Қирғизистон: Таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси давлат раҳбарларини инсофга чақирмоқда

Украинадаги урушга қарши намойишга чиққан Азиза Абдурасуловани суд жавобгарлигига тортишмоқчи.

Сешанба, 22 март куни Қирғизистондаги энг таниқли ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири, “Қилим шами” жамоатчилик фондининг собиқ раҳбари, ўз вақтида номзоди тинчлик бўйича Нобель мукофотига кўрсатилган 65 ёшли Азиза Абдирасулова устидан суд жараёни бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Шу муносабат билан ҳуқуқ ҳимоячиси ижтимоий тармоқлар орқали жамоатчиликка мурожаат қилган. Ўз сўзида Азиза Абдирасулова бундан тўққиз йил аввал, 2013 йилнинг 15 мартида собиқ ҳарбий прокурор Қубатбек Кожоналиев, амалдаги президент Садир Жапаров, ҳозирги Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ва эндиликда парламент раиси лавозимида ўтирган Талант Мамитовларни судда ҳимоя қилганини эслаган.

Ўшанда аталган 4 сиёсатчига мухолафатчи сифатидаги фаолиятлари учун давлат тузумига тажовуз қилишдек оғир айбловлар қўйилган ва улар жиноий жавобгарликка тортилган эди. Бу иш бўйича суд жараёнида Азиза Абдурасулова жамоятчи оқловчи сифатида бир неча ой судма-суд юриб, тўрт сиёсатчининг фойдасига жуда кўп ишларни қилган эди.

“Орадан тўққиз йил ўтиб, менинг ўзим ана шундай қонунсизлик билан қамалиб, судлашяпман. Ўша пайтда мен ҳуқуқларини ҳимоя қилган тўртовлон бугун энг юқори давлат лавозимларини эгаллаб туришибди”, – деб ёзади Абдирасулова. – “Улар [ўша пайтда] ўз ҳуқуқларини, чарчадим демай, ойлар давомида ҳимоя қилган ҳуқуқ ҳимоячиси энди қартайган кампирга айланиб, асоссиз судланаётганини, инсон ҳуқуқлари тўққиз йил аввал қандай оёқости қилинган бўлса, бугун ундан ҳам ночор аҳволга келиб қолганини билишармикин? Бошидан ўтказган қонунсизликларни эслашиб, ўтган кунларга бир қайрилиб қараб қўйишармикан?”

Мурожаат остига ҳуқуқ ҳимоячиси тўққиз йил аввал бўлиб ўтган суд жараёнида сўзлаган нутқини жойлаштирган. Унда Азиза Абдирасулова судланувчилар Қубатбек Қожоналиев, Садир Жапаров, Қамчибек Ташиев ва Талант Мамитовларга қарши қўзғалган жиноий ишнинг ноқонунийлигини айтиб, уларни озод қилинишини талаб қилган.

Ҳозирда пенсияда юрган Азиза Абдирасулованинг ҳибсга олинишига 17 март куни бошқа таниқли жамоат фаоллари Ондуруш Тоқтонасиров, Динара Ошурахуновалар билан биргаликда Россиянинг Қирғизистондаги элчихонаси олдида Украинадаги урушга қарши намойиш ўтказганлари сабаб бўлган. Уларни ўша жойдан милиция ходимлари алдов йўли билан маҳаллий туман милиция бўлимига олиб кетишган.

Намойишчиларга «ҳуқуқ-тартибот идораларига бўйсунмаслик» ва «майда безорилик» моддалари билан айблов қўйилгани маълум қилиниб, ишлари судга оширилган, лекин суд бу ишни қараб чиқишни 22 мартга қолдирган. Абдирасулованинг сўзларига кўра, бунга айбланувчиларнинг иш билан тўлиқ таниш бўлмаганлари сабаб бўлган.

«Биринчи Май (Первомайский) туман ички ишлар бўлими иш материаллари билан бизни таништирмади. Судга келгач, ҳар биримизга қарши иккитадан иш қўзғатилганига гувоҳ бўлдик. Биз улар билан танишишимиз керак”, – дейди Абдирасулова ва айблов қарорида улар йўл қўймаган ортиқча айбловлар борлигини таъкидлаган.

«Қилим шами» инсон ҳуқуқлари ташкилотининг ҳозирги раҳбари Гулшайир Абдирасулова ҳибсга олинганларнинг бўлгани Украинани қўллаб-қувватлаш мақсадида Россия элчихонаси биноси олдига тинч намойиш ўтказиш учун келганини айтади. Бунгача ҳам элчихона биноси олдида бундай намойишлар ўтказилиб келган ва милиция уларга қарши чоралар кўриб келган эди.

Масалан, 5 март куни аталган элчихона биноси ёнида Россиянинг Украина босқинида Украинани қўллаб-қувватлаш учун чиққан Мирлан Асакеев ҳибсга олиниб, унга «ҳуқуқ-тартибот органи ходимининг қонуний буйруғига бўйсунмагани» учун 3000 сўм (30 АҚШ доллари атрофида) жарима солинган.

Шу вақтнинг ўзида, аниқроғи орадан икки кун ўтиб, 19 мартда мамлакатнинг жанубий пойтахти бўлган Ўш шаҳри марказида ўттизга яқин фуқаролар Россияни қўллаб-қувватлаб намойишга чиқишган. Уларнинг бу чиқишларига ҳеч ким ҳалақит бермаган.

Аталган намойишчилар қўлга олингач маълум бўлдики, 11 мартда пойтахт милицияси Бишкек марказидаги айрим объектларда норозилик акциялари ва намойишлар ўтказишни тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилган. Унга кўра жорий йилнинг 11 апрелига қадар фуқаролар ва нотижорат (жамоат) ташкилотлари томонидан Жўғорқу Кенеш (парламент), республика ҳукумати, Россиянинг Қирғизистон Республикасидаги элчихонаси бинолари яқинида ва пойтахтнинг қоқ марказидаги Алатўў майдонида ҳам намойишлар ўтказиш тақиқланган.

Шу вақтнинг ўзида давлат ва муниципал органлари аталган жойларда расмий тадбирлар ўтказишлари мумкин. Қарорда жамоат фаоллари ўз намойишларини марказдан олисроқдаги Максим Горький номидаги ҳиёбонда ўтказишлари мумкин экани кўрсатилган.

Милиция ходимлари намойишчиларга Биринчи май тумани суди бу қарорни қонуний деб тан олгани ҳақидаги хулоса қарорини кўрсатишган. Лекин фаолларнинг қарор нусхасини уларга тақдим этиш ҳақидаги қонуний талабларини рад этишган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва юристлар намойишларни чеклаш ҳақидаги ушбу қарор ва суд хулосасини амалдаги конституция ва қонунларга зид эканини айтишмоқда. Шу сабабли улар туман суди хулосаси устидан Бишкек шаҳар судига шикоят тайёрлашга киришдилар.

Фаоллар жамоатчилик эътиборини қаратаётган яна бир қонунсизлик шундаки, фуқаролар фаолиятига бевосита таъсир кўрсатадиган қарорлар сўзсиз кенг жамоатчиликка ошкор қилиниши лозим. Қонуннинг бу талабини на милиция ва на суд бажармаганлар.

“Суднинг кучга кирган қарори 24 соат давомида жамоатчиликка етказилиши лозим. Бизни милиция бўлимига алдов йўли билан олиб кетишди. Менга бизни у ерда Биринчи май тумани ҳокими ва прокурор кутаётганини айтишди. Биз етиб борганимизда эса у ерда ҳеч ким йўқ эди. Биз вақтинча қўлга олинган ҳисобланиб қолдик. Улар бизни нима қилишни билишмас эди, чунки биз ҳеч қандай ҳуқуқбузарлик қилмаган эдик”, – дейди Азиза Абдирасулова.

Эртаси куни милицияга адвокат Нурбек Токтақуновни ҳам таклиф қилишган. Тоқтақунов аталган намойиш бўлаётган жойга иштирокчиларнинг адвокати сифатида, уларни кузатиб туриш учун борган. Шунингдек у милиция ходимларига тинч намойишга чиқиш фуқароларнинг эркинлиги ва конституциявий ҳуқуқи эканини тушунтиришга уринган. Адвокат ўзининг бошқалар каби маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини таҳмин қилмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг