Қирғизистон: “Дўстуқ” чегарасидаги тартибсизликлар. Расмийлар нима дейди?

Чегарада давлат юзини шувут қилаётганларга қатъий чора кўриш вақти келди.

Ўш яқинидаги қирғиз-ўзбек “Дўстуқ” (Дўстлик) чегара пости икки давлат ўртасидаги йирик ўтказиш маскани ҳисобланади. У ерни ҳар куни минглаб одамлар кесиб ўтади.

Яқинда у ерга иш билан бориб, атрофни яқиндан кузатар эканман, чегара яқинидаги такси ҳайдовчиларининг Қирғизистонга ўтаётган ўзбекистонликларни қўполлик билан ўз машиналарига ўтиришга мажбурлаб, оддий таксичилардан кўра анча қиммат бахода аэропортга элтиб қўйишга ҳаракат қилаётганига гувоҳ бўлдим.

Меҳмондўстликка хос бўлмаган “кутиб олиш”

Чегара дарвозаси ёнида турарканман, у ердан Ўзбекистондан келаётган фуқаролар чиқиб келаяпти. Улар қатори икки ўзбекистонлик ҳам қўлларида сумка кўтариб чиқди. Уларнинг сумкалари катталигидан бошқа давлатга иш излаб кетаётганликларини англаш қийин эмас эди.

Ўш аэропорти Фарғона водийсидаги йирик ҳаво маскани ҳисобланади. У ердан ҳар куни ички рейслардан ташқари, Россиянинг турли шаҳарларига ўндан ортиқ рейслар амалга оширилади. Шунингдек Туркия ва Сауд Арабистонига ҳам рейслар йўлга қўйилган. Ушбу парвозларда учаётганларнинг аксарияти ўзбекистонликлардир.

“Дўстлик” чегара дарвозасидан чиққан икки ўзбекистонликни такси ҳайдовчиси тўхтатиб, қўполлик билан ўз машинасида аэропортга элтиб қўйишини айтади. Унга жавобан ўзбекистонликлар уларни бир таниши олиб кетишини тушунтиришга ҳаракат қиларди. Такси ҳайдовчиси эса уларга, ортидан машина тараф юришларини буюриб, такси майдончасига қараб йўл олди. Мен уларнинг ортидан юриб, кузатишни бошладим. Ўзбекистонликлар йўл-йўлакай танишига қўнғироқ қилар, бироқ қўнғироғи жавобсиз қоларди. Такси ҳайдовчиси ўзбекистонликларни қўли билан туртиб, машинасига ўтиришни талаб қилди.

Мен ундан, нима қиляпсан, деб сўрадим. Ўзбекистонлик мехмонлар танишимиз олиб кетади, деб айтишаётганини эшитмадингми дея, уларни тинч қўйишини талаб қилдим. Таксичи мен билан тортиша бошлади, гўёки ўзбекистонликлар унинг машинасида кетишга ваъда берган. Мен унга, мехмонлар ҳеч нарса ваъда қилмаганини, ўзим уларнинг суҳбатини кузатиб турганимни, аксинча, таксичи ўзи уларни машинасида кетишга мажбур қилаётганини айтдим.

Шу пайт ёнимга яна иккита такси ҳайдовчиси келиб, уларнинг ишларига аралашмаслигимни айтишди. Уларга ҳам вазиятни тушунтирдим ва қилаётган ишлари нотўғри, улар бизнинг меҳмонларимиз эканини, уйларига қайтгач, биз ҳақимизда, одамлар ва мамлакатимиз ҳақида нотўғри фикрда бўлишларини айтдим. Бу ерда мамлакатимиз обрўси муҳим эканини тушунтиришга ҳаракат қилдим.

“Унда ўзбекистонликлар Россияга биз орқали эмас, ўзларидан учишсин”, дея ғудуранди таксичи. Унга жавобан мен, бу ҳар кимнинг ўз хоҳиши эканини айтдим.

Шу пайт мен тарафга яна бир такси ҳайдовчиси келиб, бақириб, таҳдид қила бошлади. Мен шахсий хавфсизлигим учун бу жойни тарк этишга мажбур бўлдим ва бу ҳақда чегарадаги милиция ходимига хабар бердим. Ундан чегарада тартиб ўрнатиш ва меҳмонлар хавфсизлигини таъминлашни сўрадим. Милиция ходими илтимосимни бажаришга  ваъда берди.

Ўша куни бўлиб ўтган воқеа тўғрисида Фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифамга хабар қолдирдим. Кейин уни kaktus.media сайти ўзида босиб чиққач, расмийлар ҳаракатга тушиб қолишди. Орадан икки кун ўтиб, Қорасув туман Ички ишлар бўлимига сўроққа чақиртирилдим. У ерда бўлиб ўтган воқеа бўйича терговчининг саволларига жавоб бердим.

