Чингиз Айтматов: Театрга кирган томошабин спектакльдан ҳақиқий одам бўлиб чиқади…
Ўш Ўзбек академик мусиқали драма театрининг 105 йиллик юбилейи арафасидаги хотиралар.
Қирғизистон Республикасида ташкил қилинган тўнғич театрнинг шарафли юбилейи арафасида унинг собиқ директори, Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби, ёзувчи ва драматург Абдуғани Абдуғафуровнинг хотираларини чоп этишда давом этамиз.
***
Ўтган аср охирлари, 1982 йилнинг февраль ойи. СССР Олий Советига сайловларга тайёргарлик авж олган. Қирғизистон жанубида Олий совет депутатлигига таниқли ёзувчи ва жамоат арбоби Чингиз Айтматовнинг номзоди кўрсатилган.
Тақдир тақозоси билан камина Чингиз Айтматовнинг ишончли вакили бўлиб қолдим. Бир неча кун Чингиз оға билан бирга туман ва шаҳарларни оралаб кезишга, сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга тўғри келди. Чингиз оға билан ижодий суҳбатлар, мулоқотлар натижаси ўлароқ устоз-шогирд мақомини олиш бахтига муяссар бўлдим. Бу суҳбатлар орасида Чингиз оғага Ўш ўзбек театрида “Момо ер” спектакли қўйилгани ва бу борада ижодий эксперимент (тажриба) ўтказганимиз ҳақида сўзлаб бердим.
Чингиз оға гапларимни катта эътибор ва завқ билан тинглади. Воқеа шундай бўлган эди :
1966 йили Чингиз оғанинг “Сомон йўли” номли қиссаси асосида Ўзбекистон халқ шоири Туроб Тўла асарнинг саҳна вариантини ёзган ва унга муаллифнинг розилиги билан “Момо ер” деб ном берган.
Тошкентдаги бир учрашувимизда Туроб Тўладан ўша пьесани сўраб олдим ва Ўшга олиб келиб театрга, бош режиссёр Эркин Муродовга топширдим. Асар театрда муваффақиятли саҳналаштирилди. Бош ролни, яъни Тўлғоной ролини Қирғизистон халқ артисти Лайлихон Моидова ўйнади.
Кейинроқ 1969 йили шу спектакльдаги Тўлғоной ролига тажриба тариқасида Бишкек (ўша вақтдаги Фрунзе) шаҳридаги Қирғиз Академик драма театридан СССР халқ артисти Дарқул Қуюқова таклиф этилди. Бу актриса Бишкекда худди шу спектакльда мана шу бош ролни қойилмақом қилиб ўйнар эди.
Камина театр бадиий кенгашига жамоатчилик вакили, драматург сифатида аъзо эдим. Қуюқова келгач, репетицияларда қатнашиб, айрим саҳналарга таржимонлик қилдим. Уч кундан сўнг спектакльнинг янги, таъбир жоиз бўлса, янгича премьераси бўлиб ўтди. Қуюқова – Тўлғоной саҳнада қирғиз тилида, қолган образлар ўзбек тилида ижро этилди. Залда бир ҳафта аншлаг, томошабинларнинг ярми қирғизлар, ярми ўзбеклар эди. Олқишларнинг чеки йўқ эди. Ўша бир ҳафта чинакам санъат байрамига айланиб кетган эди…
Мен ҳикоямни тугатар-тугатмас Чингиз оға мамнуният билан қўлини елкамга ташлаб, “жуда зўр воқеа бўлибди, молодцы” деб қўйди. Ўша кунларда Ўш қирғиз драма театрида ўтган сайловчилар билан учрашувда Чингиз оға ана шу воқеани мамнуният билан тилга олди:
– Биродарлар, дўстлик-дўстлик, дея юз марта қичқириб, шиор кўтаргандан кўра, бир марта Ўш ўзбек театрига ўхшаб амалий иш қилингани мақсадга мувофиқдир.
Шу сўзларини таъкидлагач, Ўш ўзбек театрининг “Момо ер” спектакли бўйича қилган ижодий тажрибамиз ҳақида мароқ билан сўзлаб берди. Қарсаклар янгради…
Ўш ўзбек театри ижодий жамоаси билан учрашувда Чингиз оғанинг маърузасидан:
– Мен ўзбек адабиёти ва санъатидаги янгиликлардан мунтазам хабардор бўлиб тураман. “Асрга татигулик кун” романини ёзиш арафасида таниқли ўзбек ёзувчилари, қадрдон дўстларим Одил Ёқубов ҳамда Пиримқул Қодировларнинг романларини қайта ўқиб чиқдим. Шундан сўнг ёзилажак романимни янада мукаммал қилишга иштиёқим ортди.
Сизларнинг жамиятдаги ўрнингизга келсак, у анчагина юқори поғонада. Оддий ишчи ва деҳқонлар иқтисодиётимизни мустаҳкамлайди, тиббиёт ходимлари жисмимиз соғломлигини таъминлайди, таълим ходимлари келажак авлодга ғамхўрлик қилади, сиз санъаткорлар эса қалбларимизни поклашга хизмат қилаяпсизлар.
Зеро, инсонга қалбни Яратган Парвардигор беради, уни эса инсон ўзи тўлғазади. Театрга томошабин инсон сифатида киради ва спектакльдан таъсирланиб, хақиқий одам бўлиб чиқади…
Сизларга ижодий парвозлар тилайман!
Мазкур мавзудан бироз четлаб кетса ҳам бир нарса ёдимга тушди. Ўш шаҳрининг шарқий мавзеси – Амир Темур шаҳарчасига (Ўн адирга) чиқаверишда донолар бисотидан ҳикматли сўзлар темир тахтачаларга ёзиб қўйилибди. Албатта бу катта тарбиявий аҳамиятга эга. Ўша тахтачаларнинг биринчисига Чингиз Айтматовнинг қуйидаги доно сўзлари ёзилган: “Одам учун энг қийини – ҳар куни одам бўлишдир”.
Эсимда, Чингиз оға бу ҳикматли сўзларини бундан 40 йил муқаддам ўша учрашувларнинг бирида айтган эди.
(Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби, Қирғизистон ва Россия Федерацияси Ёзувчилар уюшмаларининг аъзоси, драматург Абдуғани Абдуғафуровнинг эсдаликларидан).
Тайёрлаган: Одилжон Дадажонов, Оқбура, Ўш.
Сурат интернетдан олинди