Ўзбекистон Афғонистон аэропортларидан бирини тиклашга ёрдам беради

Афғонистон томон Ўзбекистондан қарзларини тўлаб битгунга қадар электр қувватини беришни тўхтатмасликни ҳам сўранди.

TOLOnews сайти берган хабарга кўра, Ўзбекистон Афғонистондаги Мозори Шариф шаҳрининг Мавлоно Жалолиддин Балхий номидаги халқаро аэропортини таъмирлаш учун Афғонистонга ўз мутахассисларини жўнатди.

Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев “Толибон” вакиллари билан Афғонистоннинг Балх шаҳрида ўтказилган учрашувда билдирган.

Мозори Шариф аэропортини тиклаш учун 30 нафар техник ходимдан иборат гуруҳ жўнатилганини айтган Эргашев Ўзбекистон Афғонистонга бошқа турли соҳаларда, айниқса инфратузилмаларни тиклаш масаласида ҳам ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилишини маълум қилган.

Балх вилояти губернатори Қудратуллоҳ Ҳамза Ўзбекистон вакиллари билан темир йўллар таъмири ҳамда электр энергиясини етказиб бериш масаласини ҳам муҳокама қилганини билдирган. У мамлакатда банк тизимидаги муаммолар ҳал қилиниши билан Ўзбекистонга электрдан бўлган қарзлар тўланиши айтиб, унгача Тошкент электр қувватини етказиб беришни тўхтатмаслиги сўранган.

Афғонистон ҳукуматида Авиация ва транспорт ишлари вазирининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Ҳасибуллоҳ Соруш ўз навбатида ўзбекистонлик мутахассислар аэропорт биноси ва барча жиҳозларини таъмирлаб, қайта ишга тушириши ҳамда аэропортда ишлайдиган 80дан ортиқ ходимни Ўзбекистонда ўқитиш ҳақидаги битимга ҳам эришилганини айтган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг август ойида Афғонистонда тўла ўз ҳокимиятини ўрнатган “Толибон” ҳаракати тузган ҳукуматни ҳалигача на Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва на дунёнинг бирорта давлати тан олгани йўқ.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг