Ўз.А: Қирғизистонлик ижодкорлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида

Қирғизистонлик бир гуруҳ ўзбек ёзувчи-шоирлари, журналистлари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида меҳмон бўлди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид мамлакатимизда миллий адабиёт ривожига қаратилаётган эътибор  уюшманинг турли хорижий мамлакатлар, қардош элларнинг шу каби ижодий ташкилотлари билан ҳамкорлигининг тобора кенгайишида муҳим асос бўлаётганини таъкидлади. Бу эса ўзбек адиб ва шоирларининг ижодини халқаро миқёсда кенгроқ танитишда, жаҳон адабий жараёнлари билан кенгроқ бохабар бўлишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбирда ўзбек адибларининг китобларини қирғиз тилида, қирғиз ёзувчи-шоирларининг асарларини ўзбек тилида чиқариш ҳақида келишиб олинди. Ўзбекистон халқ шоири Республика ижодкорларининг Зомин семинарига қирғизистонлик ёш қаламкашларни ҳам чақириш таклифини, қирғизистонлик ижодкорлар орасидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига номзодлар тавсия қилиш лозимлигини билдирди. Бу эса давра аҳлини, хусусан, қирғизистонлик ижодкорларни ғоят мамнун этди.

Учрашувда меҳмону мезбонлар адабий ҳамкорлик борасидаги таклифларини ўртага ташладилар.

Тадбир сўнгида қирғизистонлик ижодкорлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тарихи музейини томоша қилди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев томонидан маҳорат сабоғи ташкил этилди.

ЎзА, Тошкент

Таҳририятдан: Учрашув «Ўзбекистон-Қирғизистон» дўстлик жамияти ташаббуси билан, бизнинг сайтимиз билан ҳамкорлик қилаётган журналист ва ижодкорлар учун Тошкентда ташкил қилинган семинар-тренинг доирасида бўлиб ўтди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг