Ҳазрат Навоийнинг юбилейи кенг нишонланган йил бўлди

Ҳазратнинг муборак ёши Ўзбекистон, Озарбойжон, Қозоғистон, Афғонистон каби ўлкаларда илмий анжуманлар ўтказилиб, адабий давраларда нишонланди.

Ҳазрат Навоий

Отамерос эди сизга муҳаббат

Авлиёлар кўнгилни танир.

Чорладингиз танлаб, танлаб,

Дил муҳаббатин синаб-синаб.

Секин бордим,

Сокин бордим

Ёнингизга.

Мени тушунса ким – сиз тушунгайсиз

Борлиғдан сўзладим,

Наводан сўзладим,

Фанодан сўзладим,

Беш юз йилда кетганларни

Карвон-карвон китоб этганларни

Аллоҳ, Аллоҳ илм дебон

Ортингиздан боқий фанога етганларни.

Сўзлашдик, сирлашдик, секин кулишдик

Ғазал оҳангида кўз ёшим ҳам сизишди.

Мени тушунса бирор кимса, сиз тушунгайсиз…

***

Ўтган 2021 йил маърифат, илм, санъат ва адабиёт муҳиблари учун жуда яхши йил бўлди. 2021 йил ҳазрат Алишер Навоийнинг 580 йиллиги кенг нишонланган йил бўлди деб айтсак ҳам бўлади. Ҳазратнинг муборак ёши Ўзбекистон, Озарбойжон, Қозоғистон, Афғонистон каби ўлкаларда илмий анжуманлар ўтказилиб, адабий давраларда нишонланди.

Тадбирларда биз ҳам илмий маърузалар билан иштирок этдик. Кобул, Ҳирот, Навоий, Тошкент шаҳарларида шукуҳли анжуманлар бўлиб ўтди.

АФҒОНИСТОН

Ҳирот шаҳрида Ҳазрат Алишер Навоийнинг 580 йиллиги 2021 йил 7-12-апрел кунлари дунёнинг кўпгина мамлакатларидан келган олимлар иштирокида анжуман ўтказилди.

Навоий ҳазратлари чорлади қошига биздек хокисорни ҳам. Ишониб-ишонмай бордим. Ахир Ҳазрат ҳар бир ўзбекнинг, туркийнинг ифтихори, Навоий қошига бориш ҳар бир адабиётшуноснинг орзуси бўлса керак.

Афғонистонда ҳеч нарса шунчаки бажарилмас экан, зўр тайёргарлик кўрилган, ҳамма нарсани сидқидилдан бажарилар экан, ҳавасларим келди.

Биз Афғонистоннинг Кобул ва Ҳирот шаҳарларида бўлдик. Кобулда эҳтиром ила кутиб олишди. Кобул Ўшга жуда ўхшаркан, кўриниши ҳам, ҳавоси ҳам, ҳатто шаҳар ўртасидаги тоғлар, адирлари, одамларининг дилкаш, соддалиги ҳам Ўшни эслатади. Бобур бекорга “мени Кобулга қўйинг” демаган (Агар яқинроқда бўлганида, албатта “Баҳаво Ўшни” танлаган бўлар эди). Бобур мақбараси ҳаммасидан ўзгача, очиқ осмон остида, мақбаранинг юқори қисми очиқ, томи йўқ. Мақбара шундай бўлишини “Ҳаво олиб ётаман”, деб Бобурнинг ўзи васият қилган экан.

Кейин Ҳиротга учдик. Ҳирот шаҳрида 1300 нафар илм аҳли, илмни севувчи талабаю устозлар иштирок этган анжуман бўлди. Унда биз ҳам “Навоий ва Бобур” мавзуидаги маърузамиз билан иштирок этдик. Жонли чиқди шекилли, ҳарқалай, қарсаклар бўлди. Маърузам сўнгида Қирғизистонлик навоийшунослар Қўлдош Мирзо, Бегижон Аҳмедов, Барно Исоқоваларнинг илмий ишларини айтиб ўтдим.

Анжумандан сўнг асосий мақсад – Ҳазрат Навоийнинг мақбараси зиёратига бордик.

Гавҳаршодбегим ва Навоий мажмуаси. Гавҳаршодбегим билан Навоий мақбараси бир жойда. Бу бежиз эмас, Гавҳаршод бегим Навоийни беш-олти ёшлигидаёқ зукко бола экан, деб ажратиб, алоҳида эътибор қилган экан. Навоий ҳазратларининг мақбараларида деярли барчанинг кўнгли тўлиб йиғлайди, бу кимгадир, нимагадир сиғиниш эмас! Ғарибгина бўлиб ётган ва шу билан бирга улуғ ҳазратимнинг ортидан неча асрлардан буён касу нокас, яхшию ёмон тирикчилик қилади, ризқига сабаб қилади! Ўзлари эса камтарингина бўлиб, на маҳобат, на буюкликка даъво қилиб, заррача кибрдан холи жимгина ётибдилар. Шунга кўзларимдан ёш қуйилди…

Кейин, ҳамма мақбарадан чиққанда, ёлғиз қолиб, Қуръоннинг “Шарҳ” сурасини (биринчи ояти “Сен учун кўксингни кенг қилиб қўймадикми?”) ҳазратга бағишлаб ўқидим.

Ўша куни оқшом Ҳиротдаги Ихтиёриддин қалъасида жуда гўзал концерт дастури бўлиб ўтди.

Ихтиёриддин қалъаси – 2700 йиллик қадимий қалъа. Эрамиздан аввалги 330 йилда Искандар Зулқарнайннинг буйруғига кўра қурилган, дейдилар. Нураб кетган қалъани охирги йилларда Афғонистон усталари қайта тиклашган. Қалъа жуда ҳам маҳобатли, гўзал. Ғиштин деворлари Афғонистоннинг минглаб йиллар билан ўлчанадиган тарихини эсга солади. Бу – Ҳусайн Бойқаронинг набираси, Мўмин мирзо қатл этилган қалъа. Қалъада паштун, дарий, фарсий, туркий тилларда шеърхонлик ва ажойиб қўшиқхонлик бўлди, мазза қилиб дам олдик. Меҳмонлар Эрон, Англия, Ҳиндистон, Покистон, Ливия, Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва бошқа давлатлардан ташриф буюрганига қарамай менимча ҳамма шеър қўшиқларни чин дилдан ҳис этиб, тинглади.

Афғон қўшиқчилари, бу алоҳида мавзу, қўшиқ деганни афғончада эшитиш керак экан.

Афғонистонда неча кун қандай ўтди, сезмадим: болалигимда Навоийга қиссалар битган, ҳалим, ерни ҳам силаб босувчи инсон бўлган дадам – адабиётшунос олим, навоийшунос, шоир Қўлдош Мирзонинг ёнида, суҳбатида дунёни қандай унутган бўлсам, Ҳазрат ҳузурида ҳам шундай бахтиёр бўлдим.

Ўшга қайтиб келгач, Ҳиротдаги халқаро анжуманда 30 нафар нуфузли профессорга насиб қилган “Афғонистон халқаро Навоий мукофоти”ни онамга бердим.

ЎЗБЕКИСТОН, НАВОИЙ ВИЛОЯТИ

Навоий вилоят ҳокимлиги, Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат  фонди, Навоий Давлат педагогика институти биргаликда Алишер Навоийнинг 580 йиллигига бағишлаб Навоий шаҳрида халқаро илмий анжуман уюштирдилар.

Анжуманга 18 мамлакатнинг навоийшунос олимлари ташриф буюрдилар.  “Алишер Навоий ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” номли, 2021 йил Тошкентда босилган илмий тўпламда эълон қилинган “Навоий ва салафларнинг фалсафий, ахлоқий қарашлари”номли мақоламиздан  ташқари маъруза ҳам қилдик.

Навоий вилояти ҳокими Қобулжон Турсунов анжуманда шахсан қатнашиб, олимларнинг маърузаларини тинглаб, йиғин охиригача бирга ўтирди. Анжуман ниҳоясида эса анжуман иштирокчиларига зарбоф тўн кийдириб, совғалар билан сийлади. Анжумандан ташқарида эса барча олимлар бир меҳмонхонада эркин мулоқотда бўлдик, фикр алмашдик. Ўзбекистоннинг Навоий шаҳрида ўтказилган Ҳазрат Навоий юбилейи муносабати билан 4-халқаро навоийшуносларнинг конференциясидан биз ҳам тўн кийиб қайтдик.

ТОШКЕНТ

Алишер Навоий номидаги Академик театр биносида Ўзбекистон Президенти қарори билан ташкил этилган якуний юбилей тадбири бўлиб ўтди. Унга Президент маъмурияти вакиллари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бош-қош бўлди. Биз ҳам шу тадбирда иштирок этдик. Конференция баҳона юздан ортиқ адабиётшунос олимлар билан дийдорлашдик. Туркия, Озарбойжон, Канада, Россия, Тожикистон, Қозоғистон олимлари орасида Қирғизистондан биз қатнашдик.

Тадбирда расмийлар табригидан сўнг Навоий ғазалларидан куй ва қўшиқлар тингладик. Театрнинг ижодий жамоаси тайёрлаган бадиий чиқишларни намойиш этдилар.

Қисқаси, ўтган бир йилда Ҳазрат Навоийнинг номидаги уч нуфузли “Афғонистон давлати халқаро Навоий мукофоти”, “Ўзбекистон давлати Навоийнинг 580 йиллигига бағишланган статуэткаси”, “Қозоғистонда Навоийнинг 580 йиллигига бағишлаб таъссис этилган халқаро Навоий медали” мукофотларига сазовор бўлиш бахтига эришдик.

Афсуски, ватанимиз Қирғизистонда Навоийни бирор тадбир билан эсламадик ҳам, балки мен бехабар қолгандирман?

 

Хосият Бекмирзаева, Ўш шаҳри

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг