Қирғизистонлик ўзбекзабон ижодкорларнинг асарлари тўплами чоп этилади

Лойиҳада иштирок этишни истаганлар сараланган асарларини ташкилотчиларга жўнатишлари лозим.

Тўпламни нашр этиш ҳақидаги ғоя шу йилнинг май ойида бир гуруҳ қирғизистонлик ижодкорларнинг “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти таклифи билан Тошкентда ўтган учрашувлари чоғида айтилган эди. Ташкилий ишлар Қирғизистондаги ўзбек мактаблари учун дарсликлар яратиш марказининг бош муҳаррири Саидакбар Махсумхоновга юклатилган.

Саидакбар Махсумхоновнинг Фейсбукдаги варақчасида ёзишича, ҳозирда материалларни тўплаш ишлари давом этяпти. Бугунгача ўндан ортиқ ижодкорларнинг асарларидан намуналар келиб тушган.

“Биз маълумот ва ижод намуналарини тўплашни Ҳувайдо эшондан бошламоқчимиз, – деб ёзади Саидакбар Махсумхонов, – шунинг учун ҳозир ҳаёт бўлган шоир ва ёзувчилар ўз ижод намуналарини юборишлари мумкин. Фоний дунёни тарк этган адибларимизнинг эса оила аъзолари, фарзандлари ёки дўстлари… бу хизматни бажаришлари мақсадга мувофиқ”.

Ижод намуналарини тўпламга киритишни истаган ижодкорнинг қаерда камол топгани муҳим эмас. Бироқ у сўзсиз Қирғизистон ҳудудида туғилган ёки яшаган бўлиши шарт.

Махсумхонов шуни ҳам эслатиб ўтадики, келиб тушган материалларнинг, яъни ҳамма ижодкорларнинг антологияга киришига кафолат берилмайди. Таклиф қилинган ижод намуналари махсус тузилган таҳрир ҳайъати томонидан бадиият талаблари асосида сараланиб, сўнг китобга киритилади.

Китоб ҳомийлар томонидан бепул нашр қилинишини кўзда тутилган. Бироқ нашргача бўлган чиқимлар – матнни компьютерга киритиш, таҳрир, дизайн, саҳифалаш каби ишлар учун лозим бўладиган чиқимлар қисман, масалан, саҳифасига 40-50 сўмдан муаллифлар ёки уларнинг яқинлари томонидан қопланади.

Саидакбар Махсумхоновнинг айтишича, шу йил Ўзбекистон-Тожикистон дўстлик жамияти ҳамда Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти ўзбек маънавият ва маърифат маркази жамоатчилик ташкилоти ташаббуси билан “Тожикистон ўзбек адабиёти антологияси (назм ва наср)” китоби Тошкентда нашр қилинди.

Мазкур мажмуага элликдан ортиқ тожикистонлик ўзбекзабон шоир ва ёзувчиларнинг ижод намуналари киритилган. Муаллифлар ҳаёти ва ижодига доир қисқача маълумотлар ҳам берилган. Китоб жуда чиройли безаклар билан, юқори сифатда босиб чиқарилган.

Асарларини Қирғизистонда чиқажак антологияга киритиш ниятида бўлган ижодкорлар ушбу материалларни тақдим этишлари керак:

  1. Фотосурат – 1 дона.
  2. Таржима ҳол – ўта қисқа, юзта сўз ҳажмида.
  3. Шеър – 8-10 дона, 7-8 бет атрофида.
  4. Насрий асардан парча – 8-9 бет ҳажмида.

Битиклар Times New Roman, 14 шрифтда ёзилиб, ё [email protected] электрон манзилига, ёки А4 қоғозига босиб чиқариб, қуйидаги манзилга тақдим этилиши лозим:

Ўш шаҳри, Г. Айтиев кўчаси, 27.

(Қирғиз-Ўзбек Университетининг бош биноси ёнидаги пештоқига “Ош билим ордо” деб ёзилган 4 қаватли бинонинг 2-қавати, 228-хона. Дарсликлар яратиш маркази.

Саволлар билан ёки бошқа маълумот олиш учун ушбу рақам орқали мурожаат қилиш мумкин: +996 552 20 60 60.

Ташкилотчилар бу хабарномани турли ижтимоий гуруҳларга, дўстларга, имкон қадар кўпроқ одамга етказишни сўрайдилар.

Оқбура, Бишкек

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг