ҚАДРИЯТ Навоийхонлик суҳбатлари   

“ДАҲР БОҒИ ГУЛЛАРИН ҲУСНИ ВАФОСИЗ…”

Навоийхонлик суҳбатлари

 Эй сабо, ҳолим бориб сарви хиромонимға айт,

Йиғларимнинг шиддатин гулбарги хандонимға айт.

 

Буки, анинг аҳду паймонида мен ўлсам дағи,

Яхши фурсат топсанг, ул бадаҳду паймонимға айт.

 

Буки, анинг зулфи зуннорида диним ҳосили

Куфр ила бўлмиш мубаддал, номусулмонимға айт.

 

Буки, қилмишмен жаҳону жонни онинг садқаси,

Юз туман жону жаҳондин яхши жононимға айт.

 

Буки, юз жон садқаси қилсам пушаймон бўлмағум,

Васлиға бир ваъда қилғандин пушаймонимға айт.

 

Буки, юз минг фитнакўзлуг бўлса пайдо онсизин,

Қилмағум наззора ҳаргиз кўзи фаттонимға айт.

 

Буки, чок айлаб ёқа, усрук чиқар эл қасдиға,

Мен ўлуб эл жон топар, бебок нодонимға айт.

 

Даҳр боғи гуллари ҳуснин вафосиз эрканин,

Юзи гул, жисми суман, кўйи гулистонимға айт.

 

Эй Навоий, ҳеч гулшаннинг сенингдек хушнаво

Булбули йўқ эрканин шоҳи сухандонимға айт.

“Айт” радифли ушбу ғазалга ХХ асрнинг улуғ муғаннийларидан бири бўлган Дони Зокиров ғоят жозибали бир куй басталаган. Бу ашулани дастлаб Маъмуржон Узоқов, сўнгроқ Саттор Ярашевлар куйлашган. Фаттоҳхон Мамадалиев, Абдухалил Абдуллаев, Маъмуржон Тўхтасинов, Тожиддин Муродов, Хуршида Ўринова, Жўрабек Муродов, Маҳмуджон Тожибоев, Маҳбуба Ҳасанова, Оролмирзо Сафаров, Адҳам Солиев, Маҳфуза Каримова, Аҳрор Раҳмонов, Салоҳиддин Азизбоев каби ҳофизлар ижросида ҳам бу навҳа мухлислар диққатига ҳавола этилган. Шунча хонанданинг (рўйхат ҳали тўлиқ эмас) бу ашулани ҳарорат билан суйиб куйлаганинг ўзи унинг бадиий етук санъат асари эканидан далолат беради.

Тўққиз байтлик бу ғазал “Наводируш шабоб” девонига кирган (85). Шаклан хитоб ва ўтинч услубида (“Эй, … айт”). Унда лирик қаҳрамон ишқи шиддатини сабога баён қилиб, ҳолатини ёрга етказишини тайинлайди.

Нега сабо (шабада, насим)га? Гап шундаки, шамол ва ел турли мусиқа, одам овози ва бошқа шовқинларни узоқларга учириб етказишга қобилдир. Бу ҳодиса тасаввуф шеъриятида ошиқнинг гапларини маъшуқага элтиш тарзида қўлланган (маъшуқанинг ўзига рўбарў бўлиб, дил изҳори қилиш одобсизлик саналган). Шунинг учун саломини, арзини етказишда сабони воситачи этган. “Алишер  Навоий: Қомусий  луғат” китобида айтилишича, сабо – шарқдан эсадиган тонгги ёқимли ва салқин шамол. …Тасаввуфда у Оллоҳ таолонинг раҳмоний нафасига нисбат берилиб, хайрга боис бўлиши айтилади. Сабо ошиқнинг оҳу ноласини Оллоҳга, ўз навбатида, Оллоҳнинг хабарини ошиққа етказади. Хусусан, сабо билан ошиқнинг тонг чоғида чеккан оҳи ўртасида боғлиқлик мавжуд: тасаввуф аҳли тонг чоғида қилинган оҳ Оллоҳ таолога етиб боради, деб ҳисоблайди…” (12- жилд. “Sharq” НМАК, Тошкент – 2016).

Агар сўфиёна пардаларга ўрамай айтадиган бўлсак, сабо – пайғамбар алайҳиссалом рамзи. Бандаларга парвардигор ҳақида хабар берувчи ва қиёмат кунида шафоатчи бўладиган – гуноҳларимиздан кечишни, жазоламасликни сўрайдиган зотдир. У Оллоҳнинг бизга элчиси ва бизнинг ўтинчимизни Оллоҳга етказадиган акрам расулимиздир.

Аммо бу наът (Расулуллоҳ мадҳи) ғазал турига кирмайди, зеро унда Пайғамбар алайҳиссаломнинг таъриф-тавсифи йўқ.

“Лайли ва Мажнун” достони воқеалари орасида шундай нақл ҳам бор, дейдилар. Бир кишининг Лайлилар қабиласи кўчиб бориб ўрнашган ерга бораётганини эшитган Мажнун у одам саҳрога чиққан жойида етиб бориб, ҳой фалончи, агар сен ўша ерга етиб борсанг, Лайлини холи топиб, менг аҳволимни айт, унга шундай-шундай гапларни тайинлаб айт, дейди. У киши хўп деб кетаётса, Мажнуннинг ёдига яна бошқа гаплари Таҳлилга киришайлик. 

Эй сабо, ҳолим бориб сарви хиромонимға айт,

Йиғларимнинг шиддатин гулбарги хандонимға айт.

Эй тонг ели, ёр қошига етиб бориб унга ҳолимдан хабар бер,

Қанчалар қаттиқ йиғлаётганимни кулар юзли ёримга етказ.

 

Васлини қизғанаётган ёрнинг жабри ошиқни йиғлатади. Ишқ шиддати қанча бўлса, ошиқнинг нола-фарёди ҳам шунча баланд. Ёр эса, гўё пайқамаётган каби, кулаётир, хандон ураётир. Кўрамизки, бу ўринда қаршилантириш усули бор: ошиқнинг йиғиси ва ёрнинг кулгуси. Бу усул бутун ғазал матнида давом эттирилган.

Буки, анинг аҳду паймонида мен ўлсам дағи,

Яхши фурсат топсанг, ул бадаҳду паймонимға айт.

Агар ёрнинг аҳду паймони амалга ошмай туриб, мен ўлар бўлсам,

бу хабарни, яхши фурсат топсанггина, ўша ваъдаси ёлғонимга етказ.

Лирик қаҳрамон ёрни шу қадар эъзозлайдики, ўзининг ўлгани хабари ҳам уни ранжитмаслигини хоҳлайди, фақат унга озор етмайдиган бир вазиятда етказсанг кифоя, деб айтади. Андиша Навоий асарлари руҳига хос.

Буки, анинг зулфи зуннорида диним ҳосили

Куфр ила бўлмиш мубаддал, номусулмонимға айт.

Шундоқки, агар менинг диним-имоним охир-оқибат унинг сочи-чилвирига илашиб, кофирлик билан алмашиб қолди, буни ўша номусулмонимга айт. 

Ошиқ ёрни “номусулмон” деб атаяпти. Буни қандай англаш керак? “Мусулмон” сўзи Оллоҳга таслим бўлган (бўйсунган, бўйин эгган) дегани. Ёр – Оллоҳнинг ўзи эса ҳеч кимга таслим ва қарам эмас, бутун борлиқ унга таслим. Шу сабабли, Оллоҳнинг ўзига нисбатан “мусулмон” сўзи ишлатилмайди. Бу гап “Оллоҳ ҳузурида мақбул дин – фақат исломдир”, деган оят (3,19)да ҳам тасдиқланган. Оллоҳ динлардан устун туради, шунинг учун уни мусулмон деб атаб бўлмайди. Лирик қаҳрамон ёр йўлида ҳатто имонимни бой бергандекман, буни ўша номусулмонимга айт, зора шодланса, дея, ўша тарзда бўлса ҳам ёрнинг илтифотига илҳақ бўлади.

Албатта, бу сўзнинг келиб чиқишида баъзи тарихий-ижтимоий сабаблар ҳам бор, аммо мантиқан, Оллоҳ диндан юксак, дин – бандалар учун.

Иккинчидан, ёрнинг нозу карашмасида киши имонини ғорат қиладиган фитналар бор. Шоир шуни кўзда тутиб, уни дея диним куфр билан алмашди, деган маънода сўз юритаётир.

Буки, қилмишмен жаҳону жонни онинг садқаси,

Юз туман жону жаҳондин яхши жононимға айт. 

Қара, мен жаҳонни ва жонимни унга нисор этибман,

Буни юз туман жон ва жаҳондан ҳам афзалроқ бўлган жононимга айт.

Чин ошиқ бутун жаҳонни, нафақат жаҳон, ҳатто жонини ҳам ёрнинг оёғи остига ташлайди, чунки унинг учун ёр юз туман (миллион) жондан, шунча жаҳондан ҳам афзал туради. Лирик қаҳрамон уни ёрнинг ўзи билармикин, шуни айтгин-чи, деб хитоб қиляпти.

Буки, юз жон садқаси қилсам пушаймон бўлмағум,

Васлиға бир ваъда қилғандин пушаймонимға айт.

Мен, юзта жонимни садқа қилсам ҳам, бундан пушаймон бўлмаслигимни

Васлини бир бор ваъда қилиб, ўшандан ҳам афсусланаётган ёримга етказ. 

Ошиқ – фоний, ишқ эса абадий. Биринчи мисрани юзта жонни садқа қилиш деб ҳам, жонни юз бора садқа қилиш деб ҳам тушуниш мумкин. Қайси маънода англанса ҳам, хато бўлмайди. Аммо васлини бир бора ваъда қилиб, ўшандан ҳам ўкинган ёрнинг бу ишини қандай тушуниш керак?

Оддий маънода – ёрнинг нозу истиғноси, сўфиёна тарзда эса – аввал бандага жаннатини бериб, сўнг ундан ихрож этганлик, деб тушуниш мумкин.

 

Буки, юз минг фитнакўзлуг бўлса пайдо онсизин,

Қилмағум наззора ҳаргиз, кўзи фаттонимға айт.

 

Яна, ёрдан бўлак юз минг кўзи фитнакор маҳбуба пайдо бўлса ҳам,

Уларга асло назар солмаслигимни кўзи фитнали ёримга айтиб қўй.

 

Бу байт имоннинг негизи бўлган “ло илоҳа иллоллоҳ” калимасининг шеърий талқинидир. Бадиий санъат жиҳатидан эса, биринчи мисрадаги “фитнакўзлик” сўзига наззора (назар солиш, қараш) ва фаттон (фитнагар) калималари таносуб жиҳатидан уйқаш келади.

 

Буки, чок айлаб ёқа, усрук чиқар эл қасдиға,

Мен ўлуб эл жон топар, бебок нодонимға айт.

 

Агар (ул ёр) ёқасини йиртиб, маст ҳолда одам ўлдириш учун чиқар бўлса,

Мен ўлсам, одамларнинг жони омон қолади, шуни бебош нодонимга айтгил.

Лирик қаҳрамон нима сабабдан эл омон қолиб, ўзининг қурбон бўлишини истайди? Чунки, ўлдирса ҳам ёр ўлдирсин дегандай, ўшанда ёрнинг қўли ошиқнинг ёқасига етади, яъни ошиққа ёр назар ташлайди, парво қилади, бу эса бечора шайдо учун зўр мартабага, улуғ мақомга етиш демак.

Даҳр боғи гуллари ҳуснин вафосиз эрканин,

Юзи гул, жисми суман, кўйи гулистонимға айт.

Бу дунё боғидаги гулларнинг ҳусни вафосиз (ташлаб кетувчи) эканини

ўша юзи гулдай, қадди-қомати санобар, кўчаси гулистон ёримга айтиб қўй.

Нима учун шоир – лирик қаҳрамон бу дунё гулларини менсимайди, уларга бино қўймайди? Чунки бу дунё ва ундаги жамики гўзалликлар ўткинчидир, хазон бўлувчидир. Мангу яшнаб турадиган нарса эса ёрдир, унинг юзи гул каби, қомати ёсумандай хуш, кўчаси эса мангу гулистон.

Мана шу жиҳат Алишер Навоийнинг дунёқарашини англашда, ижодини талқин этишда жуда муҳим. Баъзи Навоийшуносларимиз, “шоирнинг барча асарларидан тасаввуф излаш шарт эмас, унда соф дунёвий маънодаги асарлар ҳам бисёр” деган фикрни олға сурадилар. Эҳтимол, у гапларда ҳам жон бордир. Аммо барибир, Навоий ижодининг фалсафий руҳи негизида сўфийлик ғоялари туриши – инкор этилмас ҳақиқатдир. Шоир ўтар дунёга эмас, абадий дунёга эътимод қўйганини шу байтда инжа бир шаклда айтиб ўтган.

Эй Навоий, ҳеч гулшаннинг сенингдек хушнаво

Булбули йўқ эрканин шоҳи сухандонимға айт.

Эй Навоий, ҳеч қайси гулшанда сен каби хушнаво

булбул йўқ эканлигини сўз устаси бўлган подшоҳимга етказ.

 

Булбул – ошиқнинг рамзи. Бу охирги байтни шоир фахрия (ўз ижодидан фахрланиш, шукрона) тарзида битиб, ҳеч қайси ошиқ мен каби хушнаво эмас, буни сухан устаси бўлган шоҳим билиб қўйгани яхши, деб таъкидлаб ўтади.

Пировардида яна бу ғазалнинг ашуласи ҳақида икки оғиз сўз айтсак.

Таажубланарли бир ҳол шуки, ўзбек қўшиқчилигида ҳеч қайси ғазал тўла ашула қилиб айтилмайди. Ҳар қандай ғазалнинг тўрт-беш байтигина куйга солиниб, қолганлари ташлаб кетилади. Бу ҳодиса юқорида шарҳланган тўққиз байтлик ғазалга ҳам тааллуқли: унинг 3-4 ва 6-7 байтлари – қарийб ярми “қисқартирилган”. Бу эса шеърнинг маъноси ҳам 45 фоизга заха олиб, тингловчилар асарнинг ўшанча қисмидан бебаҳра қолишларига олиб келган…

 

Зуҳриддин Исомиддинов

 

боғлиқ хабарлар