Россия-Украина уруши: Россия маълумот майдонида мутлоқ давлат монополияси ўрнатилди
Мамлакатда киритилган цензура туфайли мустақил журналистлар ўз фаолиятларини тўхтатишга мажбур бўлишди.
“Агентство” нашри тарқатган хабарга кўра, Россиянинг Украинага қарши қуролли босқини бошланганидан буён камида 150 нафар журналист бу мамлакатни тарк этган. Агентликнинг хулосаларига кўра, бунинг асосий сабаби Россияда амалда ҳарбий цензуранинг жорий этилиши бўлмоқда.
Россияда ўтган ҳафталарда қабул қилинган қонунларга кўра, мамлакатда қуролли кучлар фаолияти тўғрисида фейк (нотўғри маълумот) тарқатган фуқаролар озодликдан маҳрум қилинишлари мумкин. Россия армиясини «обрўсизлантириш» ва рус ҳарбий қисмларининг бошқа давлатлар ҳудудида фойдаланишнинг тўғрилигини инкор этганлар учун аввалига маъмурий жарима, кейин эса жиноий иш очилиши кўзда тутилган.
“Армияни обрўсизлантириш” моддаси бўйича аллақачон ўнлаб маъмурий ишлар қўзғатилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Улар орасида урушга қарши намойишларга чақириғи учун жазога гирифтор бўлганлар бор. Масалан, 6 март куни Кемерово суди маҳаллий фуқарога ушбу модда бўйича 60 минг рубль жарима солган. Бундан аввалроқ ана шундай жарима Кострома шаҳри турғунига нисбатан солинган. Красноярск шаҳар суди эса маҳаллий фаол Вера Котовани Владимир Лениннинг қор билан қопланган гранит ҳйкалига «Урушга – йўқ» (Нет войне!) деб ёзгани учун жаримага тортган.
Эслатиб ўтамиз, уруш бошлангандан буён расмийлар Россияда фаолият юритаётган мустақил нашрлар, жумладан чет эл нашрларининг бўлинмаларига қаттиқ тазйиқ ўтказа бошладилар. Украинадаги уруш ҳақида ҳақиқатни, ёки бўлмаса Украина томоннинг позициясини бергани учун “Медуза”, “Медиазона”, BBC (Би-би-си), DW (Немис тўлқини), “Озодлик” радиоси ва унинг лойиҳалари асосида очилган сайтлар блокланган.
Россияда энг оммабоп ҳисобланган мустақил «Эхо Москви» радиостанцияси биратўла тугатилди. «Дождь», «Новая Газета» ва бошқа нашрлар ҳам ана шундай босим туфайли ўз фаолиятларини тўхтатишга мажбур бўлишди. Россияда Украинада бўлаётган воқеаларни уруш деб аташ, Россиянинг Украинага босқини, ёки бостириб кириши деган ибораларни қўллаш қатъий тақиқланган. Бунинг ўрнига расмийлар айтганидек “махсус операция” иборасини қўллаш талаб қилинмоқда.
«Агентство» нашрининг таъкидлашича, аталган оммавий ахборот воситалари журналистларининг асосий қисми Москвани тарк этишган. Масалан, “Медуза”нинг деярли бутун таҳририяти, «Дождь» «Эхо Москви» ва «Новая Газета» нашрларининг айрим журналистлари, чет эл оммавий ахборот воситаларининг кўплаб бюролари ходимлари ҳам мамлакатни тарк этишга қарор қилишган. Уларнинг аниқ сони маълум эмас, чунки бу ҳақда улар очиқ эълон қилишмаган.
Таниқли журналистлардан “Дождь” бош муҳаррири Тихон Дзядко, канал бошловчиси Михаил Фишман, «Республика» нашрининг бош муҳаррири Дмитрий Колезев, кино танқидчиси Антон Долин ва бошқалар ўзларининг Россиядан чиқиб кетишаётганини очиқ эълон қилишган.
Шундай қилиб, бугун Россия маълумот майдонида давлат теле ва радиоканаллари, интернет ва газета нашрларининг тўла ҳукмронлиги ўрнатилди. Оқибатда одамлар президент Путиннинг сиёсатини қўлловчи, бир томонлама маълумот ола бошладилар.
Расмийларнинг бу босими албатта ўз натижаларини бермоқда. Жумладан, давлатга қарашли икки компания ўтказган ижтимоий сўров натижаларига кўра, россияликларнинг 65-70 фоизи Украинага қарши олиб борилаётган урушни қўллашларини билдиришган. Урушга қарши фикр билдирганлар эса 17-20 фоизни ташкил қилган. Қолганлар бирор аниқ жавоб айтишга қийналишган. Лекин бу кўрсаткичларни мустақил мутахассислар шубҳа остига олмоқдалар.
Масалан, Англиядаги Эксетер университети социология факультетининг доценти Алексей Бессудновнинг фикрича, сўров пайтида берилган саволлар расмийларга керак бўлган жавобни олишга қаратиб тузилган. Яъни, саволни қандай шаклда беришда гап кўп. Бунинг устига урушга қарши чиқаётганлар қамоққа олиниб, жарималар тўлаётган пайтда фуқаролар ҳокимиятга қарашли компаниянинг сўровига ўз фикрларини очиқ айтишга қўрқадилар.
Сўров натижалари шуни ҳам кўрсатдики, урушни қўллаганларнинг аксарияти катта ёшдаги фуқароларни ташкил қилса, ёшларнинг кўпчлик қисми бу урушга қарши эканини маълум қилишган. Мутахассисларнинг тушунтиришича, катталар маълумотни асосан телевизор орқали олишса, ёшлар маълумотни кўпроқ интернет орқали олишади, демак улар муқобил фикр ва маълумотлар билан танишиш имконига эгалар.
Шуни ҳам айтиш керакки, Европа давлатлари ҳам ўз ҳудудларида Украинадаги уруш масаласида Россия расмийлари позициясини тарғиб қилишда айблаб, бир қанча Россия оммавий ахборот воситаларининг ишини тақиқлаб қўйдилар.
Оқбура, Бишкек.
Сурат интернетдан олинди