Инглизлар биз ҳақимизда: “Арзон” Тошкент ва интернети учқур Бишкек

Ғарбда урф бўлган турли рейтингларда Марказий Осиё давлатлари ҳам эътибордан четда қолмайди.

Буюк Британияда чиқадиган “Экономист” журналининг турли тадқиқотлар билан шуғулланувчи “The Intelligent Economist Unit” бўлимининг таъкидлашича, Ўзбекистон пойтахти Тошкент жаҳон давлатларидаги яшаш учун энг арзон ҳисобланган шаҳарлар орасида учинчи ўринни эгаллаган.

Тадқиқот ишларида жаҳоннинг 173 давлати қатнашган. Тадқиқотлар давомида мутахассислар турмушнинг асосий кўрсаткичлари бўлган 50 мингга яқин товар ва хизмат кўрсатиш турларининг нархларини солиштирганлар. Улар орасида озиқ-овқат маҳсулотлари, спиртли ичимликлар, коммунал хизмат турлари, кийим-кечак, тамаки, транспорт хизмати ва бошқалар бор.

Дунёнинг энг “арзон” шаҳри деб, Сурия пойтахти Дамашқ тан олинса, Ливия пойтахти Триполи иккинчи ўринни эгаллаган. Ўтган йилги тадқиқот натижаларига кўра ҳам бу уч шаҳар биринчи учликка кирган эди. Айтиб ўтиш керакки, сўнгги йилларда Қирғизистондан Ўзбекистонга саёҳатга борувчилар сони ҳам тобора ортиб бормоқда. Саёҳатчиларнинг аксарияти бу давлатда озиқ-овқат ва хизмат кўрсатишнинг нисбатан арзон ва сифат даражаси юқори эканини айтишади. Бугунги кунда арзон нархлар ҳар қандай мамлакатда ҳам туристларни жалб этувчи асосий омиллардан бири экани ҳаммага маълум. Шу билан бирга сўнгги пайтларда Тошкент ва бошқа асосий шаҳарларда нарх-наволар ўсиб бораётгани қайд қилинмоқда.

Яшаш жуда қиммат бўлган шаҳарлар пешқадами сифатида Исроил пойтахти Тель-Авив тан олинган. Иккинчи ўринни Франция пойтахти Париж олган бўлса, ундан кейинги ўринларни Сингапур, Цюрих ва Гонконг шаҳарлари эгаллашган.

Қирғизистон юқори рейтингларни эгаллаган соҳалар ҳам кам эмас. Улардан бири ҳақида Англиянинг бошқа бир нашри, телекоммуникация хизматлари соҳасига ихтисослашган Cable.co.uk тайёрлаган ҳисоботда айтилади. Нашрнинг таъкидлашича, Марказий Осиё минтақасида интернет тезлиги энг юқори бўлган давлат Қирғизистон ҳисобланади. Бунинг исботи сифатида нашр қуйидаги кўрсаткичларни келтиради: 5 гигабайт файлни юклаш учун бу ерда бир неча дақиқа зарур бўлади, холос (тезлик – секундига 7,44 Мбит). Иккинчи ўринни Ўзбекистон ва учинчи ўринни Қозоғистон эгаллаган. Айтиб ўтиш керакки, бир неча йил аввал Ўзбекистон – интернет тезлиги энг ночор давлатлардан бири ҳисобланарди.

Рейтингнинг энг охирида Туркманистон қолган бўлиб, бу ерда 5 гигабайт файлни юклаб олиш учун 22 соат 34 дақиқа талаб қилиниши аниқланган.

Жаҳоннинг 224 давлати орасида Қирғизистон 155-чи ўринни эгаллаган. Ўзбекистонга 166, Қозоғистонга 173, Тожикистонга 211 ўрин берилган бўлса, Туркманистон жаҳон рейтингида ҳам охирги ўринда (224) қолган.

Тажриба кўрсатганидек, интернетнинг тезлиги, арзон ва қулай экани у ёки бу давлатнинг очиқлик, эркинлик даражасини белгилаб беради.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг