Наманганликлар Бишкекка ярим миллион дона гул совға қилиб, экиб ҳам беришади

Гуллар шаҳри номи билан донг чиқарган ажиб гўшада Халқаро гуллар фестивали бошланди.

Ўзбекистон Республикасининг Наманган вилояти марказидаги Тинчлик хиёбонида 61-халқаро гуллар фестивали бўлиб ўтмоқда. Фестивалга Қирғизистондан Бишкек шаҳрининг мэри Эмилбек Абдиқадиров, Жалолобод вилоятининг губернатори, Ўзбекистон билан чегарадош шаҳар ва туман раҳбарлари, шунингдек гулчиликка қизиққан инсонлар таклиф қилинган.

Гуллар шаҳри бўлмиш Наманганга 22 хорижий давлатдан 250 нафар гул устаси, икебана санъати вакиллари, ландшафт дизайнерлари ташриф буюриб, ўзларининг гулчилик санъатларини намойиш этишмоқда. Бобур номли шаҳар боғи атрофидаги ҳудудда эса профессионал ва ҳаваскор гулчилар етиштирган гуллар, кўчатлар намойиш этилиб, гуллар савдоси ташкил қилинган.

Қирғизистон делегациясининг вакиллари 300 турдаги 16 миллион гул экилган «Афсоналар водийси» паркининг тунги кўринишидан ҳайратга тушиб, баҳра олишди.

Жалолобод вилоятининг губернатори Абсаттар Сирғабаев гуллар байрамида сайр қилаётиб, «Биз Намангандаги гуллар байрамида иштирок этмоқдамиз, бу байрам кўтаринки руҳда бўлиб ўтмоқда, Биз қардош халқ бўлганимиз сабабли гул етиштиришнинг сирларидан тажриба олмоқдамиз, насиб қилса биз ҳам ўзимизнинг вилоятимизга мана шундай гулларни олиб кетиб, ўстирмоқчимиз», деди.

Бишкек шаҳрининг мэри Эмилбек Абдиқадировнинг сўзларига кўра,  61-халқаро гуллар фестивали доирасида Наманганга ташрифи чоғида мезбонлар Бишкек шаҳрига 500 минг гул совға қиладиган бўлишди. Совға қилинган гулларни наманганлик 100 нафар гулчи-боғбонлар Бишкекка келиб экиб берадиган бўлишди.

Бундан ташқари, Бишкек ва Наманган шаҳарлари ўртасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланди. Унга кўра томонлар ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш соҳасида мунтазам равишда ахборот ва тажриба алмашишиб туришади.

Аввалроқ Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг учрашувида Жалолобод вилояти билан Наманган вилояти ўртасида ҳамкорликликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш учун “йўл харитаси” тасдиқланган эди.

Халқаро гуллар фестивали Наманган шаҳрида 22 майдан 5 июнгача ўтказилиши режалаштирилган. Ҳозирги кунда Намангандаги 25 та меҳмонхона 2,5 мингдан ортиқ меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга. Жумладан 5 та меҳмонхонани тадбир арафасида очилди. Наманган шаҳри ва шаҳарга туташ туманларда жойлашган оилавий меҳмон уйларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фестивал Гул байрами номи билан 1961 йилнинг 24-27 август кунлари Наманган шаҳрида илк маротаба гуллар кўргазмаси шаклида ўтказилган. Шундан бери Наманганнинг энг катта анъанавий байрамларидан бири бўлиб келмоқда. Мана 4-5 йилдирки бу байрамга халқаро мақом берилиб, “Наманган гуллар фестивали” сифатида ташкил қилиб келинмоқда.

Тадбир учун “Афсоналар боғи” тасодифан танланмаган. XIX асрда боғ ўрнида Гулзор маҳалласи жойлашган эди. Аҳоли гул етиштириш, шунингдек, гулли ичимликлар, нектар, дори-дармонлар, ширинликлар, зираворлар ва асал ишлаб чиқариш билан шуғулланган. Гул маҳалласининг шуҳрати Қўқон хонлиги бошлиғи Худоёрхонга ҳам етиб боради ва у бу ерда мадраса қуришни буюради.

Улуғбек Каримов, Оқбура, Жалолобод.

Расмлар интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг