Сайловдан сўнг. Шавкат Мирзиёев келаси беш йилда қилинажак ишларни санаб берди

Қайта сайланган Ўзбекистон президенти расмий қасамёд қабул қилиб, бу лавозимидаги иккинчи муддатини бошлади.

Ўтган шанба, 6 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган тантанали маросимда Шавкат Мирзиёев мамлакат Конституцияси ва Қуръони каримга қўлини қўйиб, расмий қасамёд қилди. Шу билан ҳаракатдаги давлат раҳбари президентлик лавозимига қайтадан киришди.

Эслатиб ўтамиз, 64 ёшли Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайловида сайловчиларнинг 80,1 фоиз овозини олиб, мутлоқ ғолиб деб эълон қилинган. Биринчи бор Мирзиёев 2016 йилда Ўзбекистоннинг тўнғич президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг бу лавозимга сайланган эди.

Инаугурациядан кейин республика Олий Кенгаши депутатлари олдида сўзлаган нутқида Мирзиёев келгуси беш йил ичида Ўзбекистоннинг тараққиётига тегишли етти асосий йўналишини санаб ўтди.

Эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш биринчи навбатга қўйилди. Бу соҳада давлат тизимлари ваколатларининг катта қисми марказдан ҳудудларга ўтказилади. Ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилади. Туман бюджетида маҳалла жамғармаси бўлади. Марказий идоралар қисқартирилади.

Шавкат Мирзиёев иккинчи бор Ўзбекистон Республикаси президенти лавозимига расман киришди

Иккинчи асосий йўналиш – адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш бўлиб, мамлакат судлов тизими ва адвокатура, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти такомиллаштирилади. Тадбиркор ва мулкдорлар ҳуқуқлари жиддий ҳимоя қилиниб, коррупцияга қарши кураш кучайтирилади.

Учинчидан, миллий иқтисодиёт ривожлантирилиб, 2030 йилга келиб, аҳоли даромади жон бошига ойига 2500-3000 долларни тузиши режалаштирилган. Макроиқтисодий барқарорлик таъминланиб, инфляция даражаси 5 %гача пасайиши керак. Шу аснода аҳолини уй-жой ва тоза ичимлик сув билан таъминлаш, замонавий йўл ва коммуникация тармоқларини барпо этиш, жамоат транспорти бўйича лойиҳалар амалга оширилади.

Тўртинчи йўналиш – сифатли таълим ва аҳоли саломатлиги масаласи. Ўқитувчиларнинг ва олий тоифадаги врачларнинг ойлик маошини 2025 йилга бориб, 1 минг доллар миқдорига етказиш кўзда тутилган. Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш муҳим вазифа бўлиб қолади.

Бешинчи – маънавий ва маърифий соҳаларни ривожлантириш концепцияси амалга оширилиб, маданият ва санъатни юксалтириш, ёшларни соғлом эътиқод руҳида тарбиялаш, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилади.

Олтинчидан, эътибор глобал муаммоларнинг миллий ва минтақавий ечимларини топишга қаратилади. Хусусан, Оролбўйи ҳудудини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди сифатида ривожлантириш, Бутунжаҳон экология хартиясини ишлаб чиқиш масалаларига кун тартибида бўлади.

Еттинчи муҳим йўналиш –  тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш бўлиб, халқаро ҳамкорлик масаласида прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсат, иқтисодий дипломатия давом эттирилади. Аввало, қўшни мамлакатлар ва дунёнинг барча минтақаларидаги шериклар билан ўзаро манфаатли ва кўпқиррали алоқалар кенгайтирилади.

Шу билан бир қаторда мамлакат Қуролли кучларининг қудрати янада оширилиб, ҳарбийларнинг жанговар шайлиги, жисмоний ва маънавий тайёргарлиги кучайтирилади.

Давлат раҳбари шу билан бир қаторда давлатмамлакат Конституциясини такомиллаштириш заруратига ҳам тўхталди. Яъни, яқин беш ичида давлат асосий қонуни ҳам жиддий ўзгаришларга учраши мумкин.

Ўзбекистон президенти аталган йўналишларда белгиланган мақсадларга эришиш учун яқин беш йилликда бутун «борлиғи билан, халққа садоқат билан хизмат қилишга” ваъда берди.

Олий Мажлиснинг янги залида бўлиб ўтган Ўзбекистон президентининг инаугурация маросимида парламент депутатларидан ташқари дипломатик корпус вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этдилар.

Оқбура, Бишкек.

Расмлар Ўзбекистон президентининг расмий сайтидан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг