал иккита «АвтоУраган» рақамли мобил тизими синов тариқасида ишлай бошлади. Қисқа вақт ичида кўплаб йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланиб, бюджетга 11 миллион сўмдан ($132 минг атрофида) ортиқ маблағ тўкилган.

«АвтоУраган» автомашинанинг давлат рўйхатидан ўтган рақамларини автоматик тарзда ўқиб, маълумотлар базасидаги ўғирланган, жарима ёки солиқ тўлашдан қочиб юрган каби автомашиналарни аниқлашга ёрдам бермоқда. Шунингдек, бу тизим йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолларини автоматик режимда қайд қилиб, рўйхатга олиб боради.

 

Ҳайдовчиларни тайёрлаш тизимини яхшилаш мақсадида 2010 йилдан бошлаб ҳайдовчилар тайёрлаш муассасаларини лицензиялаш Халқ таълими вазирлигига ўтказилган. Талабалардан имтиҳон олиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш, Давлат рўйхатдан ўтказиш хизматига юкланган. Бу чора ўзини оқламагач, ўқитиш тизимини назорат қилиш ваколати яна Ички ишлар вазирлигига ўтказиб берилди.

Жорий йилда Қирғизистонда фаолият кўрсатаётган 270 та автомактабнинг 193 таси текширилиб, улардан 18 таси ишдаги жиддий камчиликлар учун лицензиясидан маҳрум қилинди, 44 та автомактаб жаримага тортилди. Фақатгина 13 автомактаб лицензия талабларига тўлиқ жавоб бериши маълум бўлди. Расмий маълумотларга кўра, Таълим ва фан вазирлиги томонидан жами 272 та автомактабга лицензия берилган.

Ички ишлар вазири Улан Ниязбековнинг маълум қилишича, қаттиқ назорат ўрнатилгач, мавжуд автомактаб ўқувчиларининг 70 фоиздан ортиғи имтиҳондан ўта олмаган.

«Йил бошидан буён автомактабларнинг 310 минг 502 нафар ўқувчиси тест синовларига кирган бўлиб, натижада атиги 22 фоизи муваффақиятли ўтган, қолганлари имтиҳонлардан ўта олмаган. Маълум бўлишича, 241 минг 186 нафар фуқаро автомобилни бошқаришга имкон берадиган махсус кўникма ва билимга эга эмас», деди вазир.

Мана энди шунча йилдан мамлакат кўчаларида ҳайдовчилик гувоҳномасини пулга сотиб олган чаласавод ҳайдовчиларнинг сонини тасаввур қилиб кўраверинг. Турли маъълумотларга қараганда, Қирғизистонда 1,3 миллинга яқин автомашиналар рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг қарийб 1 миллиони енгил машилардан иборат.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг