Ўзбекистон: Афғонистондан учинчи бор ракеталар отилгани ёлғон

Толибон ҳукумати қўшниларга икки бора ракета учирган гуруҳ қўлга олинганини билдирди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшни Афғонистондан Ўзбекистон ҳудудига учинчи марта ракета ҳужуми уюштирилганини расмий рад этди. Вазирлик бу хабарларнинг «ёлғон ва  мутлақо ҳақиқатга тўғри келмаслигини» ва “икки давлат чегараси Ўзбекистон ҳарбийлари томонидан тўлиқ назорат қилинаётганини ҳамда вазият барқарор” эканини маълум қилди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Афғонистондан Ўзбекистон томонга яна 8 реактив реактив снаряд учирилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Бундан қарийб икки ҳафта муқаддам Термиз шаҳрига Афғонистон ҳудудидан 5 та снаряд учиб келгани, апрель ойида эса Афғонистон томондан Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий бўлинмаларга ўнта ракета отилгани ҳақидаги хабарлар расмий тасдиғини топган.

Снарядлар портламагани боис қурбонлар бўлмаган ва бошқа жиддий зарар етказилмаган. Бир вақтда ана шундай снарядлар Тожикистон ҳудудига ҳам келиб тушган эди.

Ўшанда Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб турган, лекин дунёнинг бирорта мамлакати тан олмаган Толибон ҳукумати бу ҳодисаларни текшириб, расмий маълумот беришни ваъда қилган эди.

Куни-кеча толиблар ҳукумати Афғонистон ҳудудидан Тожикистон ва Ўзбекистонни ўққа тутганликда айбланаётган жиноий гуруҳ ҳибсга олинганини эълон қилди. «Толибон» ҳаракатининг матбуот котиби Забиулла Мужоҳид ўзининг Твиттердаги саҳифасида 15 июлга ўтар кечаси «Толибон» махсус кучлари Қундуз вилоятининг Имом Соҳиб тумани ҳудудида хорижийлар (ИШИД жангарилари) марказини вайрон қилгани ҳақида хабар тарқатди.

“Махсус операция натижасида жиноий гуруҳнинг 3 аъзоси йўқ қилинди, 5 нафари қўлга олинди. Уларнинг машиналари ва ўқотар қуроллари мусодара қилинди. Яқинда улар Ўзбекистон ва Тожикистон томон ракета отишган эди”, – деб ёзади Забиулла Мужоҳид.

“Озодлик” радиоси ҳозирча бу хабарларни мустақил манбалар орқали тасдиқлашнинг имкони йўқлигини эътироф этган.

Жорий йилнинг 7 майида афғон матбуоти жангарилар Афғонистон ҳудудидан Тожикистонга еттита снаряд отгани ҳақида хабар берган. Тожикистон расмийлари “ўқлар Тожикистон ҳудудига тасодифан учиб келганини” таъкидлашган, лекин чегара қўшинларини тўлиқ жанговар шай ҳолатга келтирган эди.

Жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистон расмийлари Афғонистон билан чегарадош ҳудудга бешта снаряд тушганини ва Термиз шаҳридаги Мажнунтол маҳалласидаги тўртта шахсий уйга зарар етказганини тасдиқлаган эди.

Тожикистон расмийлари Афғонистонда толибларнинг ҳокимиятга келишига жиддий норози эканини яширмайди, собиқ афғон ҳарбийларининг бир қисми бу мамлакатга қочиб ўтиб қўним топгани ҳам маълум.

Ўзбекистон эса, дунёнинг бошқа давлатлари қаторида толиблар ҳукуматини расмий тан олмасада, Афғонистондаги вазият борасида фаол, прогрессив ташқи сиёсат олиб бормоқда. Толиблар ҳукумати билан алоқа ўрнатгач, Афғонистон халқига инсонийлик ёрдами кўрсатиб, мамлакат ҳудудида бир қатор иқтисодий ва инфратузилмани тиклаш лойиҳаларини амалга оширмоқда.

Жорий йилнинг 25-26 июлида Ўзбекистон пойтахти Тошкентда Афғонистонга бағишланган халқаро конференция ўтказилади. Унда дунёнинг 20 давлати ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Бунгача 2018 ва 2021 йилларда Тошкентда бу давлат муаммоларига бағишланган икки халқаро конференция ўтказилган. Аввалги икки тадбирнинг узвий давоми бўлган учинчи конференцияда Толибон ҳукуматининг вакиллари ҳам иштирок этиши маълум бўлди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг