Сохта диплом эгалари: Ўқитувчидан тортиб миллий хавфсизлик ходимигача

Қирғизистонда президент топшириғи билан қалбаки ҳужжатлар эгаларини «овлаш» давом этмоқда.

Текшириш ишларини олиб бораётган Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг матбуот хизмати берган маълумотга кўра, давлат ва муниципал органлар ходимлари орасида икки давлат фуқаролигига эга бўлган ва қалбаки дипломлардан фойдаланиб ишлаётганларни аниқлаш ишлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 январида республика президенти топшириғига кўра Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси барча даражадаги давлат хизматчиларининг бошқа давлат фуқаролиги борлиги тўғрисидаги ва дипломи қалбаки эмслиги юзасидан текширишни бошлаганини маълум қилган эди. Ўшанда хавфсизлик қўмитаси қалбаки ҳужжатларга эга бўлган давлат хизматчиларини ихтиёрий равишда сохта дипломни топширишга беришга ёки ўз лавозимларини топширишга чақирган. Бу ҳолат парламент депутатлари ва бошқа юқори лавозимли шахлар орасида сохта диплом эгалари борлиги аниқлана бошлагач, юзага келган эди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ана шундай ишлар юзасидан ўн минглаб турли материалларни текширишни режалаштирган. Бугунги кунда Жўғўрқу Кенешнинг 4 нафар депутати, ва 8 нафар маҳаллий Кенгашлар депутатлари, бир шаҳар ҳокими, собиқ ҳоким ва бир шаҳар ҳокими ўринбосари сохта дипломлардан фойдаланганликда гумон қилиниб, текширилмоқда.

Дипломи қонуний экани гумон туғдирганлар орасида Давлат ҳисоб палатаси судьяси ва аудитори, 10 нафар милиция ходими, ҳатто Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг чегара хизмати ходими, Солиқ хизмати, Ташқи ишлар вазирлиги, Ижтимоий жамғарма, бир қатор вазирликлар ҳамда бошқа давлат органлари ходимлари ҳам бор экани айтилган.

Текшириш ишлари соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари вакиллари, банклар, коммунал хизматчилар, қишлоқ туманлари раҳбарлари ҳам текширилмоқда.

“Олиб борилган тушунтириш ишлари натижаларига кўра, 9 нафар шахс ўзининг сохта дипломини ихтиёрий равишда топширган, шу сабабга кўра 16 нафар ходим ўз хоҳиши билан ишдан бўшатилган”, – дейилади матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Ўтган ҳафтада Норин вилоятидаги Қўчқор туманидаги умумтаълим мактабларидан бирининг ўқитувчиси айнан мана шундай текширишлар жараёнида ўз жонига қасд қилди. Ўз жонига қасд қилишга айнан ана шундай текўириш сабаб бўлгани исботланган эмас. Бироқ аёлнинг ўз жонига қасд қилишдан олдин туман прокуратурасида сўроқ қилингани маълум. Унга дипломи сохта экани ҳақида айблов қўйилгани ва буни тегишли олий ўқув юрти томонидан тасдиқлангани айтилган. Аёл бунинг нотўғри эканини исботлаш учун шахсан Бишкекка бориб, ўша олий ўқув юртига учраб келишини айтган, лекин эртасига унинг ўз жонига қасд қилгани маълум бўлган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг