Бошга қилич келса ҳам: Kaktus.media нашри «Урушга тарғибот қилиш»да айбланмоқда
Қирғизистондаги эски анъанага кўра, сал қувватланиб олган ҳокимият сўз эркинлигини бўғишга интилади.
Халқаро Amnesty International инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Қирғизистон ҳукуматига мурожаат қилиб, Kaktus.media сайтида нашр қилинган мақоласи учун «Урушга тарғибот» моддаси билан қўзғалган жиноий ишни тўхтатишга чақирди. Мазкур мурожаат халқаро ташкилотнинг сайтида эълон қилинган.
Қирғизистондаги мустақил журналистлар ҳамжамияти, маҳаллий ва халқаро даражадаги ҳуқуқ ҳимоячилари бўлаётган воқеаларни матбуот эркинлигига қарши ҳужум деб баҳолашмоқда. Шунингдек АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳам бу ҳақда жиддий ташвиш билдириб, расмийларни аталган нашрга босим ўтказишни тўхтатишга чақиришмоқда.
Оламшумул резонанс яратган мақола
Kaktus.media сайти Қирғизистон-Тожикистон чегарасида жорий йилнинг 27-28-январларида бўлган қуролли низо бўйича Тожикистоннинг ASIA-Plus нашри ёзган мақолани ўзида эълон қилган. Бу мақолада Тожикистон фуқароларининг чегара низоси бўйича нуқтаи назари ёритилган. Жумладан, низода биринчи бўлиб Қирғизистон ўқ узган деган фикр билдирилган. Аммо ўша мақолада ҳам, ундан кейинги материалларда ҳам Қирғизистон ҳукумати ва қирғизистонликларнинг позицияси ёритилган.
Шунга қарамай, мазкур мақоланинг эълон қилиниши айрим қирғизистонликлар орасида норозиликлар пайдо бўлган. Шу сабаб нашр баёнот эълон қилиб, ўқувчиларидан кечирим сўраган. Kaktus.media нашрининг муҳаррирлари бу мақолани қайта эълон қилишдан мақсад – ўз ўқувчиларини Тожикистон ОАВлари чегара можаролари бўйича қандай маълумотларни тарқатаётганидан огоҳлантириш бўлганини таъкидламоқдалар.
«Бу мақоланинг ягона мақсади – Тожикистон томони қандай ахборот сиёсати олиб бораётганини, [чегарадаги муаммолар масаласида] Тожикистон ҳукумати оддий фуқароларга қандай маълумот тарқатаётганини қирғизистонликларга кўрсатиш эди. Ҳозирда ахборот уруши бораётгани аниқ. Унга қаршилик кўрсатиш учун иккинчи томон қандай чораларни олиб бораётганини аниқ билишимиз керак. Эълон қилинган материалда, маълумот манбасига ҳавола берилган.
Бошқа нашрдан кўчирил берилган маълумот бўйича фикримизни аниқ етказа олмаганимиз – бизнинг хатоимиз. Шу сабабли барча қирғизистонликлардан кечирим сўраймиз», – деб ёзилади Kaktus.media баёнотида.
Шу билан бирга ахборот агентлиги ушбу мунозарали мақолани сайтдан олиб ташлаган.
Шунга қарамай, 28-январда Kaktus.media нашрининг идораси олдида йигирма нафарга яқин киши норозилик митингига чиққан. Улар нашрни Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги жанжални «бир томонлама ёритди», деб айблашган. Мамлакатдан Kaktus.media ва бошқа айрим нашрларнинг ишини тақиқлашни талаб қилишган.
Тез орада, 2-февраль куни прокуратура нашрга нисбатан «Урушни тарғиб қилиш» моддаси билан жиноят иши қўзғалганини билдирган. Бирин-кетин нашр раҳбарлари ва барча журналистлари сўроқ қилинган.
Шунингдек, 9-февралда Kaktus.media ва «Клооп» нашрларининг идоралари олдида собиқ депутат Турсунбай Бакир ўғли дохил бўлган 15 нафарга яқин киши яна митинг ўтказишди. Улар ҳукумат ва расмий органлар ишини кескин танқид қилиб турадиган бир қатор мустақил ОАВларни «хорижий агент» деб топилишини талаб қилишди.
Журналистларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи «Медиа Полиси» институти Kaktus.media каби оммавий ахборот воситаларига қарши олиб борилаётган ҳаракатларни Қирғизистондаги мустақил ахборот воситаларини “медиа майдонидан қувиб чиқариш ҳаракати” сифатида баҳолашини билдирган. Бу ҳақда институт 9-февралда қилган мурожаатида ёзган.
«Kaktus.media нашрига қарши акциялар Қирғизистондаги мустақил ахборот воситаларини медиа майдонидан йўқ қилишга жамоатчиликни ундаш ҳаракати бўлиб ҳисобланади. Бу хулосага ҳозирги ҳукумат ўзига нисбатан айтилган танқидга чидамай,аксинча, танқид қилганларга қарши жиноий иш очгани сабаб келдик. Бунга сўнгги кунларда Болот Темировга қўзғалган жиноят ишини ҳам далил қатори келтириш мумкин. Медиага эркинлик бериш – демократик жамиятда фуқаролар ҳуқуқи таъминланишининг асосий таянчидир. Унга таяниб, журналистлар коррупцияни фош қилади, амалдорларга савол бериб, ҳукуматни жамият олдида ҳисобот беришга чақиради», – дейилади «Медиа Полиси»нинг мурожаатида.
Эслатиб ўтамиз, ўзининг дадил журналистик суриштирувлари ва ҳокимиятдагиларнинг кирдикорларини фош қилувчи мустақил журналист Болот Темировга нисбатан ҳам жиноий иш қўзғалиб, унинг устидан тергов ишлари олиб борилмоқда. Қамоққа олинган Темиров ва унинг ҳамкасби, оқин Болот Назаров жамоатчилик талаби билан уй қамоғига чиқарилишган.
“Айблов ҳукми чиқарилиши ёки чиқмаслигидан қатъи назар, мустақил ахборот воситалари ва журналистларнинг жиноий жавобгарликка тортилишининг ўзи Қирғизистонда ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқини бузиш ҳисобланади. Мустақил матбуотга бундай ҳужумлар шунчаки қабул қилиниши мумкин эмас. Қирғизистон фуқаролари турли нуқтаи назарлар билан таниша олиши керак, жумладан давлат хавфсизлиги ҳамда қуролли тўқнашувлар каби масалалар бўйича ҳам. Гарчи нашр бу билан кимнидир ранжитиши мумкин бўлса ёки ҳукумат томонидан баҳс-мунозара туғдирса ҳам”, деб ёзади Amnesty International’нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Мари Стразерс.
Халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари Қирғизистон ҳукуматидан Kaktus.media сайтига нисбатан қўзғалган ишни тўхтатишни талаб қилишмоқда. Чунки мустақил давлат, халқаро ҳамжамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида Қирғизистон инсон ҳуқуқларини таъминлаш, жумладан, сўз эркинлиги ва матбуот эркинлигини қатъий риоя қилиш борасида ҳам бир қатор халқаро шартномалар ва битимларга қўл қўйган.
Афсуски, Қирғизистон бош прокурори Қурманкул Зулушев Kaktus.media нашрига қарши қўзғалган жиноий ишни «сўз эркинлигини чеклаш» деб ҳисобламайди. Бу ҳақда у 9-февралда ўтган матбуот анжуманида билдирган.
Зулушев нашрга нисбатан жиноий ишни пойтахтнинг Биринчи май тумани прокуратураси очганини, терговни эса Бишкек шаҳри прокуратураси олиб бораётганини маълум қилган. Унинг айтишича, “Kaktus.media”нинг жиноий иш қўзғашга сабаб бўлган мақоласи бўйича экспертиза тайинланган, аммо ҳали унинг натижаси чиқмаган.
Зулушев агар экспертизанинг хулосаси жиноят аломати бор эканини аниқласа, нашр жавобгарликка тортилишини таъкидлаган.
«Хорижий агентлар» тўғрисидаги қонун яна кун тартибига чиқди
Жўғўрқу Кенешдаги “Ата-Журт Қирғизистон” фракциясининг депутати Надира Нарматова 10-февралдаги парламент йиғинида Қирғизистондаги нодавлат ташкилотларга “хорижий агент” мақомини бериш таклифини яна илгари сурди. Нарматова ўзининг фуқаролар жамияти ва эркин журналистларга бўлган танқидий позицияси билан танилган.
Депутат V чақирилишда мазкур масала бўйича қонун лойиҳасини таклиф қилганини таъкидлаб, уни қайта кўриб чиқиш кераклигини айтган.
«Ташқаридан молияланган ОАВлар, нодавлат ташкилотлар нима қилиб юрганини ҳеч ким билмайди. Шу сабабдан давлат назорати бўлиши керак. Давлатда темирдек тартиб ўрнатилмаса, ривожлана олмаймиз. Ҳар куни арзимас масала билан митинг уюштириб турилса, ривожланиш қаердан бўлсин? Барча қўшни давлатларда, керак бўлса Россияда ҳам хорижий агентлар ҳақида қонун қабул қилинган. Шу сабабдан сизларни яна беэътибор бўлмасликка чақираман», – деб айтган у Жўғўрқу Кенешнинг 10-февралда ўтган йиғинида.
Эслатиб ўтамиз, 2014-йили ўша вақтдаги депутатлар Турсунбай Бакир уулу, Надира Нарматова ва Нуркамил Мадалиевлар Россиянинг «чет эл агентлари ҳақида»ги қонунининг нусхаси бўлган қонун лойиҳасини таклиф қилиб чиқишган. Ҳужжатга кўра, «сиёсий фаолият билан шуғулланган» нотижорий ташкилотлар «чет эл агенти» мақомини олиши ва барча нодавлат ташкилотлари давлат томонидан кучли назорат остига олиниши керак эди. Аммо икки йилиик тортишувлардан сўнг 2016-йилда олтинчи чақирилиш депутатлари ҳужжатни қабул қилмаган.
Орадан қарийб 8 йил ўтгач, 9-февралда «Кактус медиа» ва “Клооп” нашрларининг идоралари олдида ўтган акцияда иштирок этар экан, Турсунбай Бакир уулу ҳам ҳозирги парламентни “хорижий агентлар” бўйича қонунни қабул қилишга чақирган.
“Озодлик” радиосининг қирғиз хизмати унинг «Жўғўрқу Кенеш зудлик билан “хорижий агентлар” деган мақомни қонунчиликка киритиши керак. Қирғизистонда жойлашиб, хориждан молия олиб, низомдан чиқиб, давлатнинг сиёсатига аралашиб, барқарорликни бузишга ҳаракат қилганларга нисбатан шу мақом қўлланиш керак», – деган сўзларини келтирган.
“Хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасининг ташаббуси кўтарилган илк йиллари президент бўлиб турган Алмазбек Атамбаев “Оналар куни”да ҳуқуқ ҳимоячилари Азиза Абдирасулова ва Тўлўйқан Исмаиловани “чет эл агентлари” деб атаган эди. Шунингдек, Атамбаев нодавлат ташкилотлар четдан грантлар олиб, давлатга қарши ишлайди деб айтган.
Бунга жавобан ҳуқуқ ҳимоячилари халқаро ташкилотлардан олган грантнинг миқдори давлат хориждан ҳар йили олаётган грант маблағларидан минглаб баробар кам эканини, давлат чет эллардан олган миллионлаб доллар грантларнинг қаерга, қандай сарфлангани ҳамон яширин қолиб келаётганини айтишган. Шунингдек ҳуқуқ ҳимоячилари давлат томонидан сўнгги йилларда хориждан олган пулларнинг тасарруф қилиниши ҳақида ҳукуматнинг ҳисобот беришини ҳам талаб қилишган.
Аксар маҳаллий фаоллар ва бир қатор халқаро ташкилотлар ҳам бу қонун фуқаролик жамиятини, ҳукуматни танқид қилганларга босим кўрсатиш мақсадидаги амал эканини айтиб келишади.
Шу кунларда мамлакатда сўз эркинлигига риоя қилиш ва журналистларга босим кўрсатишни тўхтатиш талаби билан бир неча намойишлар ҳам бўлиб ўтди. Бу масала ижтимоий тармоқларда ҳам қизғин муҳокамага сабаб бўлиб, журналистларни қўллаган чақириқлар кўпроқ янграмоқда.
Таҳририятдан: Бугунги кунда Қирғизистоннинг ташқи қарзлари 5 млрд. долларга яқинлашиб қолган. Буни аҳоли сонига бўлганда мамлакатнинг бугун туғилган чақалоғидан тортиб, энг қари фуқароларигача ўртача 700 доллардан ташқи қарз тўғри келади. Бу грант ва кредитларнинг ишлатилишидаги қонунбузарликлар бўйича қатор жиноий ишлар қўзғатилиб, собиқ давлат бошлиқлари ва йирик амалдорларга нисбатан жиноий ишлар қўзғалган.
Ана шу қонунбузарликларнинг ошкор қилиниб, жиноий ишлар қўзғалишида ҳам юқорида номи аталган ва бошқа кўплаб нашрлар ва журналистларнинг хиссалари катта.
Афсуски, ҳар бир янги келган ҳокимият журналистлар ва фуқаролик жамияти вакиллари билан ўзларига тегмасагина муроса қиладилар, ҳатто ҳамкорлик ҳам қиладилар. Танқид найзалари уларнинг ўзларига қаратилгач эса, ўша ҳамкорларига қарши жиноий ишлар қўзғашга ўтишади. Лекин, таниқли журналист, медиа эксперт Игорь Шестаков эслатиб ўтганидек, бундай олишувларда бугунгача ҳеч қайси ҳокимият ютган эмас.
Мамлакатда 2005 йилдан буён доимий равишда қайталаниб келаётган тўнтаришларнинг асосий сабаблари адолатсиз сайловлар ва сўз эркинлигини, матбуот эркинлигини поймол қилиш сабаб бўлиб келгани маълум. Нега ҳақиқат учун курашаяпмиз, деган ҳокимиятнинг ўзи ҳақ сўзни ёқтирмайди? Ахир халқимизда айтилган «Бошингга қилич келса ҳам тўғри сўзла», деган ҳикмат ҳаммага тегишли эмасми?!
Юсуф Муҳаммад, Оқбура, Ўш шаҳри.
Сурат интернетдан олинди