Айтсам тилим куяди, айтмасам… Бетарафлик қўлловдан кўра кўра яхшироқми?

Чамаси, энди Украина расмийларининг Қирғизистоннинг позициясидан кўнгиллари тўлди.

“Бетарафлик – Россиянинг ҳаракатларини тўғридан тўғри қўллашдан кўра яхшироқ”, деди Украина парламентининг “Халқ хизматчиси” (“Слуга народа”) фракцияси сафидаги депутат Мария Мезенцева журналистлар учун ўтказган матбуот анжуманида.

“Кўпчилик урушга қарши чиқаётганини айтмаслик учун холис бўлиб қоляпти. Бетарафлик – Россиянинг ҳаракатларини тўғридан тўғри қўллашдан кўра яхшироқ. Лекин биз Қирғизистон билан ишлашда давом этамиз…”, деди Мезенцева, ҳар ким ўз позициясини мустақил аниқлашини эътироф қилар экан.

Мария Мезенцева Украина парламентининг “Халқ хизматчиси” (“Слуга народа”) фракцияси сафидаги депутат

Эслатиб ўтамиз, Украина ҳудудида пайдо бўлган янги сепаратистик тузилмаларнинг Россия томонидан тан олиниши ва Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларнинг бошланиши борасида Қирғизистон раҳбарияти танқидий фикр билдирмади. Аксинча, президент Садир Жапаровнинг бу ҳақдаги гаплари гўёки Россияни қўллашдек қабул қилинган эди. Натижада Украина президенти Владимир Зеленский Қирғизистондаги Украина элчисини чақириб олишини эълон қилди. Дания эса қирғизистонлик машҳур раққос Атай Омурзақов ва унинг ижодий гуруҳи билан кўп йилга тузилган битимни бекор қилганини маълум қилди. Тез орада данияликлар ўз хатоларини тушунишиб, Атайдан кечирим сўрашди ва ижодий гуруҳни Данияга келавериши мумкинлигини айтди.

Кеча, Қирғизистон президенти Садир Жапаров биринчи бор бу уруш ҳақида позициясини аниқ эълон қилди. Вазирлар маҳкамасининг айрим аъзолари қасамёд қилгандан сўнг, президент депутатлар олдида сўзлаган нутқида Украинадаги уруш масаласида Қирғизистон холис позицияда эканини айтди.

«Россия ва Украина ўртасидаги вазиятнинг оқибатлари аксарият давлатларга салбий таъсир кўрсатмоқда. Дунёда иқтисодий, савдо, мудофаа ва бошқа соҳаларда мураккаб вазият юзага келди. Биз кичик давлатмиз, урушни тўхтатиш учун етарли таъсирга эга эмасмиз, шунинг учун биз бу можарода бетарафмиз», – дея Жапаровнинг сўзларини келтиради “Озодлик” радиоси.

Бунгача, 3 март куни БМТ Бош Ассамблеяси Россиянинг Украинага қуролли босқинини қораловчи резолюцияни муҳокамага қўйиб, уни 141 давлат қўллаб-қувватлаган, 35 давлат бетараф қолган. Россиянинг ўзини қўшганда 5тагина давлат резолюцияга қарши овоз берган. Қирғизистон ва Қозоғистон бетарафлар қаторида овоз беришган бўлса, Ўзбекистон овоз беришда иштирок этмаган. Кейинроқ Ўзбекистон расмий равишда икки давлат ўртасидаги масалалар тинч йўл билан ва халқаро ҳуқуқ негизида ҳал қилиниши лозимлиги хақида баёнот берди.

Қирғизистон раҳбариятининг уруш борасидаги позициясини аниқ айтмагани бундан аввал ҳам айрим саволларни туғдирган эди.

Россия халқаро майдонда ўз қўлловчилари сонини кўпайтиришга интилаётган бир пайтда, 26 февраль куни Россиянинг давлат назоратидаги РИА “Новости” сайтида «Қирғизистон президенти Садир Жапаров Россия президенти Владимир Путин билан суҳбатда Россия Федерациясининг Донбассда тинч аҳолини ҳимоя қилиш бўйича ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди”, – деган хабар эълон қилинди.

Лекин Қирғизистон президентининг расмий сайтида Жапаров ва Путин ўртасидаги телефон суҳбати ҳақидаги пресс-релизда бу суҳбат натижалари икки давлат раҳбарларининг «халқаро ва минтақавий хавфсизлик масалалари, жумладан, Украина атрофидаги мавжуд вазият юзасидан фикр алмашгани» айтилган холос.

Эртаси куни эса, Россия нашридаги хабардан кейин Қирғизистон Республикаси президентининг матбуот котиби Эрбол Султанбоев Фейсбукда «Қирғизистон Республикаси томонларнинг тинчликка тезроқ эришишига умид қилмоқда», деган изоҳини эълон қилди. «Биз мавжуд вазият, жумладан, кейинги қурбонлар ва вайронагарчиликларнинг олдини олиш бўйича музокаралар йўли билан ҳал қилинишини олқишлаймиз», – деб ёзди Султанбаев.

Халқаро даражадаги сиёсатшунослар Украина-Россия уруши ҳақидаги позициялари масаласида Марказий Осиё давлатлари ва умуман Россия ташаббуси билан тузилиб, ушбу давлат раҳнамолик қилаётган турли ташкилотларга аъзо бўлган давлатлар жуда эҳтиёткорлик билан сиёсат юритаётганини эътироф этишмоқда.

Бир томондан бу уруш уларнинг иқтисодиётига ҳам салбий кўрсатаётганини учун унга қарши бўлишса, иккинчи томондан иқтисодий томондан Россия билан узвий боғлиқлиги туфайли уни ошкора танқид қилиб, урушни тўхтатишни талаб қилишга журъат қила олмаяптилар.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 феврали эрта тонгда Россия ҳарбий қўшинлари Украина ҳудудига бостириб киришди. Россия президенти бу ҳақда эълон қилар экан, бу босқинни “махсус операция” деб атади ва унинг мақсади Украинани ҳарбий салоҳиятини йўқ қилиш ва нацистлик ғояларидан тозалаш эканини айтди.

Россия Украинанинг бир нечта шаҳарларини эгаллаганига қарамай, уруш ҳаракатлари икки ҳафтадан бери давом этмоқда. Мамлакат пойтахти Киев ўзини ишонч билан мудофаа қилмоқда, президент Владимир Зеленский пойтахтни тарк этишдан бош тортиб, деярли ҳар куни видео мурожаатлар билан чиқиб турибди. Бунгача хавфсизлик нуқтаи назаридан АҚШ унга Киевни тарк этиб, мамлакатни бошқа давлатдан туриб бошқаришни таклиф қилган ва Зеленский бу таклифни рад этган эди.

Айрим ҳарбий мутахассисларнинг фикрига кўра, Россия Украинани икки суткада эгаллаб олиши керак эди. Бугун Туркияда икки давлат ташқи ишлар вазирларининг учрашуви ўтмоқда. Бунгача махсус делегацияларнинг Беларусда ўтган учрашувлари чоғида тинч аҳолини уруш бораётган ҳудудлардан олиб чиқиб кетиш учун “гуманитар коридор” очиб, уруш ҳаракатларини вақтинчалик тўхтатиб туришга келишилган.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг