Амал ва лавозимлар вақтинча, шеърият ва маънавият абадий…
Ўш шаҳрида ёш шеърхонлар орасидаги танлов ниҳоясига етди.
Дам олиш кунлари Ўшдаги Давлат қирғиз драм театрида “Ватанни севиш – иймондандир” номли республика бадиий ўқиш танловининг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Жўғўрқу Кенеш депутатлари Нуржигит Қадирбеков ва Мирлан Самийқўжў ўқиган ҳиссиётли шеърлар залдаги барчанинг кайфиятини кўтарди.
Мирлан Самийқўжўнинг: “Мансаб беш йилда битади, мандат беш йилдан сўнг олиб қўйилади, бойлик бир куни бориб тугайди. Шоирларнинг шеърлари, донишмандларнинг ўгит-насиҳатлари, ёзувчиларнинг асарлари абадий яшайди”, деган сўзлари залдаги ёшларга жуда катта таъсир қилди.
Танловда биринчи ўринни Азамат Давутов олса, кейинги ўринларга муносиб топилган Абдималик қизи Айбике, Шерибекова Сумая, Қапарова Гулнара ва бир неча ўнлаган иштирокчилар пул мукофоти ва рағбатлантирувчи ёрлиқлар билан тақдирландилар.
Танлов иштирокчиларидан Қулматова Айсезим, Айпери Ақилбек қизи, Гулиза Набиева, Базарбай қизи Айсапат, Ирисбек уулу Жилдизбек, Батиш Омуроваларнинг ўқиган ватан ҳақидаги шеърлар ҳам ҳаммага манзур бўлди.
Танлов ўтказиш ғояси Қирғизистон халқининг, ёш авлоднинг Ватанга муҳаббат ҳиссини шакллантириш ва кучайириш мақсади натийжаси ўлароқ юзага чиқди. Беллашувга Бишкек, Жалолобод, Толас, Боткен ва Ўш вилоятларининг шаҳар, қишлоқларидан уч мингдан ортиқ қирғизистонлик ўқувчи ёшлар иштирок этишди. Улар ўзларининг она ватанни улуғловчи ижод намуналари ва таниқли шоирларнинг ватан ҳақидаги шеърларини бадиий, ифодали ўқиб беришди.
Ўш шаҳрида “Муҳаммад Умар” жамоатчилик фонди ва “Китеп.КG” китоб дўкони биргаликда уюштирган тадбирда беллашувнинг финал босқичига чиққан ёшлар иштирок этдилар.
Танлов Қирғизистон парламенти депутатлари, Давлат тили бўйича миллий комиссия раҳбарияти, шоир ва ёзувчилар, жумладан шоир Қуштарбек Кимсанов ҳамда Ўш шаҳар ҳокимияти ташаббуси билан ўтказилди.
Истардикки, мана шундай тадбирлар доимий равишда ўтказилиб турса ва уларда ўзбек ва бошқа миллатлар вакилларининг ўз она тилларида иштирок этишларига имкон яратилса. Чунки Қирғизистонимиз – кўп миллатли диёр ва бу муқаддас ватанимизни ҳаммамиз бирдай севамиз.
Хосият Бекмирзаева, Оқбура, Ўш
Расмлар муаллифники