Туркиянинг Адана шаҳрида қўрбоши Шермуҳаммадбекнинг ҳайкали ўрнатилди

Маросимда қатнашган журналистларимиз қўрбошининг авлодлари билан учрашдилар.

Жорий йилда Туркиянинг Адана шаҳрида миллий истиқлол ҳаракатининг ҳарбий йўлбошчилари – қўрбошилар учун махсус парк-боғ барпо қилиниб, унинг ўртасига ўз даврида Фарғона водийси озодлик ҳаракатининг Олий қўмондони, “Кўршермат” лақаби билан танилган қўрбоши Шермуҳаммадбекнинг ҳайкали ўрнатилди. Ҳайкалнинг пойдеорига қўрбоши ҳақида қисқа маълумот ёзилган.

Май ойининг иккинчи ўн кунлигида Аданага яқин жойлашган Кадирли шаҳрида Турк дунёсининг адабиёт ва санъат халқаро фестивали ўтказилди. Унинг ишида Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан адабиётшунослар Барно Исоқова ва Хосият Бекмирзаевалар ўз ижодлари билан қатнашдилар. Сафар чоғида ўзбекистонлик ижодкорлар билан биргаликда Шермуҳаммадбекнинг ҳайкали қошига бордилар. Шаҳар марказида жойлашган “Қўрбошилар боғи” деб номланган мўъжазгина масканда туркий давлатларнинг байроқлари кўтарилган бўлиб, улар орасида Қирғизистон давлат байроғи ҳам ҳилпираб турибди.

Меҳмонларни қўрбошининг Осмонбей исмли невараси кутиб олди. Ўзбекистонлик болалар шифокори ва ёзувчи Муаззам Иброҳимова ташаббуси билан ташкил қилинган бу учрашув чин маънода тарихий воқеа бўлди.

Муаззам Иброҳимовага кўра, унинг юрти, ўзи туғилиб ўсган Фарғона вилоятида Гарбобо деган қишлоқ бўлиб, унда совет даврида Кўршермат лақаби билан “босмачи” деб қораланган қўрбоши Шермуҳаммадбек яшаган. Совет даври тарихига ҳам миллати ва дини учун курашган миллий озодлик ҳаракати қатнашчилари халқ душмани қиёфасида киритилган. Аслида эса XX аср бошларида, чор Россияси қулаб, большевиклар ҳокимиятга келгач, улар ҳам “оқ пошшо” сиёсатини Ўрта Осиё халқлари яшаган ҳудудларни истило қилиш мақсадида юришларини кучайтирган пайтда ўша довюрак инсонлар миллий истиқлол йўлида кураш майдонига чиққанлар. Фақат Ўрта Осиё давлатлари мустақилликка эришгач, бу тарихий ҳақиқат юзага чиқди.

Муаззам Иброҳимова Шермуҳаммадбекнинг ота ҳовлисидан бир ҳовуч тупроқ олиб, Туркияда яшаётган яқинларига топшириш учун келганини айтганида, фестивал иштирокчилари буни самимий олқишладилар. Сўнг 11 кишидан иборат меҳмонлар қўрбоши дафн қилинган қабристонга бордилар ва у ерда халқ қаҳрамонлари ҳаққига дуолар қилишиб, ота юртдан олиб келинган табаррук тупроқнинг бир қисмини қабр устига сепдилар.

Тупроқнинг қолган бир қисми Шермуҳаммадбекнинг оиласига топширишга қарор қилинди. Қўрбошининг кенжа қизлари Саодатхон Шермуҳаммадбек қизи водий нафасини олиб келган меҳмонларни кўзида ёш билан кутиб олди, меҳмонлар билан соф ўзбек тилида сўзлашди. Отаси ҳақида айтиб бериб, саволларга жавоб берди. Шермуҳаммадбекнинг Тошмуҳаммадбек, Тожимуҳаммадбек, Рўзимуҳаммадбек деган акалари, Нурмуҳаммадбек исмли укаси ҳамда Сарвинисо ва Тўфихон исмли сингиллари бўлган. Унинг онаси Тўпахон ая Қўшоқбек ҳожининг кенжа хотини эди. Шермуҳаммадбек оилада тўртинчи фарзанд бўлган.

Саодатхон ая отасининг 1917 йилда Россияда юз берган “инқилоб”лардан кейин Ўрта Осиёда, айниқса Фарғона водийсида аланга олган миллий истиқлол ҳаракатининг раҳнамоларидан бўлган қўрбоши Мадаминбекдан кейинги қаторда туриб, жанг қилганлигини айтди. Кейинчалик эса у ана шу озодлик ҳаракатига Олий қўмондон сифатида танланиб, рус босқинчиларига қарши курашган.

Тенгсиз урушда босқинчиларнинг қўли баланд келгани боис оиласи билан 1920 йили ота юртини ташлаб Афғонистон ва Покистонга қочиб ўтишга мажбур бўлади. Қўрбошининг оиласи ва айрим сафдошлари 1955 йилда Туркиянинг ҳозирги Адана шаҳрига келиб қўним топишган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам Қирғизистонда ҳам тарихга ҳақиқат кўзи билан қараб, бир вақтлар номига “босмачи” деб тамға босилган миллий-озодлик ҳаракати раҳбарлари ҳаётига ҳаққоний баҳо берилмоқда.

Ёши тўқсондан ошган онахоннинг дардли ҳикояларидан таъсирланган меҳмонлардан бири, “Шарқ юлдузи” журналининг ходимаси Дилором Муродова юртимизга қайтиб боргач, миллий қаҳрамонларимизнинг жасоратли ишларини матбуотда яна ёритиш кераклигини таъкидлади.

Ташаббус эгаси Муаззам Иброҳимова эса 24 йил кутган учрашувидан ўта мамнунлигини, бу тарихий учрашув тафсилотларини қоғозга тушириб, келажак авлодга етказишга ҳаракат қилишини айтди.

Ўзбекистонлик олим, тарих фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Ражабов ўзининг “Vatanparvar” газетасида чоп этилган мақоласида шундай деб ёзади:

“…Шермуҳаммадбекнинг сиёсий қиёфаси мухолифлар томонидан у қуролини ҳали ташламаган пайтдаёқ қуйидагича чизилган эди: «Кўршермат (Шермуҳаммадбек – Қ. Р.) – миллати сарт (ўзбек – Қ. Р.) бўлиб, барча қўрбошиларнинг энг ғайратли ва қатъиятлиси ҳисоб­ланади. Жангда жуда жасур, қўл остидагиларга нисбатан талабчан ва русларга (чор россияси босқинчиларига – Қ. Р.) шафқатсиз. У аҳоли ўртасида ғоят катта обрў-эътибор ва шуҳратга сазовордир».

Тарихчи олима Д. Зиёева «Туркистон миллий озодлик ҳаракати» номли китобида ХХ аср 20-йилларида матбуот саҳифаларида қўзғолончилар, хусусан, Шермуҳаммадбекнинг шиорлари ва мақсадлари ҳақида чоп этилган қизиқарли маълумотларни келтиради. Унинг кўрсатишича, Антонов «Красная Фергана» газетаси (1921 йил 17 май)да шундай ёзади: «Босмачилар қўмондони Кўршермат (Шермуҳаммадбек – Қ. Р.) совет ҳокимиятидан тўлиқ мустақиллик… ва умуман, Россиядан ажралишни талаб қиляпти… Унинг бу талаби РКПнинг миллий дастурига мос келадиган яхши ният, деб ўйлаш мумкин. Унинг чақириқларида миллий ҳаракат асослари яққол кўриниб турибди».

И. Сольц худди шу газетада эълон қилинган «Кўршермат ва автономия» сарлавҳали мақоласи (1921 йил 10 июл)да қуйидагича ёзади: «Кўршермат (Шермуҳаммадбек – Қ. Р.) ишчи-деҳқон ҳукуматига таъна қилиб, 15 кун ичида Туркистон учун мухторият беришни талаб этмоқда». Верин ҳам шу газета (1921 йил)да қу­йидагиларни таъкидлайди: «Кўршермат (Шермуҳаммадбек – Қ. Р.), Оллоёр, буржуазия, руҳонийлар вакиллари биздан миллий-маданий мухторият, шариат, ислом, урф-­одат ва анъаналар дахлсизлигини, ҳаётни бузишни тўхтатишни талаб қилдилар»…

Сокина, Оқбура, Ўш шаҳри.

Расмлар муаллифники. Қисман интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг