Элликка-эллик: Ўн бир нафар қирғизистонлик Тожикистон қамоқхонасидан бўшатилди

Қўшни давлат қамоқхоналарида яна ўттиз нафар атрофида Қирғизистон фуқароси бўлиши мумкин.

Ўтган йилнинг 24 октябридан тортиб Хўжанд тергов изоляторида сақланиб келаётган Айдарбек Хайдаровнинг “Озодлик” радиосига берган маълумотига кўра, у билан бирга яна 10 нафар Қирғизистон фуқароси ватанига қайтарилган.

Айдарбекнинг отаси Умарбай Ҳайдаровнинг Озодликка айтишича, ҳибсдан озод этилганларнинг аҳволи яхши. Унинг сўзларига кўра, озод этилган фуқаролардан олти нафари Лайлак туманига қарашли Жани-Жер қишлоғидаги милиция бўлимига олиб кетилган, тўрт нафари эса Бишкекка жўнатилган.

Ватанига қайтарилганларнинг барчаси турли вақтларда Тожикистон томонидан чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда гумонланиб ҳибсга олинган. Қирғизистон расмий идоралари бу борада ҳозирча изоҳ беришгани йўқ.

Бунгача Қирғизистон президентининг Боткен вилоятидаги вакили Абдикарим Алимбаев икки давлатнинг расмий органлари ҳибсдаги фуқароларни алмашиш жараёнини бошлагани ҳақида хабар берган эди. Бир ой аввал Лайлак туман суди ҳибсда Қирғизистонда ҳибсда сақланаётган 11 нафар тожикистонликни озод этиб, уларнинг ҳар биридан 50 минг сўмдан ($600 атрофида) жарима ундирган.

Шу йилнинг апрелида Қирғизистон Бош прокуратураси Тожикистондаги қамоқхоналарда 13 нафар қирғизистонлик жазо ўтаётгани ва улардан икки нафари умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилингани ҳақида хабар берган эди.

Ундан аввалроқ, февраль ойида эса 2021 йил давомида Тожикистон чегарачилари томонидан  чегарани ноқонуний кесиб ўтаётган 39 Қирғизистон фуқароси қўлга олингани ва улар турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилингани ҳақида расмий хабар тарқалган эди. Қирғизистон томонда қанча Тожикистон фуқароси борлиги ҳақида маълумот йўқ.

Сўнгги йилларда икки давлат чегарасидан тинимсиз жанжаллар бўлиб туриши кузатилмоқда. Улар баъзида кучли қуролли тўқнашувга айланиб, ҳар икки томондан қурбонлар берилмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди, мақолага бевосита алоқаси йўқ

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг