Собиқ президент Атамбаевнинг оиласидан унинг қарогоҳини бўшатишни талаб қилишмоқда

Ҳокимият вакиллари шахсий қароргоҳнинг давлат фойдасига мусодара қилинганини айтишган.

Атамбаевнинг адвокати Замир Жоошевнинг 24.kg сайтига маълум қилишича, Давлат мулкини бошқариш фонди (ДМБФ) вакиллари ва суд ижрочилари келиб, собиқ давлат раҳбарининг оила аъзоларидан бу ерни бўшатиб қўйишларини сўрашган. Атамбаевларга қароргоҳни шахсий мебель ва бошқа буюмлардан бўшатиб қўйиш учун 3 кунлик муҳлат берилган.

Адвокатнинг айтишича, фонд вакиллари ва суд ижрочилари қароргоҳ ҳудудига унинг дарвозасидаги қулфини пармалаш йўли билан бузиб киришган. Улар уйнинг қулфини ҳам парламалашга шайланиб туришганда уй эгалари ва адвокат келиб қолган.

“Улар бизга қароргоҳнинг мусодара қилингани ҳақида суд қарорини кўрсатишмади. Уйни уч кун ичида бўшатишмаса оилани куч билан чиқариб юборишларини айтиб, ультиматум қўйишди”, – деган Жоошев.

Қароргоҳ собиқ президентнинг шахсий маблағига қурилган, лекин сиёсий рақиблари уни бу ерларни ноқонуний йўллар билан ўзлаштириб олганликда айблашган. Қароргоҳнинг умумий майдони қарийб 1 минг 400 квадрат метрни ташкил қилиб, мамлакат пойтахти Бишкек шаҳрининг юқорисида, тоғларга яқин баҳаво масканда жойлашган.

Бугунги ҳолат юзасидан Атамбаевнинг рафиқаси Раиса Атамбаева милицияга ариза билан мурожаат қилгани маълум бўлди. Суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, Алмаз Атамбаевнинг мулки Биринчи май (Первомайский) тумани суди қарори билан давлат фойдасига мусодара қилинган. Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 23 июнида суд қарори билан Атамбаев “қонундаги ўғри” Азиз Батукаевни қамоқхонадан ноқонуний озод қилишда айбдор деб топилиб, 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Ҳозир иш Олий судда қайта кўрилиш арафасида.

Бундан ташқари ҳозир унга нисбатан бошқа яна бир неча айбловлар билан тергов ва суд жараёнлари давом этмоқда. Атамбаевнинг ўзи эса 26 май куни соғлиги ночорлашгани оқибатида 27-қамоқхонадаги касалхонадан Республика Миллий Кардиология марказига соғлигини текшириш учун ўтказилган.

Аввалроқ Атамбаевнинг оиласи қароргоҳни болалар учун Маърифий-соғломлаштириш, спорт мажмуасига айлантиришга қарор қилганларини маълум қилган. Лекин ДМБФ ва Меҳнат вазирлиги биргаликда Вазирлар маҳкамасига бу ерни қариялар учун стационар муассасага айлантириш бўйича таклифларини беришган.

Алмазбек Атамбаев президент бўлиб турган чоғида унга судларнинг адолатсизлиги, суд ва ҳуқуқ-тартибот идораларидаги коррупция ҳақида кўплаб мурожаатлар бўлган. Унинг ўзи ҳам судларнинг пулга сотилиши ҳақида гапиргани билан аниқ сиёсий ишлар бўйича суд ҳукмларини адолатли эканига жамоатчиликни ишонтиришга уриниб келган. Энди ўзи ҳам қамоққа тушгач, суднинг адолатсизлиги ва сиёсий ҳукмлар чиқариши ҳақида нолиб келяпти.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг