Умумжаҳон имомлар кенгаши мусулмонларга Пекин олимпиадасини ҳаром қилди

Бунга Хитойда мусулмонларга нисбатан ўтказилаётган тазйиқ ва қийноқлар сабаб экани айтилган.

Глобал имомлар кенгаши сайтида хабар қилинишича, бу ташкилот мусулмонларга яқинда Хитой пойтахти Пекинда бўлиб ўтадиган қишки Олимпияда ўйинларида иштирок этиш тақиқлангани ҳақида баёнот қабул қилган. Шу тариқа Кенгаш Шинжонда “камситилаётган ва қийноққа солинаётган” мусулмонларни қўллаб-қувватлашга қарор қилган.

Хитойнинг Шинжондаги сиёсати турли даражадаги норозилик акцияларига сабаб бўлмоқда

Аталган баёнотни Россия, Уммон, Миср, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларнинг дунё миқёсида обрўси тан олинган муфтийлари, шунингдек Жаҳон уйғур конгресси раҳбари имзолаган.

“Глобал имомлар кенгаши – дунё мусулмонларининг биринчи ва дунёдаги энг йирик трансмиллий ноҳукумат ташкилотидир. Биз мазлум уйғур мусулмонларини қўллаб-қувватлаймиз ва улар билан биргамиз. Хитой ҳукумати жабр-зулм, қийноқлар ва диктатура воситасида маҳаллий мусулмонларнинг тамал ҳуқуқлари ва инсон ҳуқуқларини поймол этмоқда. Халқаро имомлар кенгаши Нажаф муқаддас ислом семинарияси ҳамда ислом оламининг буюк муфтийлари берган ваколатдан фойдаланиб, жаҳон мусулмонларига Пекин-2022 ўйинларида иштирок этишни тақиқлашга қарор қилди”, дейилади баёнотда.

Кенгаш аъзолари олимпиада ўйинларининг уйғурлар геноциди учун жавобгар бўлган “мустабид ва золим режим манфаатларига тўғридан-тўғри хизмат қилади”, – деб таъкидлаганлар ва бу Олимпияда ўйинларини бойкот қилаётган ташкилотлар сони ортаётгани” олқишлашган.

Маълумки, бунгача АҚШ ва яна қатор ғарб мамлакатлари янги йилнинг 4-20 февралида Пекинда бўлиб ўтадиган қишки Олимпиадага дипломатик бойкот эълон қилганлар. Бунга ҳам Шинжондаги мусулмонларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Хитойнинг Шинжондаги мусулмон халқларга нисбатан олиб бораётган сиёсатини “геноцид” деб атаган. Шу сабабли Ғарбдаги айрим мамлакатлар Шинжондаги қатор юқори мартабали мулозимларига нисбатан санкциялар жорий этган. Хитой бу айбловларни рад этиб, ўз хатти-ҳаракатларини – “экстремизмга қарши кураш”, уйғур, қозоқ ва қирғизлар қамалаётган лагерларни эса “қайта тарбиялаш марказлари” деб ўзини оқлаб келади.

Оқбура, Бишкек

Сурат интернетдан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг