ҚАДРИЯТ 

“КЎЗИНГИЗНИ ОЧИНГ, ҚЎРҚМАНГ!”

Шавкат Раҳмон жасур, исёнкор, шерюрак шоирликни тан олади. «Шоирлик — жасорат сўзининг таржимасидир», деб лўнда таъриф бериши бежиз эмас. «Ўлимгача содиқ дўст каби борувчи», «Элнинг бахтига умрини тиккан шоирлар»ни орзу қилиши шундан. Унинг эътиқодича, фақат «Ғалаёнга тўла вужуддан охир дунё бўладир халос». Унинг шеърларида исёнкорлик, ҳужумкорлик, муросасизлик, ғазаб-нафрат руҳининг ҳокимлиги ва бу принципига содиқ, собитлигининг боиси шундан.

Одатда, ижодкор адабиётга ўз эстетик программасини, ижодий принципларини, орзу-идеалини ё бевосита: айтиб, таъкидлаб кириб келади ва амалда буни исботлайди, ёки фазилатини билвосита, яъни воқеаликка, инсонга, замон талабларига мустақил ёндашиши, янги фикр-ғояси, янгича ифода усули билан намойиш қилади. Адабий танқидчиликда шу кунларда ўз эстетик принципларини изҳор этувчи шеър ёзиши нега керак, ўтмишда ёки … мураккаб 20-йиллар бўлса бошқа гап эди, деган танбеҳни эшитиб қоласан. Аввало шуни айтиш керакки, ҳар бир янги туғилган ижодкорнинг воқеликка, инсонга ва жамиятга эстетик муносабати, ҳаётнинг қайси жиҳатларига диққат қилиши, замон руҳини, жамиятнинг маънавий эҳтиёжини, тарихини теран идрок этиши ва халқнинг орзи-интилишларини чуқур ҳис этиши ҳамда ўзини шу жараённинг иштирокчиси деб билиши, ижодий йўлини аниқ белгилаб олиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ижод жараёни, камолот йўлларида бу ният янада йириклашиб, тиниқлашиб, эзгулашиб боради. Улуғ Навоий ёки Маяковскийларнинг шоир ва шеърнинг жамиятда тутган ўрни тўғрисидаги асарлари қатор тадқиқотларга асос бўлгани бежиз змас. Ахир Навоий «Хамса»навислар билан ижодий принцип бобида жиддий баҳс қилибгина қолмади, балки шу билан бирга ўз «Хамса»си  билан шу принципларни, ўз позициясини даҳоларча исботлади. В. Маяковскийнинг шеър ва шоирнинг гражданлик бурчи ҳақидаги шеър-фикрлари замондош қаламкашлар учунгина эмас, авлодлари учун ҳам оловли ўгит бўлиб қолди.

Баъзан бунинг акси ҳам бўлиши мумкин. Баъзи ижодкорлар ўз шеърларида ва адабий-публицистик мақолаларида катта ваъдаларни беришади, халқ ва ватан учун жоним фидо деб кўкрагига уришади, амалда ўз асарларида майда фикрларни айтиб қофиябозлик қилишади, халқ ҳаётидаги долзарб, қалтис масалалар хусусида ўзларининг принципиал, кескин сўзларини айтишга журъат этишмайди. Бундай сўзи бошқа-ю, иши бошқа қаламкашлар ҳеч қачон ижодий баркамоллик ва эътибор топмаган.

Кейинги ўн-йигирма йил орасида поэзияга кириб келган янги авлоднинг ўз ижодий программасини алоҳида таъкидлашлари ва қаттиқ ҳимоя қилишларида яна бошқа қатор сабаблар бор. Улар шеъриятни мислсиз қудратли кураш қуроли, шоирни эса жамият тақдири, эртасига жавобгар шахс деб идрок этдилар, шеъриятда ҳукм суриб келган баландпарвозлик, тантанаворлик, мадҳиябозлик, сийқаликни тан олмадилар. Ҳаётни бутун зиддиятлари, драматизми, фожиалари билан, инсон қалбини бор мураккабликлари билан ёритишни, замоннинг долзарб жумбоқлари, масалалари тўғрисида  бор гапни. ҳақиқатни ёзишни, жамиятни маънавий камол топтиришни бош  вазифа қилиб олдилар, Яқин-яқин йиллардаям, … шу янги авлоднинг бирини ҳаёт фожиасини акс эттирувчи мунгли шоир деб, бошқасини воқелигимиздаги иллатларни қабартириб тасвирлайди, яна учинчисини шаккок, шарм-ҳаёни унутди, деб, улар ижодидаги инқилобий йўналишни, новаторона изланишни, тизгинлаб қўйишга уринилди. Мана шундай сабаблар янги авлод гражданлик қиёфасидаги жасурлик, жанговарликни бўғишга уринишлар янги авлод вакилларини шеър ва шоирнинг бурчи хусусида очиқ, жиддий баҳсга тортган бўлса керакки, буни Шавкат Раҳмоннинг «Ўйғоқ тоғлар» номли лирика китоби – шоирнинг ўн беш йиллик ижодий маҳсулоти мисолида яққол кўришимиз мумкин. Аввало у – шоир сўзининг улуғ қудратига қаттиқ ишонади: инсонни озод қилувчи, уни маънавий баркамолликка кўтарувчи, Ватанни комил этувчи, она заминни асровчи куч – имкониятни шу сўзда ҳис этади. Бунинг учун, дейди, «овози тошларни ёрар куйчилар, сеҳргар шоирлар керак». Шунинг учун «Қўшиқ» шеърининг лирик қаҳрамони «қўшиқлар дунёни асрамоғига ишониб» илҳом билан қўшиқ айтади. Ҳаққоний ва исёнкор сўз инсонни жасоратга, эзгу ниятлар учун фидойи курашга сафарбар этади. «Интернационал» шеъри:

Бу қўшиқ ажойиб қўшиқдир,
Сўзлари куйдирар томоқни,
Ўлимни назарга илмайсан,
Сезмайсан сургуну қамоқни.

Шавкат Раҳмон жасур, исёнкор, шерюрак шоирликни тан олади. «Ўлимгача содиқ дўст каби борувчи», «Элнинг бахтига умрини тиккан шоирлар»ни орзу қилиши шундан. Унинг эътиқодича, фақат «Ғалаёнга тўла вужуддан охир дунё бўладир халос». Унинг шеърларида исёнкорлик, ҳужумкорлик, муросасизлик, ғазаб-нафрат руҳининг ҳокимлиги ва бу принципига содиқ, собитлигининг боиси шундан. Сўнгра «сўзларни қайрайлик токим кескир бўлсин бамисли олмос» ёки «Ёлғон шеър айтишдан қайтсайди шоир» деган ижодкор чиндан ҳам кескин, журъатли ва ҳаққоний сўзлаш йўлидан боради. У «кичкина ташвишлар исканжасида» овора бўлиб, халқнинг, даврнинг долзарб дард-ташвишларини унутган шоирларни мутлақо хуш кўрмайди. Бундайларни ҳушигз келтириш учун «наъра тортайлик, фарёд қилаймикин осмонни йиртиб» дейди. Шоир юрагини ҳар доим безовта қилган ва уни исёнли йўлга чорлаган саволлар туради:

Кимни бахтли қилдим,
Кимни умидвор,
Кимларга кўнглимни ёриб сўйладим.
Мен нима беролдим, мозий қаъридан
Чўзилган саноқсиз ожиз қўлларга?

Енгилроқ қилдимми оғирлигини?
Айтдимми кимларнинг асл дўстлигини,
Кимларнинг ҳақиқий ёғийлигини?

Шоир воқеликни бутун мураккаблиги, ўткир зиддиятлари, инсоннинг қалбини бутун ички коллизиялари, драматизми билан бадиий тадқиқ этиш орқали ҳаққонийликка эришиш мумкинлигини теран туяди. Рангин дунёни ҳаққоний чизиб берган ижодкоргина «буюк шоир», «буюк мусаввир бўлиши» мумкин. У оламни контрастли идрок этар экан, диққати қора ва ёруғ рангга қаратилади. Унинг шу контрастли, образли тафаккури шеъриятига қора ва ёруғ образларни олиб киради. Адолатсизлик, ноҳақлик, турғунлик, жаҳолат, юлғичлик, зулм, қисқаси ёмонлик қора, қоронғулик бўлиб туюлди, поклик, беғуборлик, диёнат, виждон, имон, ғурур ва сурур, олий эзгу орзулар учун курашини ёруғлик сифатида ҳис этди. Нурнинг – қуёшнинг эса ҳаёт, тириклик манбаи эканлигига мафтун бўлди. «Офтоб ва офтоб ҳақида афсона» асарида «офтобнинг бағридан тушди тулпорлар», «кўкка сапчирди бир асов оқимга айланган отлар», «ёллари тирик аланга» деган ва «Отларга қиёсий қасида» манзумасида отни «шаклга қамалиб қолган аланга» деган образлари бор. Шоир бу образга социал ва фалсафий маъно юклайди. Офтоб отга (ва инсонга) ҳарорат-кучни, шижоатни олий мақсад учун («ҳурликка интилсин, гўзал оламларга қилсан саёҳат») сафар қилсин, деб берган. Афсуски, сайёдлар улардан пок ниятлар учун фойдаланмади, «қўҳна кекларини туғдай кўтариб, бир-бирин шафқатсиз қирди элатлар». Шу туфайли бу от «кўзлари ғамгин» ва «буюк офтобга қайтмоқчи». От, демак нур тушкунлигини сира-сира хоҳламайди, шунинг учун «бир нафас отга айлансак, энг бахтли, энг эркин зотга айлансак», дейди. Шоир «Нур» шеърида масалага яна чуқурроқ ёндашади: нур тушмаган ерда ҳаёт, яхшилик йўқ ёки диёнат, имон кўтарилган ердан нур ҳам қочади, демоқчи бўлади. Халқ ёмон одамларни бекорга «нурсиз одам», «истараси совуқ» деб айтмайди. «Нур» шеърида шоир нурнинг қайтиб кетишини мана қандай изоҳлайди:

Нечун ерда мангу қололмас,
Хомушланар нечун кетар чоқ?
Зулмат босган қалбларимизда
Қадр-қиммат топарми камроқ?

Ёхуд кўрмас ростликни асло,
Ёхуд кўрмас диёнат, ғурур,
Балки шундан мангу қололмас,
Балки шундан қайтиб кетар нур.

Шоир илк шеърларидан бирида «дунёдаги барча қора нарсани ёруғ лаҳзаларда ўлдириб», «бош кўтариб қарай қуёшга, токим кўзларимда ёнсин ҳақиқат», деб онт ичиши бежиз эмас. Шундан келиб чиқиб у одамларга қора нимаю ёруғлик нима, яъни ҳаёт ҳақидаги ҳақиқатни тушунтирмоқни, кўзлари очиқлигича ухлаётганларнинг» «руҳини уйғотмоқни», оламни ғафлатдан огоҳлантирмоқ»ни ўз олдига бош вазифа қилиб қўяди. Эҳтирос билан уларни келажак сари ҳаракат қилишга, интилишга, курашга чорлайди. Шеърларининг талайгинасининг иккинчи шахсга қарата, монолог тарзида, мурожаат, чақириқ, самимий суҳбат шаклида ёзилиши шундан («Кўзингизни очинг, кўрқманг, зиёдан қамашсин, оғрисин, майли, майлига яшамак бўлсин қийинроқ очиқлиги туфайли» тарзида). Шоирнииг сарбастга мойиллиги ҳам фикр ва туйғу, ҳиссиётининг қайноқ, ранго- ранглигидандир.

Ҳар доим буюк бурилиш, инқилобий даъволарда шоирлар халқни уйғониш – фаол курашга ташвиқ этишган. Бизнинг кунлар ҳам худди шундай, курашчан инсонларни талаб қилади. Шавкат Раҳмон «Давра» шеърида кайфу сафодан бош кўтармаганларни кўриб ҳайратланади. «Ҳар нарсага…» шеърида лоқайд, адолат ва диёнатнинг оёқ ости бўлишига бефарқ қараб шон-шуҳрат топган кимсага аччиқ кесатади:

Кўзингни юм,
Қулоқни  беркит —
Кундуздан-да ёруғдир йўлинг.
Бир кун келиб алқару сени
Юксакларга кўтарар кўрлик.

«Ёш ўзбек шоирларига» шеъридаги ибора билан айтганда бу кимсалар «ғафлат тўшагида ётганлар»дир.

Шоирнинг «Автобусдаги ўйлар» сарлавҳали шеъри бор. Автобус рамзий образ бўлиб, аслида ҳаётимиз назарда тутилади: ҳар хил ёшдагилар йўлда кетмоқда. Уларни Ватан тақдири ва дунёда юз бераётган катта воқеалар қизиқтирмайди. Қани энди бирортаси «жоним, она ерим» десаю, шоир ўз юрагини қувончдан унга юлиб берса. «Кўзлари очиқлигича ухлаётганлар»ни кузатар экан, ташвишли савол қўяди.

Шулар ўйлармикан тупроғимизни,
Шулар кўтарарми элнинг юкини?

«Ёш тоғлар», «Учаётган одам» шеърларида яна шу мавзуга қайтади. У ёшларга умид ва ишонч билан қарайди, «ҳамон мириқиб ухлаб ётган содда болалар»нинг Ватан олдидаги фарзандлик бурчини, албатта, бажаражагига имони комил. «Учаётган одам» шеъри муносабати билан Шавкат Раҳмон шеъриятидаги яна бир неча образга эътиборни тортмоқчиман. Бу «қуш» ва «йўл» образлари. Булар ўша «нур» образига жипс боғланади. Шоир олий мақсад сари қушдай, нурдай учиб тезроқ етиб боришни орзу қилади. Табиат беғубор, гўзал, қудратли бўлгани учун шоир унга интилади, гоҳ оқар сув, гоҳ ҳар томонга чуқур томир отган чинорга, гоҳ мағрур ва ўйчан, сабрли, қудратли тоққа, гоҳ эркин, парвози баланд қушга айлангиси келади.

Шу фазилатлар аслида инсонга ҳам хос, фақат буни кўплар унутиб қўйишган. Халқ тушида учган одамни тилаги юксак деб бекорга айтмайди, курашчан одамлар тушида қушлардек учади. «Учаётган одам» шеърида шу тушида учаётган одам тўғрисидаги «Қуш эдим ўт билан ўйнашган бир қуш, балки ўт куйдирган қанотларимни» мисралари юнон  афсонасидаги қаҳрамон – Икарнинг қуёшда эриган қанотини эслади.

Шоирнинг одамни қушга ўхшатишидан аниқ мақсади бор: майда туйғулар, оддий турмуш ташвишлари билан овора бўлиб, замон дарди, халқнинг эртаси билан иши йўқ ғофил бандаларга кўзингни оч, кимлигингни унутма демоқчи бўлади:

Биларсиз, бемалол ухлаётганлар —
Қуёшдан тўралгансиз, десам, устимдан
силкиниб-силкиниб куладиганлар?

Билсангиз,
шу тобда жисму жонимни,
заҳарга айла
ниб ёқар қонларим.
Қушдай бўзлаб учдим бошларингизда,
Қушлигин унутган, оғажонларим.
Зора эсласангиз,
Зора, тилагим,
балки насиб бўлар сизлар-ла учмак.

Дарвоқе, мазкур шеърдаги шоир нияти нишонга текканини шундан ҳам билиш керакки, Рамз Бобожон яқинда Ш. Раҳмоннинг юқоридаги шеъридаги охирги «чунки мен одаммас, чунки мен қушман» мисраларини эпиграф қилиб олиб, унга жавоб ёзди. Рамз Бобожон шоир ҳамма нарсани жонлантира олиш, лутф қилиш ҳуқуқи, имкониятига эга эканлигини яхши билади. Шавкат Раҳмон ҳам «шоирнинг ўткир кўзлари» тошнинг гуллаганини ҳам кўриши керак, дейди. «Уйғоқ тоғлар» тўпламида шоирона хаёл, фантазия, орзу билан ёзилган шеърлар кўп, шоирнинг образли тафаккури шундай аслида. Рамз Бобожон бу лутфга эътироз билдираётгани йўқ, аслида. Буни унинг «Эътироз» шеъридаги:

Хаёлсиз ҳаёт йўқ,
тирикка бу хос,
Шоир эса хаёл бандаси.
Шундан кўз деганим боғдаги чарос,
Тонгги еллар бола хандаси…
Хаёл денгизида одам бир елкан,
Қушлардан тез учиб боради,
Тушлардан тез учиб боради,
Кўринмас қанотлар беқиёс,
кўркам… —

мисраларидан ҳам билиш мумкин. Рамз Бобожон қаламкаш укасини қалтис қадам босма, бунчалик кескин кетма, ўзингга ёмон бўлади, деб огоҳлантирмоқчи бўлади («Қанотингни ўтга олдирмасанг, бас»).  Бу – Шавкат Раҳмон шеърларидаги журъат, инқилобий руҳ, курашчанлик фазилатига зид.

Халқда бахт қуши ҳақидаги қанча-қанча эртак, афсоналар бор, ҳаммасининг хулосаси шуки, бахтни фақат курашиб, меҳнат қилиб қўлга киритиш мумкин. Шавкат Раҳмон ҳам ана шу маънавий анъанага суянади  (бир шеърида «муҳаббат бир гўзал қушчадир» дейди). Бу образни «Йўл» образи билан узвий боғлиқ, дедик. Олий мақсад йўлидаги парвоз осонликча юз  бермайди. Шоир ана шу йўлдаги мушкулликларни, ғовларни кескин, конкрет ва равшан тасвирлашга интилади. «Инқилоб йўлларида» шеърида ўша ғов бўлган  кимсаларни бўрига қиёслайди ва бу образ шеърнинг бошидан охиригача марказий образлардан бири сифатида иштирок этади. Аслида шоир юрагида диёнатни оёқ-ости. қилганлар бўридан ҳам баттардир, деган фикр ётади. «Қалин шохлар аро ялтираб» шеърида овчи ва бўри образлари бор. Овчи бўрини отади. Овчи бўридан ҳам ваҳшийроқ туюлади шоирга: «Титроқ босган  ўрмон ичида узоқ инграр ярадор одам», деб бўрини одамга ўхшатади. Бу фикрни янада таъкидлаб кўрсатиш мақсадида «елкасида қўшоғиз милтиқ чиқиб кетар ўрмондан бўри», дейди.

…Шавкат Раҳмон ҳаётимиздаги иллатларни фош этувчи ва юз бераётган инқилобий жараённинг инсонпарварлик моҳиятини очувчи кўпгина шеърлар ёзди. «Муроса, мадора ташвишлари-ла» шеърида турғунлик  даври кишисининг образини чизади: ўсишдан «тўхтаган одам» у, «дидига оламни мослаган», келажакни эмас, балки «ўз ташвиши»ни ўйлаган, «каззоблик, ғарлик қилган», «инсонлар ёдин булғаган» кимсадир. Шоир бундайларни қаҳр-ғазаб билан фош қилар экан, имонли одамларга, соғлом янги авлодга умид-ишонд билан боқади. Сабаби ярамас зотлар «келажак чўкаётганда» сақлашга қўл чўзиш уёқда турсин, аксинча, ҳалокатга йўл очади. Шоирнинг инсонга талаби жуда катта: унинг учун ҳатто «фақат яхши бўлмоқ жудаям камдир, жуда камлик қилар яшамоқ ҳалол».

Шоир бошқа бир шеърларида ўзи орзу қилган, идеал деб билган одамлар образини гавдалантиради. Бу одамларни тоғ, чинорларга муқояса қилиб, «улкан одамлар», «олий кишилар», «буюклар», «даҳолар» дейди. Улар диёнатли, пок, диллари кабир, фидоий, дўсти, халқ ва Ватани учун жонини беради, улар эркка, адолатга сажда қилади, уларга мутелик, димоғ, таъма ёт. Шоир «кичкина ташвишлар исканжасида» қолганларни «митти даҳолар», дейди («Чинор кўринишлари»), «Баланд дарахтлар» шеърида «паст дарахтларни» ҳалокатдан асраганлар ҳам шу улкан дарахтлардир, ‘ дейди. Она ерни эъзозлаши заминида ҳам шу ҳақиқат ётади, яъни «буюклар яратган» кураш шу заминдир, шунинг учун «ернинг буюк хотирасини» кўз қорачиғи- дек асрашга чақиради. У она юрт тарихини руҳий таянч сифатида қадрлайди. У кишида «ғурур ё ҳайрат» туғдиради, «ботирларни уйғотади» («Асотирлар китоби»), «Маҳмуд Торобийнинг бир хоин юртдоши хусусида айтганларидан» шеърида хоинни «бўғиб ташларман, келажак кўрмасин сендай беорни», дейди. Маҳмуд Торобий тили орқали шоир она Ватанни ёвлардан садоқат, фидойиларча асрашга чақиради. «Афшонадаги Ибн Сино ҳайкалига» шеърида ҳам шу руҳ ётади. Бу улуғ одамлар авлодлар учун «тирик бир имон» («Қизилқумда бир кун»).

«Тоғ» образи ҳам ота-боболар — улкан одамлар руҳи боҳийдир, халқ ҳам шу тоғлар каби қудратлидир, деган ғояни ўтказишга хизмат этдирилади. Бир шеърида «Балки тоғлар улуғвор ернинг қотиб ҳолган кўҳна нафрати», деса, бошқа асарида «бағри тўла ғалаён», «ўша мағрур», «ўз тинчини бузган ёвларни ўлдиради тоғлар шафқатсиз», дейди. «Аравон кўринишлари» шеърида тоғларни чўккан нортуяларга ўхшатади (яна тасаввурга йўл ва карвон келади). Минг йиллардан буён «метин туяларни йиқолмас тўплар», яъни халқ ўлмас, абадийдир. «Аравон кўринишлари» шеъри юртга катта меҳр-муҳаббат ва юртдошларига чексиз ишонч-умид туйғуси билан ёзилган. Элини «қудрат» деб таърифлайди, дарёларидан оққан сувни «элнинг тилидаги ўлмас қўшиққа» ўхшатади, тутлари ҳам «исёнкор», йигитлари эса «афсонавий жангчилар» каби нигоҳлари ўткир, одими шаҳдам, барваста», «жиддий қатъият бор чеҳраларида», «кўзлари мардона», болалар эса «қуёш қўрлари»дир:

Мана, юрагида диёнатини
бокира
қизларнинг номуси каби
сўнгги нафасгача пок асрагувчи
вазми
н, иродали одамлар сафи.
Қудратли юраклар зарбини уқдим,
Уқдим тоқатларин, уқдим кўзларин.

Шоирнинг Ватан, табиат, одамлар,тарих ҳақидаги шеърларининг ҳаммаси эзгуликни,гўзалликни, адолат, инсонийликни улуғлаш, «кимларнинг асл дўстлигини, кимларнинг ҳақиқий ёғийлигини» кўрсатиб беришга, одамларда ўзлигини таниш, Ватанни қадрлаш, халқини ардоқлаш, олий ният йўлида фидойиларча курашчанлик «руҳини уйғотиш»га йўналтирилган. Ижодкордан қоладиган шу эзгуликни «абадий нурлар», деб таърифлайди. Барибир шоир шеърларининг қон томиридан «Бу диёр шу қадар улуғ бўлса-да, улкан одамларга нақадар зордир», деган армонли фикр оқиб туради.

Шеърда қанчалик оригинал, оҳори тўкилмаган образ яратилмасин, агар – асардаги мазмун билан жипс боғланмаса, шоирнинг мақсад – идеалини ифодалашга хизмат этмаса, бефойда тураверади. Шавкат Раҳмон  образлари асар моҳиятидан туғилади, улар ҳам ҳаракатчан, курашчан. Манна, чинорни «Ернинг шохлаб кетган нидоларими ё ерга санчилган даста чақинми», деб таърифлайди. Ёки «тулпорлар ёллари тирик аланга», «ҳарсиллар, гулдурар ўжар қўтослар, жон кириб қутурган тоғларга ўхшаб», «адирлар уммоннинг  бир кўтарилиб мангуга тўхтаб қолган тўлқинларидир», анорни «Ернинг қонга бўялган мушти», дарё қирғоғидаги тошларни «сув ичгани келган қўйлардай» деб чизади ва ҳ. к. Ҳаммаси манзарали, оловли ва парвозли образлар.

Шоирнинг аввалги шеърлари билан кейингиларини қиёслаб, ижодининг такомилини илғаш мумкин. Аввал табиат манзараси орқали инсон руҳиятини, ундаги социал дардни айтиш устун эди, тасвирийлик, сербўёқлик, рамзийлик, фалсафийлик кучли эди, қочириқлар кўп эди. «Муқаддас ҳислар» – одамийлик, меҳр-оқибат, поклик, ғурур, диёнат, улуғланди. Қейинги шеърларида таҳлилийлик, фикрий теранлик, ўткир конфликтлилик, исёнкорлик, публицистик руҳ кучайди, тили кескирлашди.

Жасорат, исёнкорлик, ёмонликка шафқатсиз кураш руҳи, ҳақиқатни, диёнатни, покликни фаол ҳимоя этиш, халқини юксак орзу-армон сари чорлаш туйғуси унинг шеърига ўзига хос жозиба бахш этиб туради.

 

Муаллиф ҳақида:

Салоҳиддин Мамажонов (1931, Қўрғонтепа тумани — 2005, Тошкент) — адабиётшунос олим. Ўзбекистон ФА академиги. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1982), филол. фанлари д-ри (1968), проф. (1972). Фарғона педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тугатган (1952). Ўзбекистон ФА Тил ва адабиёт институтида илмий ходим (196268), бўлим бошлиғи (1968-2000). С.Мамажоновнинг асосий илмий ишлари шеърият, проза, драма, болалар адабиёти муаммоларига қаратилган. У ўзбек адабиётининг совет давридаги тарихига бағишланган тадқиқотларнинг яратилишида фаол иштирок этган. Олим Ғафур Ғулом ижодига бағишланган илмий асарлар («Шоир ва замонавийлик», 1963; «Ғафур Ғулом прозаси», 1966; «Услуб жилолари», 1972), Ҳамид Олимжон ҳақидаги «Шоир дунёси» (1972) ҳамда Шароф Рашидов романлари таҳлилига бағишланган «Лирик олам, эпик кўлам» (1979) каби асарлар муаллифи. 90-й.ларда Салоҳиддин Мамажоновнинг Беҳбудий, Фитрат, Ҳамза Ҳакимзода, Чўлпон, Элбек, Боту, Шавкат Раҳмон сингари адиблар ижодига бағишланган рисола ва мақолалари эълон қилинган.

боғлиқ хабарлар