Қирғизистон президенти Садир Жапаров Глазгога шахсий самолётда учиб кетди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ижарага олинган шахсий самолётда Шотландиянинг Глазго шаҳрига учди.

Президент маъмурияти самолётни ким ижарага олгани ва унга қанча пул ажратилгани ҳақида ҳозирча расмий маълумот бермаган.

Қайд этилишича, мезбон томон президент учаётган TU-154 самолёти техник жиҳатдан эскирганлиги ва халқаро талабларга жавоб бермаслиги сабабли мамлакатга қўниши мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантирган.

Борт рақами 1-TU-154 самолёти 1993 йилда ишлаб чиқарилган. Россия матбуоти хабарларига кўра, президент Владимир Путин ушбу самолётни 2006 йилда ўша пайтдаги давлат раҳбари Қурманбек Бакиевга совға қилган. Самолёт Қирғизистон Республикасида 12 йил ишлаган ва ундан умумий фойдаланиш муддати 25 йилни ташкил этган.

2019 йилда ўша пайтдаги президент Сооронбай Жеенбеков Санкт-Петербургдан қайтиб келганида, техник носозликлар туфайли самолёт ҳавога кўтарила олмади. Натижада Президент ўз делегацияси билан биргаликда белгиланган самолётда Қирғизистонга қайтиб келди.

Президент Садир Жапаров 31 октябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси иштирокчиларининг 26 конференциясининг очилиш маросимида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Глазго шаҳрига учиб кетди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, у дунё етакчилари саммитида ҳам ўз нутқи билан чиқади. Давлат раҳбари билан бирга ташқи ишлар вазири Руслан Казакбоев, Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов ва Президент маъмурияти ташқи сиёсат бўлими мудири Жеэнбек Кулубоев Глазгога учиб кетишди.

«24.kg» ахборот агентлиги хабарига кўра, Қирғизистон президенти Садир Жапаров Глазгодаги Глобал иқлим форумига келган Марказий Осиёдаги ягона давлат раҳбаридир.

Делегация аъзоси, Бош вазир ўринбосари Эдил Байсаловнинг сўзларига кўра, бугун Садир Жапаровни форум мезбони, Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон расман кутиб олади. Кечқурун Садир Жапаров қироллик оиласи номидан зиёфатда иштирок этади. Унда Шаҳзода Чарлз ҳам иштирок этади. Қирғизистон Республикаси раҳбари БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан ҳам учрашади.

Оқбура, Бишкек

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг