Қирғизистон ва Ўзбекистон Украинадаги вазиятни юмшатишга чақиришди
Бу ҳақда икки давлат ташқи ишлар вазирларининг Туркиядаги учрашувидан сўнг айтилди.
Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Қазақбаев Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 11 мартда Туркиянинг Анталья шаҳрида Иккинчи «Анталья дипломатик анжумани» доирасида учрашдилар. Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) матбуот хизмати хабар берди.
Ташқи ишлар вазирлиги сайтида берилган маълумотга кўра, ТИВ етакчиси Руслан Қазақбаев ўзбекистонлик ҳамкасби билан халқаро ва давлатлараро кун тартиби бўйича фикр алмашиб, Украинадаги вазиятни сиёсий-дипломатик йўллар билан тартибга солиш мақсадида тез орада вазиятни юмшатиш, уруш ҳаракатларини тўхтатиш ҳамда музокараларга қайтиш зарурлиги бўйича бир фикрга келишган.
Бундан ташқари, томонлар Қирғизистон-Ўзбекистон ҳамкорлиги кун тартибидаги долзарб масалаларни ҳамда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилишган.
«Томонлар шунингдек, икки давлат ўртасидаги савдо айланмасини бундан кейинги динамик ўсиши ҳамда унинг кўламини икки миллиард АҚШ долларига етказиш учун савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик борасида ўзаро ишларни давом эттиришга тайёр эканликларини билдиришди», дейилади Қирғизистон ТИВнинг маълумотида.
Шунингдек, маълумотда чегара ва ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллаштириш борасида томонлар икки давлатнинг чегарага яқин вилоятларидаги раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғинини яқин орада Қирғизистонда ўтказиш муҳим экани бўйича келишилгани айтилади.
Мазкур анжуманда Қирғизистон ташқи ишлар вазири Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) бош котиби Хелга Мария Шмид билан ҳам учрашган.
Вазирликнинг матбуот хизматидан хабар берилишича, вазир Руслан Қазақбаев суҳбатдошига Қирғизистон президенти Садир Жапаров томонидан айтилган давлатнинг холис позицияси ва Украинадаги ҳарбий низони дипломатик усуллар билангина ҳал қилиш учун томонларни бир стол атрофига ўтқазиш даъвати ҳақида маълумот берган.
«Руслан Қазақбаев эҳтиёж туғилган вақтда Қирғизистон тинчликни ва ўзаро ҳамфикрликни ўрнатиш учун керак бўлган воситачилик ёрдамини кўрсатишга тайёр эканини билдирди», дейилади ТИВ матбуот хизматининг хабарида.
Уруш вазиятидаги Россия ва Украина ўртасидаги битимга асосан «Анталья дипломатик анжумани»да Россиянинг ТИВ етакчиси Сергей Лавров украиналик ҳамкасби Дмитрий Кулеба билан музокара олиб борган. “Интерфакс” агентлигининг билдиришича, бир ярим соат давом этган учрашувга журналистлар киритилмаган.
Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли ҳам иштирок этган музокаралардан сўнг Кулеба ва Лавров алоҳида-алоҳида матбуот анжумани ўтказган.
Маълумотга кўра, томонлар бир қарорга келиша олмаган. Кулебанинг ОАВ вакилларига айтишича, улар ўқ отишни тўхтатиш ва Украинанинг Мариуполь шаҳридан тинч аҳолини эвакуация қилиш учун инсонпарварлик йўлагини очиш масаласида ҳам бир фикрга кела олишмаган.
Сергей Лавровнинг матбуот анжуманида айтишича, Россия Украинага ҳужум қилмаган ва бошқа давлатларга ҳам ҳужум қилмайди. Маълумки, Россия Украинага қарши ва унинг ҳудудида олиб борилаётган кенг кўламли жангларни махсус операция деб атаяпти.
«Украинадаги ҳарбий ҳаракат Россия Федерацияси хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид пайдо қиладиган вазият юзага келгани учун бошланган», – деб айтган Лавров.
Шунингдек, Лавров Украина президенти Владимир Зеленский билан Россия давлат раҳбари Владимир Путин ўртасидаги эҳтимолий учрашуви ҳақида ҳам сўз очган.
«Немис тўлқини» (Deutsche Welle, DW) турк хизматининг ёзишича, Лавров Путин учрашувдан қочмаслигини, аммо Россия бу учрашувнинг қуруқ гап учунгина ўтказилишини истамаслигини билдирган. «Бу ҳақда Кулеба билан суҳбатлашдик», деб айтган Лавров. Украина эса, икки давлат раҳбарлари учрашувига тайёр эканини аввал ҳам бир неча бор билдирган эди.
Туркиянинг Анталья шаҳрида ўтган дипломатик анжуманда 75 давлатдан келган юқори лавозимдаги расмийлар ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари иштирок этган.
Юсуф Муҳаммад, Оқбура, Ўш
Расмлар Қирғизистон ТИВ сйтидан олинди