“Дўстлик” чегараси яқинидаги бу каби тартибсизликлар тез-тезда юз беради.

 

Кузатувчилар, Ўш аэропортида ҳам худди шундай аҳвол эканини айтишади. Россиядан учиб келган ўзбекистонликларни таксичилар ўз машиналарига мажбурлаб ўтирғизиб, аэропортдан чегарагача олиб кетишади ва оддий таксичилардан икки-уч баравар қиммат нархни айтишади. Ўш вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жениш Аширбаев ушбу масалада қўйидагича изоҳ берди.

«Фуқаролар бундай холатлар бўйича интернет саҳифаларида маълум қилишмоқда. Ушбу маълумотлар асосида бир неча маротаба тезкор тадбирлар ўтказилган. Бундай тазйиқлар ёки машинасига мажбурлаб ўтқазиб, ортиқча пул олгани бўйича қонун доирасида иш олиб бориш учун фуқаро ёки жабрланувчидан расман ариза ёзиш ва кўрсатма бериш сўралганда, улар рад қилиб қўяётгани учун, такси ҳайдовчиларига жарима солиш билан чекланилмоқда. Шунинг учун бундай воқеа тўхтамаяпти. Ушбу ҳодисага бефарқ бўлмаганингиз учун миннатдорчилик билдирамиз. Бу борада тегишли тезкор чоралар кўрилмоқда», дейди Жениш Аширбаев.

Депутат ҳам айтган, лекин…

Депутат Жанар Ақаев ҳам 2018 йилда парламентда аэропортдаги порахўрлик ва таксичиларнинг ўзбошимчаликлари масаласини кўтарган эди. Унинг сўзларига кўра, Ўш аэропортида чегарачилар қўшни давлат фуқароларини қўрқитиб, чегарадан ўтиш учун пул талаб қилмоқда эди.

“Ўш халқаро аэропорти орқали кўплаб Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари Россияга учиб кетишади, чунки бизда чипталар арзон. Аммо чегарачиларимизнинг уларга бўлган муносабати яхши эмас. Паспортларини йиғиштириб олиб, қўрқитишади ва чегарадан ўтказиш учун пул сўрашади. Бу қачон тўхтайди? Қўшни давлат фуқаролари пулларини бизда қолдиришаяпти. Бишкек ва Ўш аэропортларининг  ҳамма жойида видеокамералар ўрнатиш керак”, деган эди Жанар Ақаев.

Шунингдек, депутат аэропортга олиб борувчи автомобил йўлларида ишлаётган таксичиларнинг ўзбошимчаликлари ҳақида ҳам гапирган.

«Қирғиз-ўзбек ва қирғиз-тожик чегарасидан аэропортгача автобуслар ташкил қилинган. Лекин такси ҳайдовчилари автобус ҳайдовчиларини қўрқитиб, йўловчиларни олиб кетишади. Қачон тартиб ўрнатилади?»,  дея ғазабланган эди ўшанда депутат.

Депутатнинг бу баёнотидан сўнг аэропорт такси ҳайдовчиларига сариқ жилетлар берган ва қандайдир вақт аэропортдаги вазият ижобий томонга ўзгарган. Бироқ, маълум муддатдан кейин аввалги ҳолат яна давом этгани айтилмоқда.

Жабрланувчи ва гувоҳлар

Ўш шаҳрида такси хизматида ишлайдиган Рустам, “Дўстлик” чегарасига ўзбекистонлик танишини кутиб олиш учун борганида, у ердаги таксичилар таксофонини олиб қўйишган.

“Машинамни чегара яқинида тўхтатиб, дўстимни кутиб тургандим. Олдимга такси ҳайдовчилари келишди, бу уларнинг жойи эканини айтиб, кетишни талаб қилди. Ўзбекистондан дўстимни келишини кутаётганимни айтдим. Меҳмонни кутиб олиб, машинамга яқинлашсам, таксофоним йўқ. Таксичилардан сўрасам, ҳеч ким кўрмаганини айтди. Мехмонни манзилига элтиб, қайтиб чегарага бордим ва бўлган воқеани у ердаги милиция ходимига айтдим. Яхшиямки, безорилар таксофонни милицияга топширишган экан. Кейин улар менга беришди”, дейди суҳбатдошим.

Чегарага танишларини кутиб олиш учун келганларни у ердаги такси ҳайдовчилари қўрқитиб, бу ердан кетишга мажбурлаб ёки меҳмонларини олиб кетишига ҳалақит қилаётганликлари ҳақида кўп айтилади. Бироқ жабрланувчи тарафидан милицияга ариза ёзилмаслиги сабаб, юқорида айтилганидек, бундай ўзбошимчаликларга чек қўйилмаяпти.

Асли ўшлик, Андижоннинг чегара олди ҳудудига келин бўлган Шаҳзода ота-онасини кўргани “Дўстлик” чегара постидан кўп ўтади. У ҳам чегара яқинидаги такси ҳайдовчиларининг тартибсизлиги ва ноинсофлигидан нолийди.

“Шу йилнинг 12 феврал тонгида, тахминан 5:30лар чамаси мен ҳам ўз яқинимни аэропортга кузатиш учун “Дўстлик” чегарасига келдим. Паспорт назоратидан ўтаётганда  Жалақудуқ туманилик тўрт нафар ўзбекистонликларни кўриб, ўзимни қирғизистонлик эканимни ва бирга аэропортга арзонроқ таксида кетишимиз мумкинлигини айтдим.  Агар чегара дарвозасидан чиққандан кейин таксичилар судраб кетса, йўқ бормаймиз, деб қаттиқ туриб олинглар, деб тайинладим. Мен айтгандек, 4 таксичи билан тортишдим. Улар битта одамни аэропортга 500 қирғиз сўмига олиб кетамиз дейишди. Мен унамадим, 10 дақиқали жойга 500 сўм қиммат, дедим. Мен қирғизча билганим учун ҳам 4та эркак таксичига бас келдим ва бошқа таксида арзон кетдик. Ҳамма нарсанинг ҳам ози ширин бўлади. Беш бармоқни оғизга солиш керак эмас. Инсоф қилинглар”, дейди суҳбатдошим.

Ўшлик ҳуқуқбон Муҳайё Абдураупова ҳам елимдек ёпишқоқ таксичиларни кўриб туради. У пойтахт Бишкекка хизмат сафари билан тез-тез бориб туради. Ҳар гал самолётда Ўшга келганида аэропортдаги таксилар ўзбекистонлик дея олиб кетишга ҳаракат қилади.

“Аэропортдаги таксичилар мени доим Андижонга олиб кетишмоқчи бўлади. Алайқуга дейман қирғиз тилида”, дея кулади ҳуқуқбон.

Чегара хизматига ҳам шикоятлар бор

Ўтган йилнинг август ойида ўзбекистонлик блогерлардан бири Қирғизистон президент Садир Жапаровга коронавирусни аниқловчи ПЗР тестлари бўйича чегарадаги порахўрлик ҳақида видеомурожат қилган. Шундан сўнг Қирғизистон чегара хизмати “Дўстлик” назорат-ўтказиш пунктида журналистлар учун пресс-тур ташкил этиб, чегарачилар порасиз ишлаётганига ишонтирмоқчи бўлган эди.

Бироқ, орадан бир ярим ой ўтиб Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси “Дўстлик” назорат-ўтказиш пункти мансабдор шахслари қўлга олингани ҳақида хабар тарқатган. Чегара хизматининг алоҳида раҳбарлари ҳомийлигида улар чегарадан ўтаётган қўшни давлат фуқароларидан тизимли равишда пул ундиришгани маълум бўлган.

“Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати Шоҳрух Соиповнинг 2021 йилнинг ёз охирида ташкил этилган пресс-тур ҳақидаги баёнотларига изоҳ берди. Қўмита ПЗР тестларини ўтказишга масъул эмасликларини, чунки бу Соғлиқни сақлаш вазирлиги назорати остида эканини маълум қилди. Шунингдек, қўмита Давлат чегара хизматининг порахўрлик фаолиятини рад этди”, дейилади kaktus.mediaнинг 22 феврал кунги хабарида.

Чегарада жиноий йўл билан пул ишлашнинг бошқа усули ҳам маълум бўлди. 2015 йилнинг сентябрида “Дўстлик” назорат-ўтказиш пункти яқинида, ўзини ҳужжатларни текшириш бўйича ваколатли идора вакиллари деб таништирган шахслар, Ўзбекистонга қайтаётган фуқароларнинг паспортини телефонга суратга олиб, суратларни шерикларига жўнатаётгани маълум бўлган. Шериклари эса мобил қурилмалар, телефонларнинг ИМЕЙ кодларини ўша паспорт эгалари номларига рўйхатдан ўтказган. Табиийки, чегарада паспортларни суратга олиб, юборганларга маълум миқдорда ҳақ тўланган.

Кейинроқ Ўзбекистонда мобил қурилмалар, телефонларнинг ИМЕЙ кодларини учинчи шахсларнинг паспортларига ноқонуний қайд этиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилгани ҳақида хабар берилган. Яъни, буюртмачилар Ўзбекистонда, ижрочилар эса Қирғизистонда экани маълум бўлган. Шундоққина ёнгинасида юз бераётган бундай воқеалардан чегарачиларнинг бехабар қолаётгани аянчли.

Шоҳруҳ Соипов, Оқбура, Ўш

Расмлар муаллифники

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг