Ўшликларга кулгу улашган соқов келин саёҳатга ҳозирланмоқда

Ўш шаҳридаги ўзбек Академик мусиқали драма театри томошабинларга янги спектакль тақдим этди.

Баҳор байрами арафасида Ўш шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли ўзбек Академик мусиқали драма театрида томошабинларга «Соқов келин» комедияси тақдим этилди. Театр биноси таъмирда экани сабабли Рихсивой Муҳаммаджонов асари асосида тайёрланган спектакль премьераси Султан Ибраимов номидаги маҳаллий қирғиз Миллий драма театрида бўлиб ўтди.

Комедия қаҳрамони, ёш йигит Жамшид қўшнисининг аёли Сарви опанинг ҳаддан зиёд кўп гапирганидан безор бўлиб юради.

Бир куни йигит Сарвининг эри Тоштемирдан, қандай қизга уйланай, деб маслаҳат сўрайди. Аёлининг жағиллашларидан зериккан Тоштемир ўйланиб ҳам ўтирмай, камгап қизга уйланишни маслаҳат беради. Кейин Жамшид билан учрашувга бирга бориб, гул сотаётган қиз Ойпопукни танлашади. Улар учрашув вақтида қизнинг сира гапирмаганини унинг камгаплигига йўйишади.

Спектакль саҳнасидан бир кўриниш

Тўйдан кейин эса қизнинг соқов экани маълум бўлади.

Мана шундай воқеалар ривожи томошабинлар диққатини тезда ўзига тортиб олди. Соқов Ойпопукнинг тили чиқиб (ролни Қирғизистон маданият аълочиси Одина Аббосова ижро этган), бора-бора қўшниси Сарвидан ҳам ўтиб тушадиган сергап келинга айланиб қолади.

Театр бадиий раҳбарининг адабий бўлим бўйича ёрдамчиси Раъно Маҳмудованинг айтишича, мазкур спектакль постановкачи режиссёр Шуҳрат Азимов томонидан тавсия қилинган ва 2022 йилнинг репертуаридан ўрин олган эди.

Спектакльнинг бугунги кун учун аҳамиятли томони шундаки, ҳаётимизда тез-тез учрайдиган бўлиб қолган ажралишлар муаммосини кўтаради. Ажрашишларнинг сабабларидан бири бўлган аёлларнинг кўп гапириши, шу туфайли оиладан тотувликнинг кетиши каби салбий ҳолатлар енгил кулгу остига олинган. Ҳолбуки, сўз эркинлигидан ҳамма бирдек фойдаланиш ҳуқуқига эга. Бироқ, бу ерда ҳам меъёрий мезонлар борки, уларни четлаб ўтиш, ҳаддидан ошиб кетиш яхши оқибатларга олиб келмайди.

“Спектакль жараёнида муқаддас оилани тиклаш, сақлаш учун эркакларнинг сабр-тоқати нақадар муҳим экани ҳам жуда чиройли ва ўринли кўрсатилган”, – дейди Раъно Маҳмудова.

Спектакль ниҳоясига етгач, сўзга чиқиб табриклаган жамоатчилик фаолларидан бири, журналист Ҳулкар Исамова театрнинг барча ходимларига ўз миннатдорчилигини билдирди. У томошабинлар номидан актёр ва режиссёрлардан ташқари саҳна ортидагиларга ҳам ташаккур изҳор этди.

“Театр биноси таъмир бўлаётган бир пайтда ҳамшаҳарларга кулгу, байрамона кайфият улашиш учун қилган меҳнатларингиз олдида барча томошабинлар олдида таъзим қиламиз”, – деди у.

Спектакль томошабинлар томонидан жуда яхши кутиб олингани боис уни яна такрор намойиш этишга қарор қилинди. Фақат театр биноси таъмирда экани сабаб, ижодий жамоа томоша қўйишга яроқли бино излашга мажбур бўляпти. Шу тариқа “Соқов келин” тез кунларда Ўш шаҳрига яқин жойлашган Қизилқишлоқ, Қашғарқишлоқ, Шарқ ва бошқа қишлоқ ҳукуматларига саёҳатга бел боғлади. Томошалар асосан маҳаллий маданият уйларида қўйилади.

Спектаклнинг саҳналаштирувчи режиссёрлари Равшанбек Турсунов ва Шуҳрат Азимов. Уларга ассистентлик қилган Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист Матлуба Мавлянованинг ижро этган роли ҳам томошабинларга манзур бўлди.

Спектакль мусиқасини театрнинг мусиқа раҳбари, Қирғизистон маданияти аълочиси Дилшодбек Азимов бошчилигидаги гуруҳ тайёрлади. Рассом – Азизилло Аҳмедов.

Эслатиб ўтамиз, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги ўзбек Академик мусиқали драма театри биноси ўтган йилнинг сентябрь ойидан бошлаб реконструкция қилинмоқда. Таъмир ишлари билан боғлиқ барча ҳаражатларни қўшни Ўзбекистон ҳукумати ўз бўйнига олган. Бино анча кенгайтирилиб, замонавий услубда жиҳозланиши ҳам кўзда тутилган.

Барно Исоқова, Оқбура, Ўш.

Расмлар муаллифники

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг