Европа суди: Москвада беш аёлни қулдай ишлатишган

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россия пойтахтида қулликка тушиб қолган беш фуқаронинг аризасини кўриб чиқади.

Франциянинг Страсбург шаҳрида жойлашган Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг сайтида берилган маълумотга кўра, Москвадаги озиқ-овқат дўконларининг бирида Қозоғистон ва Ўзбекистон фуқаролари бўлган беш аёлни қулликда ушлаб турганлар. Европа суди яқинда уларнинг аризаларини кўриб чиқади.

Жабрланувчилар номидан ёзилган биринчи ариза Ўзбекистон фуқаролари Гулжанар Назанова ва Бакия Қосимовалар ҳамда қозоғистонлик Фотима ва Алия Мусабаевалар номидан 2016 йилда келиб тушган. Иккинчи ариза 2018 йилда яна бир Қозоғистон фуқароси Несибели Ибрагимова номидан берилган. Аризаларнинг кўплиги ва уларни суд қаровига тайёрлаш билан боғлиқ бошқа ҳуқуқий амаллар туфайли аризаларни қараш бир неча йилга чўзилиб кетиши одатий ҳол.

Суд фаолиятининг талабларига мувофиқ аризада қайд этилган даъволар бўйича Россия ҳукуматига саволлар юборилади. Расмий жавоб олингач, яна қўшимча саволлар ёки жавобларга аниқлик киритиш бўйича қўшимча мурожаатлар қилиниши мумкин. Ана шу ёзишма давомида олинган жавоблар ва далиллар ҳисобга олиниб, Европа суди ўз қарорини қабул қилади.

Судланувчи, суд муҳокамасидан қутулиш мақсадида ариза эгалари билан келишув битими тузиши мумкин. Яъни, уларга етказилган зарар қопланиб, даъволар қаноатлантирилса, суд буни ҳисобга олади.

Европа судига келиб тушган маълумотларга кўра, аталган муҳожирлар қулликда сақланган озиқ-овқат дўконлари Голяново туманидаги Уралская, Парковая ва Новосибирская кўчаларида жойлашган. Дўконларга эр-хотин ва уларнинг қариндошлари эгалик қилишади.

«Фуқароларга ёрдам» ташкилоти берган хабарга кўра, дўкон эгалари аёллардан ҳужжатларини йиғиб олишган, бироқ уларни Россияда меҳнат муҳожири сифатида қонуний рўйхатдан ўтказишдан бош тортган. Жабрланувчиларга иш ҳақи тўланмаган, уларга дўконларнинг биноларини тарк этиш тақиқланган. Дам олиш пайтида эса, улар ертўлаларда ухлашга мажбур қилинганлар.

«Йиллар давомида дўкон эгалари ва ходимлари Ўзбекистон ва Қозоғистон аёлларини ҳақ тўланмайдиган меҳнатга мажбурлаб, ишлатишган, калтаклашган ва хўрлашган. Агар улар ишлашдан бош тортишса, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилишган», деб ёзади «Фуқароларга ёрдам» ташкилоти.

Судда аёллар манфаатларини Москвадаги «Мемориал» инсон ҳуқуқлари маркази адвокатлари ҳимоя қилиши режалаштирилган. Улар «Фуқароларга ёрдам» қўмитаси билан ҳамкорлик қилишади.

Табиийки, ўтган йиллар давомида жабрланувчилар расмий рўйхатдан ўтмасдан, Россия ҳудудида ноқонуний яшашган. Улар шунга мажбур бўлишганини ҳисобга олиб, полиция жабрланувчиларга нисбатан жиноий иш қўзғашдан бош тортган.

Россия расмий манбаларида қайд этилишича, мамлакатда Марказий Осиё давлатларидан борган 2,5 миллиондан ортиқ мигрантлар бўлган. Сўнгги бир ярим йил ичида пандемия туфайли уларнинг сони 30-40 фоизга камайган.

Европа суди қарорлари унга аъзо давлатлар учун мажбурийдир. Лекин кўп марта улкан жарималар тўлашга мажбур қилинган Россия анчадан буён суд қарорларини инкор қилиб келади.

Оқбура, Бишкек

Расм интернетдан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг