Қирғизистонда хусусий уйларни электр билан иситиш таъқиқланди

Мутахассислар уйма-уй юриб, электр билан ишлайдиган қозонларни электр манбаидан узиб, пломбалаб кетмоқдалар.

Энергетика вазирлигининг махсус буйруғига кўра биринчи галда электр қозонлар энергетика соҳасида ишлаган ходимларнинг хусусий уйларида ўчирилмоқда. Бу ҳақда ўзини Алмаз деб таништирган инспектор айтиб берди. Лекин амалдорлар ва бойларнинг уйларида ҳам бу буйруқ қўлланяптими, деган саволга инспектор жавоб бера олмади.

Маълум вақт ўтгач, журнаистларнинг электр энергиясини тақсимловчи корхоналар билан биргаликда рейдлар ўтказиши мақсадга мувофиқ экани ойдай равшан.

Бунга республикада вужудга келган электр тақчиллиги сабаб бўлмоқда. Бу эса Қирғизистоннинг асосий электр ишлаб чиқарувчи ГЭСларга сув берувчи Тўқтағул сув омборидаги сувнинг камайиб кетгани сабаб бўляпти.

Энергетиклар аҳвол шу даражада кетса, иситиш мавсуми тугагач, сув омборида бор-йўғи 6-7 миллиард куб метр сув қолишини ҳисоблаб чиқишган. Бу энг кўп қувватга эга бўлган Тўқтўғул ГЭСининг тўхтаб қолишига олиб келиши мумкин.

Жорий йилнинг ноябрь ойи бошида Тўқтўғул сув омборидаги сув ҳажми бор-йўғи 11,8 миллиард метр кубни ташкил қилди. Бу охирги йиллардаги энг паст кўрсаткичдир. Бир йил аввал шу вақтга келиб сув омборида 14,7 миллиард куб метр сув бўлган.

Вазият оғирлиги боис Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида мамлакатдаги электр энергияси билан боғлиқ вазият ҳақида ёзди.

Унинг ёзишича, ижтимоий тармоқларда айрим фуқаролар энергетика тизимини инқирозга олиб келишда Жапаровни айбламоқдалар. Бундай айбловларга жавобан у сўнгги 10 йил ичида мамлакатда бирорта ҳам ГЭС қурилмагани ва ҳокимият электр энергиясини Россия ва қўшни давлатлардан сотиб олиб келганини айтади.

– Бир киловатт (электр энергияси)ни 5 сўмдан олиб, халққа 77 тийиндан сотдик. Албатта, қоғозда 5 сўм деб кўрсатилган бўлсада, ҳақиқий нарх арзонроқ эди. Қолганлари эса «катта одамлар»нинг чўнтагига тушди… Шундай қилиб, улар энергия тизимини банкрот қилдилар. Натижада улар (энергетиклар)нинг 130 миллиард сўмдан (1,5 миллиард доллар) ортиқ қарзи бор…” – деб ёзади президент.

Давлат раҳбари ҳозирда импорт қилинадиган электр энергияси икки сўмга яқин нархда олинаётгани ва ҳокимият кичик ва ўрта ГЭСлар қуришга киришганини таъкидлади.

Жапаровнинг сўзларига кўра, 2024-2025 йилларга бориб Қирғизистон энергетика тизимини инқироздан олиб чиқиб, электр энергиясини экспорт қилишни йўлга қўйиш мумкин бўлади.

Бугунги кунда Қирғизистон электр энергиясининг асосий қисмини Қозоғистон ва Ўзбекистондан айирбошлаш йўли билан олади. Шунингдек Туркманистондан электр энергиясини импорт қилади. Жапаров Вазирлар Маҳкамасининг ҳозирда Россиядан электр энергиясини сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақида ҳам маълум қилди.

Оқбура, Бишкек

Расм Қирғизистон президентининг расмий сайтидан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг