Аралашма, дегандимку! Ўш университетининг ректори сайлов сабаб ишдан бўшатилди

Ректор ва айрим педагоглар талабаларни сайлов ташвиқоти ишларига жалб қилганликда айбланишмоқда.

Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров сайловолди жараёнида қонунбузарликларга йўл қўйгани учун бир қатор раҳбарларнинг ишдан бўшатилганини маълум қилди. Айримлари танбеҳ олиш билан қутулишди.

Сайловни қонун доирасида ўтказиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида аниқланган фактларга кўра, Ўш давлат университети ректори Қудайберди Қўжўбеков, университетнинг педагогика факультети декани Бақитбек Муратбаев ва шу факультетнинг уч нафар ўқитувчиси қонунларни бузгани учун ишдан бўшатилди.

Бундан ташқари, таълим ва фан вазири Болотбек Қупешев ва Ўш шаҳар ҳокими Алмаз Мамбетовга танбеҳ берилди. Ақилбек Жапаров сайлов қонунлари бузилишига йўл ўйгани сабабли Боткен вилоятининг Лайлак тумани ҳокимининг вақтинчалик лавозимидан четлаштирилгани ва шу туман маркази бўлган Исфана шаҳри ҳокимига танбеҳ берилганини қўшимча қилди.

маълум бўлишича, ўтган ҳафта Ўш давлат университетининг педагогика факультети ўқитувчилари «Азаттиқ» партиясининг Ўш шаҳри марказий майдонида бўлиб ўтган йиғилишига талабаларни олиб келишган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари тергов ҳаракатларини олиб бориб, “талабалар экскурсия ниқоби остида ташвиқот жараёнларига жалб қилинган”, деган хулосага келишган.

“Азаттиқ” партиясининг лидери собиқ мудофаа вазири, генерал Исмаил Исақов бўлиб, бугунги ҳокимият билан муносабатлари яхши эмас. Партия рўйхатига собиқ парламент раиси Медетқан Шеримқулов, собиқ депутатлардан Ишенбай Қадирбеқов, Жилдизқан Жўлдўшўва, Бақтибек Қалматов кабилар бор.

Университет ректори Қудайберди Қўжўбековнинг тарафдорлари, университет ўқитувчилари ва талабалар унга ортиқча жазо берилганини айтиб, уни ўрнига қайтариш талаби билан пикетга чиқдилар. Жўғўрқу Кенешнинг икки депутати ректорнинг ишдан олинишига оид қарорни қайта кўриб чиқишни сўраб, мамлакат президентига мурожаат қилишди.

Эслатиб ўтамиз, сайлов олдидан расмийлар, жумладан давлат раҳбари Садирбек Жапаров давлат органлари ходимлари сайлов жараёнига ноқонуний аралашишса, улар нафақат ишдан бўшатилиши, балки қонун олдида жавобгарликка тортилиши ҳам мумкинлигини айтишган.

Қирғизистонда парламент сайлови 28 ноябрь куни бўлиб ўтади. Сайлови бўйича ташвиқот ишлари 29 октябрь куни расман бошланган. Шундан буён 10 ноябрдаги ҳолатга кўра, Марказий сайлов комиссиясига 60дан ортиқ ариза ва шикоятлар келиб тушган.

Сайлов бу сафар аралаш тизимда ўтказилиб, 90 депутатнинг 54 нафари партия рўйхатлари асосида, 36 нафари эса бир мандатли округлардан сайланишади. Бугунги кунда партиялардан сайланувчи 54 депутат мандатига 21 партия даъвогарлик қилмоқда. Бугунги кунда Қирғизистонда юздан ортиқ партия расмий рўйхатга олинган.

Бир мандатли сайлов округларидан сайланадиган 36 мустақил депутат ўринлари учун 300дан ортиқ номзодлар курашмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм Азаттиқ сайтидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг