Алишер Навоийнинг “Маънолар хазинаси” қирғиз тилида жаранглайди

Ўзбек ва қирғиз адабиёти дурдоналарини бир тилдан иккинчисига ўгириш давом этмоқда.

Ўзбек ва умуман турк адабий тилининг асосчиси, мутафаккир шоир ва истеъдодли давлат арбоби Алишер Навоийнинг “Хазойин ул-маоний” (“Маънолар хазинаси”) асари қирғиз тилига ўгирилди. Таржима муаллифи, ўшлик шоира Хосият Бекмирзаева таъкидлаб ўтганидек, Алишер Навоийнинг асарлари чуқур фалсафий, бадиий гўзал, тузилиши мукаммал, ғоят нафис ва ўзбек халқининг бор бой хусусияти ва тилини кўрсата олган асарлардир. Бу таржимонга одатдагидан кўпроқ масъулият юклайди.

“Бунда таржимон икки халқ тилини билишдан ташқари Навоий тилини ҳам билиши керак ва таржимашуносликни ҳам ўрганиши керак”, – дейди Бекмирзаева. – “Бу менинг шу таржима жараёнида изланган, айрим таҳлил ва талқинларим”.

“Алишер Навоийнинг бебаҳо меросини бизнинг қирғиз халқига яқиндан таништириш, бахраманд этиш мақсадида “Хазойин ул-маоний”нинг биринчи девони “Ғаройиб ус-сиғар”ни ўзбекистонлик адабиётшунос Олимжон Давлатовнинг “Алишер Навоий ғазалларига шарҳлар” китобидан фойдаланилган ҳолда қирғиз тилига таржима қилдик. Бу уринишларимизда бизга қирғиз тилининг билимдони Давран қизи Миножат ва адабиётшунос Фарида Абдурайимовалар беминнат ёрдам бердилар”, – дейди таржимон.

Таржимага ўшлик истеъдодли шоира ва таниқли журналист Барно Исоқова муҳаррирлик қилган.

Буюк бобокалонимиз таваллуд кунига муносиб туҳфа

Фарида Абдурайимова янги таржимага ижобий баҳо берар экан, ҳозирги таржимашунослик ҳақида фикрлари билан ҳам ўртоқлашди. Унинг фикрича, бугун кўп ҳолларда “ҳамма ўз холича, сўзнинг маъносига, товланишларига эътибор бермай таржима қилишаяпти”.

“Сўзга эҳтиёткор, сўздан қўрқадиган ижодкоргина таржимага қўл уриши керак. Таржимашунослик, ўзбек-қирғиз адабиётидаги таржималар бўйича бирор бир уюшма тузиш керакми, таржима асарларни кўриб чиқадиган, қандай таржима қилиш, таржимада нималарга эътибор бериш керак, деган масалаларни кўтарадиган ёки бирор кенгаш тузиб кўриш керакми, деб ўйлайман. Чунки бир асарда хато кетган биргина сўз асарнинг маъносини бузиши мумкин ва асарда ўша сўз абадий хато бўлиб қолади. Ўзбек ва қирғиз тилларини яхши биладиган мутахассисларни жалб этиш керак”, – дейди Абдурайимова.

“Алишер Навоий асарларининг қирғиз тилига қилинган дастлабки таржималарига ҳам қарийиб 70 йил бўлибди. Шу кунларда Барно Исоқова Алишер Навоийнинг кичик ҳажмдаги “Арбаъин” (қирқ ҳадис) асарига, камина эса “Хазойин ул-маоний” (“Маънолар хазинаси”) асари таржимасига қўл урганмиз. Итальянларнинг мақоли айтилгандай “Таржимон — хоин” бўламизми, ёки адабиётшунос олимимиз Зуҳриддин Исомиддинов айтганидай: “Мутаржим — муаллифниниг дўсти. Хоин эмас — дўст!” бўламизми, буни вақт ва қирғиз китобхонининг баҳоси кўрсатади”, – дейди Хосият Бекмирзаева.

Алишер Навоий устози ва ҳамфикри Абдураҳмон Жомийнинг таклифи билан барча шеърларини тўплаб, “Хазойин ул-маоний” (“Маънолар хазинаси”) асарини 1491-1496 йилларда тузган. Бу асар “Чор девон” деб ҳам аталади. “Хазойин ул-маоний” тўртта: “Ғаройиб ус-сиғар” (“Болалик ғаройиботлари”), “Наводир уш-шабоб” (“Йигитлик нодирликлари”), “Бадоеъ ул-васат” (“Ўрта ёш бадиалари”), “Фавойид ул-кибар” (“Кексалик фойдалари”) девонларидан иборат мукаммал йиғма девон.

Асарда шеъриятнинг 16 та жанри бор, Алишер Навоийнинг бутун ижодий ҳаётини, маҳоратини юзага чиқариш билан бирга бу девон ўша давр адабиётининг юзини ҳам аниқ кўрсатади.

“Хазойин ул-маоний” рус, туркман, озарбойжон, немис, инглиз каби бир қанча тилларга таржима қилинган.

Яқинда қирғиз тилида дунё юзини кўриши кутилаётган ушбу янги таржима улуғ шоир ва мутафаккир, бобомиз Алишер Навоийнинг шу кунларда нишонланаётган таваллуд кунларига муносиб туҳфа қатори қабул қилсак ярашади.

Бой тарихга эга ҳамкорлик

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, ўзбек ва қирғиз адабиётидаги адабий аълоқалар анча узоқ йилларга бориб тақалади. Бунга бир мисол.

Қирғиз халқининг буюк ўғлони Чингиз Айтматов 1960-65 йилларда “Правда” газетасининг Ўрта Осиё бўйича мухбири бўлиб ишлаган. Айни шу вақтда замонамизнинг забардаст ёзувчиси, ўзбек халқининг муносиб фарзанди Одил Ёқубов “Литературная газета”нинг мухбири эди. Чингиз Айтматов билан Одил Ёқубов ўртасидаги дўстлик, қадрдонликнинг бошланиши шу даврга тўғри келади. Икки қардош халқнинг икки азамат ёзувчиси ёшлари жиҳатидан ҳам деярли тенгдош эди. Улар орасидаги қадрдонлик узоқ давом этди. Кейинроқ Чингиз Айтматов Ўрта Осиё халқлари маданиятлари ассоциациясининг раиси, Одил Ёқубов унинг ўринбосари бўлиб фаолият юритишган.

Улуғ кишилар ҳақида, шахсияти, фаолияти теварагида турлича фикр юритилади. Шоирлар эҳтиросга берилиб, муболағадор гап айтсалар, айрим чала “адабиётшунослар” воқеа-ҳодисаларни қинғир шаклда талқин қиладилар, яна кимдир улуғларнинг истеъдод-иқтидорига шак келтирадилар. Чингиз Айтматов шахсияти ва ижоди хусусида ҳам шундай манзарани кузатиш мумкин. Чингиз Айтматовнинг машҳурлиги рус тилида ёза олишида, тўғрироғи, икки тиллилигида ҳам деганлар.

Адабиётнинг, ижодкорларнинг юксалиши учун таржима ва зуллисонайн, яъни икки тиллилик муҳим аҳамиятга эга.

Чингиз Айтматовнинг барча асарлари “Оқ ёмғир”, “Рақиблар”, “Қизил олма” ҳикоялари, “Жамила”, “Биринчи муаллим”, “Сарвқомат дилбарим”, “Алвидо, Гулсари”, “Оқ кема”, “Бўтакўз”, “Юзма-юз”, “Сомон йўли” (“Момо ер”), “Байдамтол соҳилларида”, “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар”, “Асрга татигулик кун”, “Қиёмат”, “Кассандра тамғаси ёхуд Икс-зурриёд”, “Қояда қолган овчининг кўз ёшлари” каби қисса ва романлари ўзбек тилига зўр маҳорат билан таржима қилинган. Бу соҳада таржимашунос олим Асил Рашидовнинг ўрни катта.

Аввало қирғиз адабиёти оғзаки ижоди, фольклор асарлар шаклида ривожланган, буларнинг ичида мураккаб сюжетли “Манас” достони дунё миқёсида ҳам энг йирик эпик асардир. Ўзбекистон халқ шоири Миртемир Қирғизистонда ижодий сафарларда кўп маротаба бўлгани боис Қирғизистон мавзусида туркум шеърлар яратган. Минглаган адабиёт мухлислари каби Чингиз Айтматов ҳам у кишини катта шоир ва “Манас” эпосининг таржимони деб билар ва жуда ҳурмат қилар эди.

Устоз Миртемир домла “Манас”қирғиз халқ эпосини ўзбек тилига 1964 йилда таржима қилган ва бу достонни ҳақиқий ўзбекча янграта олган:

“Оққула миниб қаққайган,
Буғдой юзлик келди.
Тумандан йўл топгувчи
Олов кўзлик келди.
Оғасининг кетидан
Йўлга чиққан эканда.
Мен шўрликнинг дардимда
Чўлга чиққан эканда”.

Қайси халқнинг асари бўлмасин, агар таржимон маҳорат билан ўз тилига таржима қила олса, у ўша тилдаги асарга айланади.

Истеъдодли қирғиз шоири, журналист ва моҳир таржимон Смар Шимеев Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” (1950) достонини, Али Тўқўмбаев, Алиқул Осмонов бош таржимонлар кенгаши “Лайли ва Мажнун” (1948) достонини қирғиз тилига маҳорат билан таржима қилганлар. Адабиётшунос олим, таржимашунос Зуҳриддин Исомиддинов ўзининг “Сен ҳам дарё, мен ҳам дарё” мақоласида: “Ўзбек-қирғиз ва қирғиз-ўзбек таржимачилигига ҳам ўша йиллар асос солинган”, дейди, 1940 йилларнинг охири, 1950 йилларни назарда тутиб.

Ҳамма замоннинг ўз истеъдодлари, аристократлари, даҳоларию уламолари бўлади. Ўтган асрнинг ўрталарида собиқ иттифоқ ҳудудида илм-фан, санъат ва адабиёт ўсди, гуллади. Жанубий Қирғизистонда асосан ўзбек миллатига доҳил халқ истиқомат қилгани боис ўзбек адабиёти Қирғизистонда ҳам ўз йўналиши билан ривожланди. Ўтган асрнинг 60-йилларида гуркираб чиққан ёшлар – Мирзоҳид Мирзараҳимов, Турсунбой Адашбоев, Қўлдош Мирзо, Усмон Темур, Абдуғани Абдуғофуров, Ғанижон Холматовларга мавжуд кенг имкониятлар ёки яхши устозлар, адабий муҳит сабаб бўлдими, бутун Ўрта Осиёга танилдилар. Улар ўз истеъдодларини намоён эта олишди ва таржимашуносликда ҳам бир неча ўнлаб китоблар чоп этишди. Таржимашуносликда раҳматли юртдошимиз Турсунбой Адашбоев айниқса жуда самарали меҳнат қилган.

Айни замонда ҳамюртимиз, филология фанлари номзоди, адабиётшунос олим, замонамизнинг етук таржимашуноси Зуҳриддин Исомиддинов таржимачиликдаги ижодий фаолият, ютуқ ва камчиликлар устида доимий иш олиб бориб, таҳлил ва тавсияларини таржимонларга бериб бормоқда. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, ўтган йили Зуҳриддин домла “Манас” эпосини ўзига хос усулда ўзбек тилига ўгирди.

ХХ аср 90-йиллар авлодининг ҳам ҳар бир вакили ноёб, нодир, ягона истеъдод эди. Ушбу авлод ҳозирда айни маъанавий етилган, камолот ёшида. Улар орасида Хосият Бекмирзаева, Барно Исоқова ва Фарида Абдурайимова кабилар зуллисонайн, ажойиб шоира ва адабиётшуносларни айтиб ўтса бўлади.

Солиҳа, Оқбура, Ўш.
Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг